Ўзбекистон | 13:29 / 24.09.2020
18977
3 дақиқада ўқилади

Намангандаги Hyundai заводи қурилиши шу йил октябрь ойи охирида бошланадиган бўлди

Наманган шаҳрида Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳузуридаги Корейс-Ўзбек ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон ва вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида «Наманган» эркин иқтисодий зонасида «Hyundai» тижорат автомобилларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бўйича лойиҳани амалга оширишнинг кейинги амалий босқичлари бўйича келишувларга эришилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Хабар қилинишича, учрашувда «Hyundai Motors» Жанубий Корея компаниясининг инвестицион лойиҳанинг техник параметрларини ҳал этишига қараб, лойиҳани амалга оширишни 2020 йил октябрь ойининг охиригача бошлаш мўлжалланаётгани таъкидланган.

Шунингдек, объект қурилиши бўйича режалар билан танишиш мақсадида «Наманган» эркин иқтисодий зонасидаги автомобиль заводи учун ажратилган ҳудудга ташриф амалга оширилган.

Наманганда Жанубий Кореянинг «Hyundai Motors» компанияси билан биргаликда завод барпо этилиши ҳақида сўнгги икки йилдан буён гапирилмоқда.

2018 йил 17 ноябрда Тўрақўрғон туманида «Hyundai» тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводини қурилиш лойиҳаси бошланишига бағишланган «Тамал тоши қўйиш» маросими бўлиб ўтган эди.

Корея Республикасининг «Hyundai Motor», «Evergreen Motors» ва «Posco-Daewoo corporation» компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод, 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришни бошлаши маълум қилинган эди.

Заводда дастлаб йилига 400та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилиши, босқичма-босқич бу кўрсаткич 2500тага етказилиши, маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилгани, дастлабки босқичда 150та янги ишчи ўрни яратилиши, завод тўла ишга тушганда мингдан зиёд иш ўрни яратилиши эълон қилинган эди.

2019 йил 19 апрель куни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Hyundai Motor Uz Namangan” қўшма корхонаси заводи қурилиши бошланишига бағишлаб вақт капсуласи қўйиш маросими бўлиб ўтган эди.

2019 йилнинг октябрь ойи сўнгида Намангандаги Hyundai заводи қурилишини жадаллаштириш бўйича қўшимча инвестицион шартнома имзоланган, Hyundai тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводидан илк маҳсулотнинг чиқиши 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга ошиши белгилаб олингани маълум қилинган эди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид