Business class | 20:30 / 22.12.2020
74275
8 дақиқада ўқилади

«Ҳозир тадбиркорнинг шахсий имижи компания брендидан муҳимроқ» — бизнес-мураббий Ихтияр Досметов

«Олдин компания номи муҳим эди, бугун эса бизнесдан кўра бизнес эгасининг имижи муҳимроқ. Энди компания рекламаси камлик қилади. Биз агар бирор шахсга ишонсак, у ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ҳам ишонамиз», – дейди халқаро тоифадаги бизнес-тренер Ихтияр Досметов.

Ўзбекистон бизнес оламида ҳам бизнес-тренинглар тобора оммалашиб бормоқда. Шу билан бирга, ҳар қандай янгилик билан бўлгани каби, бизнес-тренерлар ҳақида ҳам турлича фикрлар бор.

Хўш, бизнес-тренер аслида ким ва у тадбиркорга қандай амалий ёрдам бера олади? Биз шу мавзудаги саволларга халқаро тоифадаги бизнес-тренер Ихтияр Досметовдан жавоб олдик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Бизнес ва шахсий ривожланиш бўйича ўзбек миллатига мансуб биринчи халқаро спикерман. Бизнес ва шахсий ривожланиш бўйича ёзилган «Қадам-бақадам» китобимни ҳам биринчи бестселлер деса бўлади. Эксперт сифатида ҳозирги кунда халқаро тоифадаги бизнес мураббийиман», – дейди Ихтиёр Досметов.

– Бошқа тренерлардан фарқли жиҳатингиз нимада, деб ўйлайсиз?

– Кўпчилик бизнес-мураббий бўлиш бир одамни бой қилиш деб ўйлайди. Аслида, мураббийнинг вазифаси – инсонга кўникма ўргата олиш.

Фарқли жиҳатим шундаки, мен шахсий ривожланишга кўпроқ урғу бераман. Ўзбекистонда шахсий ривожланиш бўйича тренерлар жуда кам. Иймоним комилки, ҳамма нарсанинг тагида инсоннинг шахс сифатида ўсиши ётади.

Бизнеснинг зўр бўлиши бизнесменга боғлиқ. Аммо у шахсий ривожланмаган бўлса, қайсидир босқичда барибир тўхтайди. Тадбиркор биринчи бошлаши керак бўлган ўқув – шахс сифатида ривожланиш, юксалиш.

Шахс қанча яхши ривожланган бўлса, ўз соҳасининг шунчалик зўр эгаси бўлиб бораверади. Мен аминманки, ҳамма сир шу ерда. Самолётга чиқсангиз ҳам хавфсизлик қоидаларини тушунтираётган пайтда авария ҳолатида маска берилади ва ўша маскани биринчи ўзингизга тақинг дейишади. Чунки ўзини қутқара олмаган инсон фарзандларини қутқара олмайди. Бу ҳам шунга ўхшаган нарса.

– Яхши китоб ўқиганда, яхши фильм кўрганда ёки яхши тренингда қатнашиш давомида инсон ўша китоб, фильм ёки тренингнинг ўзгача муҳитига тушади, мотивация олади, фикрлаши ўзгара бошлайди. Лекин китобни ёпиши билан, фильмни кўриб тугатиши билан ёки тренингдан сўнг бирмунча вақт ўтиб, яна аввалги реал ҳаётига қайтади.

– Мен бу борада бироз бошқача фикрлайман. Бизнес мураббийининг асосий вазифаси – мотивация бериш эмас, қандайдир кўникмани ўргатиш. Нотиқлик орқали тингловчини руҳлантириш – бу инструмент, холос.

Халқаро спикер бўлиш учун биз қайсидир босқичлардан ўтганмиз. Нотиқлик, зални ушлаб тура олиш, инсонлар эътиборини жалб қила олиш кабилар – шунчаки восита. Агар инсонларга кўникма бера олмасангиз, барчаси бефойда.

Ҳамма гап унинг муаммоси ҳал бўлишида. Агар бундай бўлмаса, у барибир тренингга қайтиб келмайди. Сиз ўша инсонни ўз муаммоларини ишонч билан ҳал эта оладиган даражада тарбиялашингиз керак.

Бизнес-тарбия – бу қайсидир вазиятларда руҳан тура олиш, қандай қилиб ўзини энергияга тўла ҳолда ушлаб тура олиш, тажриба алмашиш, бизнесмен бизнес-учрашувларда ўзини қандай тутиши кераклиги. Лекин буларнинг барчасини тадбиркор била олмайди. У тадбирини қилиши керак, аслида. Қолганларини биз ўргатамиз.

– Эгасининг кимлиги номаълум бизнеслардан кўра, эгаси кимлиги аниқ бизнеслар муваффақиятлироқ дейишади. Чиндан ҳам шундайми?

– Албатта. Олдин компания номи муҳим эди, бугун эса бизнесдан кўра бизнес эгасининг номи ва имижи муҳимроқ. Шахсий бренд муҳимроқ. Яъни дунё шахсият томонга қараб юряпти.

Бизнес эгаси маълум бўлиши шарт эмас, лекин маълум бўлса, бизнес яхшироқ юради. Украиналик бизнесмен Евгений Черняк бир чиқишида айтдики, шахсий бренд қуриб, YouTube'га чиқишни бошлаганида компаниясининг савдоси 2 баробарга ошган экан – айнан бизнесменнинг номи чиққани учун.

Компаниянинг рекламаси камлик қилади ҳозир. Биз бугун шахсга ишонамиз. Агар шахсга ишонсак, у ишлаб чиқараётган маҳсулотларга ҳам ишонамиз. 10 нафар бизнесмен бир хил маҳсулот чиқараётган бўлиши мумкин. Лекин ичида қай бири шахсий бренд қура олса, энг камида 5-10 баравар баландроқ юради.

– Тренингларга ва мураббийларга нисбатан алдоқчи деган қараш бор. «Улар гапирадиган гапларни ўзим ҳам биламан», деб ишонадиганлар талайгина. Бу ҳақда нима дейсиз?

– Бизда менталитет кўп нарсага ишонмайди, аслида. Мен ҳам худди шу фикрлар билан катта бўлганман. Ўн йил аввал тренинглар бошлаганимда таклифнома тарқатганимизда ҳам 6 киши йиғиларди. Ҳозирги кунда минглаб одам йиғилади, биз ўзимиз тўхтата олмаймиз.

Нега? Ўша бошидаги олти киши тренингдан фойда олгани учун 12 нафар бўлди, кейин улар 50 нафар ва ҳоказо. Халқимиз буни энди-энди тушунишяпти.

Тадбиркор турли касб эгаларига қараганда ўн баробар кўпроқ ўқиши керак. Ҳозир бизнесменлар ҳам тушуниб қолди. Ўз устида ишламаса, бизнеси маълум босқичда тўхтаб қолади.

Сиз айтган қарашлар ўзгарган, деб айта олмайман, аммо бирмунча яхшилангани шубҳасиз.

– Тадбиркорларда ўз ишига шунчалик берилиб кетганидан, ҳолдан тойиш ҳолатлари кузатилиб туради. Энергияни, ҳаётга чанқоқликни, кучни сақлаган ҳолда, барчасини бирдай олиб бориш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

– Албатта, мен «Қадам-бақадам чексиз имкониятлар сари» китобимда ҳаётнинг тўрт жабҳасини ёритиб кетганман: молия, инсонлар билан муносабатлар, соғлиқ ва энергия, шахсий ривожланиш.

Шу тўртала жабҳада гармония бўлмаса, инсон бахтли бўлмайди. Уйғунлик бўлсагина инсон юксалиб бораверади.

Тўртинчи жабҳа – шахсий ривожланиш – энг асосийси, қолган жабҳаларнинг пойдевори. Ҳар бирининг ўз таълими бор.

Бизнинг менталитетда муваффақиятнинг бошқача тушунчаси ҳам бор: ҳовли, машина, яна нимадир... Омма муваффақият деб билган нарсага интиламиз, аслида. Бу нотўғри.

– Ўз бизнесингиз борми?

– Албатта. Мен ICC халқаро кастинг маркази раҳбариман. Ҳозирги кунда Россия ва МДҲ давлатларидаги кастинг бўйича энг йириги бизнинг компаниямиз. Биз 600дан кўп компания билан ҳамкорлик қиламиз.

Ҳозирги кунда офисимиз Алмати шаҳрида. Энди кенг кўламда ишлаш имконияти ва дунё маркази бўлгани учун Лондонга кўчяпмиз. Тўғри, у ерда катта рақобатчилар бор, лекин ниятимиз улкан.

Бунга катта инвестиция, катта куч ва катта жамоа сафарбар қилинган. Бу мени беш йил қийнаган. Қийин бўлгани сари шу нарсани қилгим келяпти. Банкрот ҳам бўлганман, менга 1 млн 200 минг доллар зарар ҳам келтирган. Ваҳоланки, ҳамма нарса нолдан бошланган.

Бугун катта маблағ эвазига Лондонда очилиб, катта тармоқда ишламоқчимиз. Бутун дунёдаги продюсерлик марказлари, киностудиялар, моделлик агентликлари – ҳаммаси билан ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор. Ҳамма соҳа бўйича. Масалан, сизнинг соҳангиз (медиа) бўйича ҳам.

Менинг энг катта орзум – ўзбек бизнесмени моделини яратиш. Қаерга боришимиздан қатъи назар, ўзбек бизнесмени формасини яратиш. Ҳамкорлик қилишни исташса, аниқ билишсинки, ўзбек бизнесменлари – ишончли, ҳалол, тўғри ва энг муҳими, тажрибали ва зўр кўникмаларга эга, бизни уялтирмайдиган.

Бизнес ишонч орқали ривожланади. Бизнесмен ривожланса, жамият ривожланади. Агар минг нафар бизнесмен ҳақиқатан кучли бўлса, у нечта-нечта оилани боқади, нечта-нечта ходим ёллайди, жамиятга ёрдам беради.

Бизнинг клубимиз миссияси ҳам жуда катта. Ва бу ҳар йили бўлади. Керак бўлса, ухламаяпмиз ҳам. Чунки бу лойиҳани қилиш керак. Тадбиркорларга ҳам айтган бўлардим, 1 январдан бошлаймиз. Лойиҳа бир йил давом этади. Ўша вақт давомида мен бизнес ва шахсий ривожланишдан дунёни кезиб топган билимларимнинг ҳаммаси билан бўлишаман.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жамшид Абдиев.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид