Ўзбекистон | 19:32 / 15.12.2025
24179
4 дақиқада ўқилади

Киши бошига табиий бойликлар: Саудияда 1 млн, Россияда 520 минг доллар. Ўзбекистонда-чи?

Ўзбекистон ерости бойликларининг салоҳияти 3 трлн долларга баҳоланган. Мамлакатда 100 тадан зиёд олтин кони бор, вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган.

Фото: ОКМК

Бир неча кун олдин аҳоли жон бошига тўғри келадиган табиий ресурслар қиймати бўйича етакчи мамлакатлар рўйхати ҳақида хабар берилганди. Рейтингда нефт ресурсларининг энг катта захираларидан бирига эгалик қилувчи Саудия Арабистони биринчи ўринга жойлаштирилган. Қиролликда бир киши ҳисобига 1 млн доллар қийматдаги табиий ресурслар тўғри келади. Иккинчи ва учинчи ўринларни Канада ҳамда Австралия банд этган. Ҳар икки мамлакатда табиий бойлик жон бошига 700 минг доллардан ошади. Канаданинг юқори кўрсаткичи нефт, ўрмон захиралари ва минерал ресурслар ҳисобига шаклланса, Австралия темир рудаси, кўмир ва газнинг катта захираларига эга. Россия рейтингда тўртинчи ўриндан жой олган. Мамлакатда бир киши ҳисобига 520 минг доллардан ортиқ табиий ресурслар тўғри келади.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич қандай?

Жаҳон бозорида нархларнинг тез-тез ўзгариб туриши ва доимий равишда амалга ошириладиган геологик қидирув ишлари сабаб Ўзбекистондаги табиий ресурсларнинг қиймати бўйича аниқ рақамни келтириш анча мураккаб. Масалан, 2018 йилнинг июл ойида Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев мамлакатдаги минерал-хомашё фойдали қазилмалари салоҳияти қарийб 5,7 трлн долларни ташкил этишини маълум қилганди.

Қодирхўжаев юқоридаги кўрсаткичнинг атиги 1 триллиондан ортиғи — қидириб топилган захиралар ва тайёрлаб қўйилган конлар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаб, мамлакат ҳудудининг бор-йўғи 20 фоизи ўрганиб чиқилгани ва янги конларни аниқлаш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини қўшимча қилиб ўтганди.

2023 йилнинг декабрида ўтказилган матбуот анжуманида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Илёс Жумаев Ўзбекистонда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинганини маълум қилганди.

«Мамлакатимизда Ер юзида маълум бўлган деярли барча турдаги фойдали қазилмалар аниқланган бўлиб, стратегик жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга бўлган олтин, кумуш, платиноидлар, мис, уран, қўрғошин, молибден, вольфрам, нефт, табиий газ, марганец, литий, хром, никел, қалай, тантал, ниобий, кобалт, скандий, германий, рений шулар жумласидандир. Бугунги кунда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган бўлиб, ушбу конларнинг асосий қисми Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари хомашё базаси сифатида берилган. 10 та мис кони ҳисобга олинган бўлиб, унинг асосий захиралари Тошкент вилоятидаги Олий Зиё, Саричеку, Қизота конларига тўғри келади», деганди Илёс Жумаев.

2025 йилнинг июн ойида Тошкент халқаро инвестиция форумида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ерости бойликлари салоҳияти 3 трлн долларга баҳоланаётганини айтиб ўтганди.

«Тўртинчи саноат инқилоби «технологик минераллар»га талабни бир неча карра кўпайтирмоқда. Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ерости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда. Минтақамизнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш «хаби»га айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада Тошкент ва Самарқанд вилоятларида «Келажак металлари технопарки»ни бунёд этмоқдамиз», деганди давлат раҳбари.

Юқоридаги рақамлардан келиб чиқиб Ўзбекистоннинг 3 трлн долларлик ерости табиий бойликларини аҳоли жон бошига (38 млн 244 минг киши) нисбатан ҳисобланганда, ҳар бир ўзбекистонликка тахминан 78-79 минг доллардан тўғри келади.

Мавзуга оид