Иқтисодиёт | 21:04 / 09.12.2019
8764
3 дақиқада ўқилади

Беҳруз Ҳамзаев: Фақатгина туризм Ўзбекистонни биз кўзлаган даражага олиб чиқа олади

Ўзбекистонда яқин беш йил ичида туризмнинг ЯИМдаги улушини 30 фоизга олиб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев.

Ҳамзаев бу ҳақда «Ular» лойиҳасидаги интервьюсида айтиб ўтди.

«Назаримда, фақатгина туризм соҳаси Ўзбекистонни ҳақиқатда барқарор давлатга айлантира олади. Тўғрисини айтишимиз керак, Ўзбекистонни биз айтаётгандек юқори поғоналарга олиб чиқа оладиган соҳа – яна бир қайтараман – фақатгина туризм. Қишлоқ хўжалиги эмас, пахта эмас, нефть-газимиз эмас.

Мен рақамларга ишонадиган инсонман. Мана, 2016 йилда 1,3 миллион, 2017 йил 2,7 миллион, 2018 йилда 4,9 миллион, 2019 йил 6,3 миллион турист келяпти. Ҳар йили икки баробарга ўсяпти. Фараз қилинг, ҳар бири юз доллардан қолдирса, минг доллардан қолдирса...

Бугунги кунда ЯИМимизда туризмнинг улуши 1,2 фоиздан 1,7 фоизгача холос. Буни яқин 5 йил ичида 30 фоизга олиб чиқиш – реал нарса. Ялпи ички маҳсулотимизнинг 30 фоизига бунчалик тез суръатда яқин беш йил ичида ҳеч қайси соҳа чиқа олмайди», – деди Ҳамзаев.

Мутахассиснинг таъкидлашича, туризм нафақат иқтисодий жиҳатдан фойда келтиради, балки маҳаллий аҳолининг фикрлаш тарзини ўстиришга ҳам ёрдам беради.

«Туризм – Ўзбекистонни буюк давлатга айлантира оладиган соҳа. Оддий мисол, шу йил дунё бўйича туризмдан келадиган даромад нефть-газ саноати даромади билан бир хил.

Ўзбекистонда нефть ва газ қазиб оламиз, деб қанча инвестициялар олиб келиниши, қанчалик саъй-ҳаракатлар қилинишини фараз қилиб кўринг. Аммо бу пулни туризм орқали – минг йил олдин қурилган нарсани кўрсатишга имконият яратиб бериш билангина, хизмат кўрсатиш орқали ишлаб олишимиз мумкин. 

Нефть ҳам, газ ҳам тугайди. Унинг устига, электромобиллар ишлаб чиқарилиши ва муқобил энергия манбалари топилиши билан бу соҳа ўз аҳамиятини йўқотади. Туризм эса тугамайдиган нарса. Туристик объектларимизни сақлаб қолсак бўлгани, бунинг ортидан анчагина пул ишлаб ола оламиз.

Қолаверса, туризм – оддий инсонларнинг ҳаётини яхшилайди, уларнинг чўнтагига пул келтиради. Туризм орқали нафақат даромад олиш, балки одамларнинг онги ва дунёқарашини ҳам ўзгартиришга эришса бўлади. Одамларни «ҳаёт фақат тўй, уй ва Malibu`дан иборат эмас экан», деб ўйлашга, бошқача ҳаётий мақсадлар қўйишга ундайди. Шунинг учун бу соҳани яхши кўраман, нима бўлишидан қатъи назар шу соҳа биланман», – дейди Беҳруз Ҳамзаев.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид