Ўзбекистон | 11:50 / 28.08.2018
28284
4 дақиқада ўқилади

Дипломатия университетида контракт миқдори 100 фоиз оширилди, талабалар камида 18 миллион сўмдан ортиқроқ тўлашади

2018/2019 ўқув йилидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалавр ва магистратура босқичлари учун тўлов-контракт миқдори деярли икки баробар оширилди. «Kun.uz» мухбири университет маъмуриятига асосланиб хабар беришича, ЖИДУ илмий кенгаши томонидан тегишли қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 4 турдаги контракт нархларини тасдиқлаган, унга кўра контрактларнинг табақалаштирилган шартлари жорий этилган.

Бакалавриат:

стипендия тўловисиз тўлов-контракт асосида таълим (ётоқхона ва спорт мажмуалари хизматларисиз) — 18 385 542 млн сўм;
стипендия тўловисиз тўлов-контракт  асосида таълим (ётоқхонада яшаш, спорт-соғломлаштириш мажмуаси хизматлари билан) — 20 385 524 млн сўм.
стипендия тўлови билан биргаликдаги тўлов-контракт (ётоқхона ва спорт мажмуалари хизматларисиз) — 22 116 000 сўм;
стипендия тўлови билан биргаликдаги тўлов-контракт (ётоқхонада яшаш, спорт-соғломлаштириш мажмуаси хизматлари билан) — 24 116 000 млн сўм.

Магистратура:
стипендия тўловисиз тўлов-контракт асосида таълим (ётоқхона ва спорт мажмуалари хизматларисиз) — 20 597 124 сўм;
стипендия тўловисиз тўлов-контракт  асосида таълим (ётоқхонада яшаш, спорт-соғломлаштириш мажмуаси хизматлари билан) — 22 597 124 млн сўм.
стипендия тўлови билан биргаликдаги тўлов-контракт (ётоқхона ва спорт мажмуалари хизматларисиз) — 24 327 600 сўм;
стипендия тўлови билан биргаликдаги тўлов-контракт (ётоқхонада яшаш, спорт-соғломлаштириш мажмуаси хизматлари билан) — 26 327 600 млн сўм.

Университет маъмурияти янги тўлов-контракт нархларини Ўзбекистон президентининг 21 июнда қабул қилинган «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида белгилаган. Қарорнинг 11-бандига кўра, Ўзбeкистон Рeспубликаси Tашқи ишлар вазирлиги юқори малакали кадрлар тайёрлаш харажатлари ва Унивeрситeтнинг ривожлантириш стратeгиясини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили тўлов-контракт асосидаги бакалавриат ва магистратурада таълим олишнинг қийматини бeлгилаши ва тасдиқлаши кўрсатилган.

Шу билан бирга унивeрситeтда шартнома асосида таълим олишнинг тўлов қиймати тегишли йўналиш ва мутахассислик бўйича рeспублика таълим муассасалари учун бeлгиланганидан 3 баравар ошиши мумкин эмас.

Яъни, Тошкент давлат юридик университетида контракт нархи 12 миллион бўлгани ҳолда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бу миқдор 36 миллион сўмдан юқори бўлмаслиги керак.

«Kun.uz» маълумотига кўра, ўтган ўқув йилида университет талабалари 9 миллион сўм атрофида контракт тўлашган.

Университет маъмурияти нархларнинг ўзгаришини таълим сифатини кўтариш мақсадида университет ўқитувчиларининг маошлари оширилиши билан изоҳлаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 15 августдаги қарори билан ОТМлар профессор-ўқитувчилари таркиби уч босқичда оширилиши кўзда тутилган:

2018 йил 1 сентябрдан — ўртача 25 фоизга;
2019 йил 1 январдан — 20 фоизга;
2019 йил 1 июлдан — 25 фоизга.

Масалан, фан доктори даражасига эга профессор ойлиги 1 сентябрдан 3,8 млн сўмгача, 1 январдан — 4,6 млн сўмгача, 1 июлдан — 5,8 млн сўмгача ошади.

Профессор унвонига эга бўлмаган, бироқ фан доктори, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштириладиган бошқа илмий даражаларига ёки доцент илмий унвонига эга бўлган, профессор лавозимига бир муддатга қабул қилинган шахсларга базавий лавозим маоши қуйидаги миқдорда белгиланади:
2018 йил 1 сентябрдан бошлаб —  3 130 000 сўм;
2019 йил 1 январдан бошлаб — 3 756 000 сўм;
2019 йил 1 июлдан бошлаб — 4 695 000 сўм.

Маълумот учун, университетда жами бўлиб 1250 нафар талаба таҳсил олади. Ўқитувчилар сони эса 200 нафарга яқин, шу тариқа ҳар бир ўқитувчига ўртача 7 нафардан талаба тўғри келади.

Ўган ўқув йилида даромадлар миқдори 13 миллиард сўмни ташкил этган, шундан 7,5−8 миллиард сўм маблағ суперконтрактлар ҳисобига тўғри келди.

2018/2019 ўқув йилида университет харажатлари ўқитувчиларнинг ойликлари оширилишини ҳисобга олганда 35 миллиард сўм бўлиши прогноз қилинган. Университетга 25 миллиард сўм миқдоридаги маблағ контрактлар ҳисобидан келади. Яна 10 миллиард сўмни Молия вазирлиги давлат бюджетидан ажратади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид