Ўзбекистон | 18:10 / 10.11.2022
11702
5 дақиқада ўқилади

“Тадбиркорлар янги товар ва хизматлар устида эксперимент ўтказиб кўриши мумкин бўлди”  – тартибга солиш “қумдони” қандай ишлайди?

Фото: KUN.UZ

2023 йилдан бошлаб тадбиркорлар замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини синовдан ўтказиб кўриши мумкин бўлади. Янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида айрим қонунчилик нормаларига амал қилмасликка рухсат берилади. Kun.uz “қумдон” қандай ишлашини тушунтиради.

Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштиришга оид президент фармонига биноан, 2023 йил 1 январдан “тартибга солиш қумдони” ишга тушади.

Хўш, тартибга солиш қумдони нима?

Ўзбекистонда бундай қумдонни биринчи бўлиб (2022 йилнинг августида) Марказий банк жорий қилди. Регуляторнинг молиявий хизматлар қумдони – янги молиявий хизматларни жорий қилиш учун синовдан ўтказишни тартибга солувчи ҳуқуқий режим.  

Масалан, бирор ташаббускор янги молиявий хизматни йўлга қўймоқчи бўлса ва қонунчиликда унга оид норма бўлмаса, ҳуқуқий тартибга солинмаган ёки ноаниқликлар мавжуд бўлса, ташаббускорлар шу тизимдан фойдаланган ҳолда, янги хизматни синовдан ўтказиши мумкин бўлади.

Синовдан муваффақиятли ўтган хизматларга доир норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши мумкин.

Нега энди “қумдон”?

Буюк Британияда жорий қилинган бу тизим (regulatory sandbox)да болалар ўйнайдиган қумли майдонча рамз қилиб олинган бўлиб, тизим янги молиявий хизматларни синовдан ўтказиш учун синов майдончасини яратиб беришни назарда тутади.

Тадбиркорлар учун “қумдон” нимани англатади?

Президент фармонида назарда тутилган товар ва хизматлар “қумдон”ида ҳам экспериментлар ўтказиш ва унинг натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари қумдонда нималарни синовдан ўтказади?

Қумдонда тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини синовдан ўтказиши мумкин. Аммо экспериментлар назорат қилинадиган чекланган муҳитда амалга оширилади. Яъни эксперимент муддати ва қаерда ўтказилиши аниқ белгилаб олинади.

Қумдон қачон ва қай тарзда ишга тушади?

Тартибга солиш қумдони 2023 йил 1 январдан бошлаб 1-иловага мувофиқ соҳалар бўйича ишга тушади. Ҳужжатнинг тўлиқ матни Lex.uz'га жойлангач, соҳалар рўйхатини кўриш мумкин.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат берилади:

  • янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик;
  • лицензиясиз ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга оширишлари мумкин. Аммо бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно.

Ҳужжатда келтирилишича, махсус ҳуқуқий режим тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади.

Ваколатли органлар қаторида Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари бор. Улар бевосита эксперимент ўтказиладиганн соҳаларни тасдиқлайди.

Тадбиркор ва ваколатли орган ўртасида келишув қандай бўлади?

  • келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, муддатиҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади;
  • ҳар бир лойиҳа бўйича махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади;

Махсус ҳуқуқий режим якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда:

  • синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади;
  • маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Президент фармонида Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 1 январга қадар “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни, шу жумладан, уни аниқ йўналишлар кесимида амалиётга татбиқ этиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаши белгиланган.

Мавзуга оид