Импорт автомобиллар синови учун узоқ муддатли электрон навбат пайдо бўла бошлади
Пискентдаги автополигонда мувофиқлик сертификати берадиган айрим текшириш лабораториялари номаълум сабабларга кўра, вақтинча ёпилгани айтиляпти. Бунинг ортидан узоқ муддатли электрон навбатлар пайдо бўлган. Аввалроқ, автополигоннинг мавжуд қуввати реал талабдан 3,5 баробарга камлиги маълум бўлганди.
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Бунинг ортидан автомобилларини полигонга олиб келганлар узун навбатларга рўбарў келди ва норозиликлар бошланди.
UzTest давлат муассасаси вакилларининг Kun.uz мухбирига айтишича, битта машинани синовдан ўтказишга 30-35 дақиқа вақт кетади. Бу дегани 24 соат ишлаётган марказ кунига 50 тагача, йилига эса 18 мингта автомобилни синовдан ўтказа олади. Бу – ўтган йили берилган сертификатлар сони, яъни мавжуд талабдан 3,5 баробарга кам.
Вазиятни юмшатишга ҳаракат қилган расмийлар навбат олишни электрон шаклга ўтказишди. Аммо ҳаммага кўриниб турган ва танқидларга сабаб бўлаётган бу навбатларни кўздан панадаги божхона омборларига кўчириш амалиёти ҳам самара бермаган кўринади.
Telegram’даги «autodeklarant» каналининг хабар беришича, 8 январ соат 15:45 ҳолатига кўра 12 кунлик навбат шаклланган.
«Ҳозир тизимга кириб, автомашина мувофиқлигини баҳолаш учун электрон навбат олмоқчи бўлсангиз, энг кам муддат 20 январ соат 20:00 дан кейинги навбатлар ҳисобланади», дейилади хабарда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Пискентдаги полигонда мувофиқлик сертификати бериш учун айрим текшириш лабораториялари номаълум сабабларга кўра, вақтинча ёпилгани айтилмоқда. Машинасини текширтирмоқчи бўлганлар камида февралгача кутиши керак бўлиши мумкин.
Техник регуляция агентлиги ва UzTest ҳолат юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.
Аввалроқ иқтисодчи Отабек Бакиров UzTestʼни монополистлар рўйхатига киритиш ва монополистлардан талаб қилинадиган тартибларни UzTestʼдан ҳам сўрашга чақирганди.
«UzTest ДМ деган мисоли аждарҳо – автомобиллар ва электромобиллар мувофиқлигини текшириш (аслида электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширув баҳонасида импортни чеклаш) Ўзбекистонда ягона синовчи. Қорақалпоғистонлик, сурхондарёлик, андижонлик истеъмолчи ва тадбиркорлар ҳам 1 ноябрдан бошлаб ҳеч бир олдиндан огоҳлантиришсиз шу аждарҳонинг Пискентдаги уясига келиб синовидан ўтмаса бўлмайдиган қилиб қўйилган. Синов тўловини истаса 6 млн сўм, истаса 9 млн сўм қилиб белгилайди. На калкуляция, на таннарх деган ўлчовлар бор. Истаса 2 соат, истаса 2 кун, ёқмасангиз 2 ҳафта куттиради. Ҳеч қандай процедуравий чекловлар ҳам йўқ бу ўзбилармонларга”, – дея ёзганди Бакиров.
Маълумот учун, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари ичидан давлат назоратига ва мувофиқликни баҳолашга доир ваколатларнинг бир орган томонидан бирга қўшиб бажарилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тадбиркорлик субъектларининг камситилишига ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги кабилар жой олган.
Ушбу соҳада давлат назоратини амалга оширувчи орган – Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги. Автомобиллар мувофиқлигини баҳолашни якка тартибда амалга ошираётган UzTest ташкилоти эса шу агентлик қошидаги, яъни бўйсунувчи ташкилот ҳисобланади.
Мавзуга оид
20:51 / 02.01.2025
60 турдаги маҳсулотлар учун божсиз импорт режими яна бир йилга узайтирилди
18:59 / 02.01.2025
Ўзбекистон Россиянинг энг йирик савдо шериклари қаторига кирди
08:45 / 24.12.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси салкам 60 млрд долларга етди
10:06 / 17.12.2024