Ўзбекистон | 19:09 / 30.01.2020
42151
11 дақиқада ўқилади

Қувада рухсатсиз метан «заправка» қурилмоқда. Буни ҳокимлик ҳам тўхтата олмаяпти

Навбатдаги мурожаат ортидан Фарғона вилояти Қува туманида бўлдик. Аҳоли мавжуд муаммо юзасидан туман ва вилоят ҳокимлиги, кўплаб масъул идораларга аризалар ёзган, бироқ ижобий ўзгариш бўлмаган.

«Лайлак уя» қишлоғидаги «Ифтихор» маҳалласидамиз. Одамлар Андижон-Фарғона трасса йўли бўйидаги зич уйлар ўртасига автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси, оддий қилиб айтганда «метан-заправка» қурилаётганидан норози. Қурилиш ўтган йилнинг октябрида бошланган. 4 ойдан бери «заправка»га қўшни бўлиб яшайдиган хонадон вакилларининг арз қилмаган жойлари қолмабди.

Уларнинг талаби аниқ – одамларнинг соғлиги ва ҳаётига хавф туғдирувчи шохобча қурилиши тўхтатилиши керак. Аҳоли томонидан юборилган мурожаатларга мутасадди ташкилотлар – Фарғона вилояти ҳокимлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Фарғона ҳудудий бошқармаси, «Ўзнефтгазинспекция» Фарғона вилояти ҳудудий бўлими, Фарғона вилояти Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси, Қува туман ҳокимлиги, Қува туман прокуратураси ва бошқа маъсул идоралар томонидан берилган жавобларда «Metan Omad Savdo» МЧЖ томонидан  қурилиш ишлари ҳуқуқий ҳужжатларсиз олиб борилаётгани маълум қилинган.

Мурожаатчиларга Қува туман ҳокими Р.Қурбонов имзоси билан 25 ноябрь куни жўнатилган жавоб хатида эса, «Metan Omad Savdo» жамиятига метан газ қуйиш шохобчаси қурилишини тўхтатиб туриш ва 6200 кв.м. ер майдонидаги ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни мажбурий тарзда буздириши ҳақида судга даъво аризаси киритилгани бўйича маълумот берилган.

Бироқ ҳудудда «Metan Omad Savdo» жамияти томонидан қурилиш ишлари давом этмоқда.

Аҳоли вакиллари нима дейди?

Ифтихор маҳалласида бизни кутиб олган одамлар 4 ойдан бери давом этаётган қоғозбозлик ҳақида арз қилишди.

«Катта муаммода қолдик. Бизнинг уйларимизга бир девор қўшни бўлиб, метан газ «заправка»си тушяпти. Бундан Президентимизга, Бош прокурорга, вазирликларга мурожаат қилдик.

Мутасадди ташкилотларнинг жавобига кўра, шохобча бу ерга қурилмаслиги керак. Ёнғин хавфсизлиги ташкилоти, «Сан станция» ўрганди. Аҳолида табиий газ йўқ. Очиқ оловдан фойдаланади. Тандир, ўчоқ ёқамиз. «Ўзнефтгазинспекция», Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ёнғин хавфсизлиги, туман ҳокимлигидан хулосалар келди. Лекин қурилиш давом этяпти.

Меъёрий ҳужжатларга кўра, метан «заправка»нинг компрессори ва аҳоли яшайдиган жойнинг оралиғи 50 метр масофада бўлиши керак экан. Буни қарангки, биз билан заправканинг нариги тарафида турадиган қўшнимиз ўртасидаги оралиқ масофанинг умумий масофаси 53 метр холос. Аккумлятор блоклари эса 150 метр масофага кўмилиши кўрсатилган. «Metan Omad Savdo»га тегишли жойнинг узунлиги 116 метр, эни 53 метр.

Туман ҳокимлиги ва прокуратура биринчи мурожаатимиздан сўнг, «Қурилиш ўзбошимчалик билан бошланган. Бузилиши керак. Агар ўз вақтида бузилмаса, судга берилади», деган хатлар келганди. Биз ижросини кутдик.

Сўнг ҳокимиятга борсак, масъуллар: «Қурилиш қилаётган ташкилотни иқтисодий судга бериш учун 2 миллион сўм пул керак. Бизда маблағ йўқ», дейишди. Ўзимиз «Metan Omad Savdo»ни судга бериш учун адвокат ёллаб, ҳокимият ҳуқуқшуносидан йиғилган ҳужжатларни сўрасак, беришмади.

Эшитишимизча, шохобчани қуриш учун ҳоким қарори чиқибди экан. Қурилиш ишлари кетаётганидан хавотирдамиз», дейди Ифтихор МФЙ 110-уйда яшовчи Наргиза Шокирова.

114-уйда яшовчи Дилоромхон Азимованинг касби шифокор экан.

«Маҳалламизда метан газ шохобчаси қурилиши бошланганида кўчаларни айланиб, одамларга «заправка»нинг аҳоли турар жойи яқинига қурилиши хавфли эканини тушунтирдик. Ҳамма аризага қўл қўйиб берди. Маҳалла оқсоқоли ҳам биз тарафимизда бўлди.

Кейин қурилиш қилаётганлар маҳалла аҳлига, «уйингизга табиий газ ўтказиб берамиз, электр ҳам ўчмайдиган бўлади», деб ваъдалар беришибди. Улар  фикридан қайтди. Чунки бошқалар «заправка» билан бир девор қўшни эмас-да! Лекин биз ўзимизни, болаларимизнинг соғлигини ўйлаяпмиз. Метан газ ахир токсин-ку? Газ соғлиққа зарар. Биринчи навбатда одамларнинг соғлиги керак эмасми? Ёниши ва портлаш хавфи юқори.

Майли, бу жойнинг эгалари бу ерга ишлаб чиқариш корхонаси, боғча қурсин. Лекин одам соғлигига зарар келтирадиган нарса қурмасин. Президентимизнинг «оддий халқни рози қилиш керак», деган гапларини ҳар куни эшитяпмиз. Ҳокимият ҳуқуқшуносининг ўзи қонун ҳимоячиси бўла туриб, қонун бузилишига лоқайдлик қилаётганига ҳайрон қолдик», дейди у.

112-уйда яшовчи Гулнора Жўраева эса бизга туман ҳокимлигига арз қилиб борилганидан сўнг, ҳокимият барча мутасадди ташкилотлардан ҳужжатлар йиққанини, лекин ишни пайсалга солаётганини айтди.

«Ўзимиз судга бериш учун ҳужжатларни сўраганимизда беришмади. Ахир машинада кетаётиб, «заправка»га кирганимизда бизни ташқарида тушиб қолишга мажбур қилишади. Чунки зарарли. Нега энди бизнинг ёнимизга қуришяпти», дейди у.

Метан газ қуйиш шохобчаси қурилиши бўлаётган жойга ён қўшни бўлган Замира она Турдиева, Гулнора она Жўраева, Дилбарой Қодировалар ҳам муаммоли ҳолат юзасидан ўз арзларини айтишди.

Наргиза Шокирова турли идораларга ёзилган мурожаатларга жавоб тариқасида келган даста-даста хатларни кўрсатди. Фуқаролар тадбиркорлик ёки бошқа ишлаб чиқариш корхонаси қурилишига ҳеч ҳам қарши эмасликларини билдиришди ва аҳоли учун хавфли бўлган объектнинг қурилиши тезроқ тўхтатилиши кераклигини таъкидлашди.

Девор ортида эса қурилиш авж палласига чиқиб давом этарди. Қува туман ҳокимлиги «Metan Omad Savdo» жамиятига қурилишни тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантириш хати юборган, лекин хати уларга таъсир ҳам қилмабди. У ерга кирганимизда жамият мутасаддиларидан ҳеч ким йўқ ва фақат қурувчилар бор эди.

Қува туман ҳокимлиги нима дейди?

Тўпланиб қолган саволларга жавоб топиш учун Қува туман ҳокимлигига бордик. Ҳокимликнинг қурилиш бўлими бош мутахассиси Солижон Аҳмаджонов Ифтихор маҳалласидаги муаммоли ҳолатдан яхши хабардор эканлигини айтди.

«Туман ҳокимлигига «Metan Omad Savdo» МЧЖ вакиллари тадбиркорлик субъекти сифатида метан газ қуйиш шохобчаси қуриш учун мурожаат қилган. Лекин объект учинчи тоифали бўлгани учун қурилиш бўлими томонидан «отказ» берилган. «Metan Omad Savdo» МЧЖ тегишли ташкилотлардан рухсат олмагунга қадар «заправка» қуриши мумкин эмас.

Солижон Аҳмаджонов, Қува туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси

Туман ҳокимининг автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси қуриш тўғрисида қарори чиққани йўқ. Айни пайтда қурилиш ишлари тўхтаган», дейди Солижон Аҳмаджонов.

Мутасадди бизнинг ёнимизда «Metan Omad Savdo» қурилишини юритаётган масъул билан қўнғироқлашди. Биз С.Аҳмаджоновга, «Сўраб беринг, ўша масъулнинг биз билан суҳбатлашишга имкони бормикан?» дедик. Ҳокимият вакили «Metan Omad Savdo» ходимининг «Узоқда, Фарғона шаҳридаман», деганини айтди.

Туман архитектори Шукуржон Низомиддинов аҳоли вакиллари мурожаати бўйича масалани ўрганганини билдириб, қуйидагича изоҳ берди:

«СанПин (Санитария-эпидемиология назорати томонидан қабул қилинган меъёрлар ва нормалар)га асосан, бир суткада 500тагача автомобилга хизмат кўрсатишга мўлжалланган компрессор шохобчалари учун санитария ҳимоя минтақаси аҳоли пунктидан 50 метр узоқликда бўлиши белгиланган.

Ифтихор маҳалласида қурилаётган «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси» бу меъёрга тўғри келмаяпти. «Metan Omad Savdo» МЧЖга тегишли ташкилотлардан рухсатнома олгунига қадар «заправка» қурилишини тўхатиши ҳақида огоҳлантириш берганмиз. Айни пайтда қурилиш ишлари амалга оширилаётгани йўқ», дейди у.

Шукуржон Низомиддинов, Қува тумани архитектори

Ҳар иккала мутасадди «Metan Omad Savdo» МЧЖ ўзбошимчалик билан қурилиш бошлаганини тасдиқлаб, айни пайтда қурилиш ишлари тўхтатилганини айтдилар. Бироқ мутасаддилар тадбиркорлик Ёнғин хавфсизлиги, ДСЭНМ ва бошқа масъул ташкилотлардан тегишли хулосаларни олиб келса, қурилишга қаршилик қила олмасликларини билдиришди.

Ҳокимлик вакиллари бизга Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Ж. Мирзамаҳмудов имзоси билан тасдиқланган дислокация ҳужжатини тақдим қилишди.  Қўшимча (Дополнение) номли ҳужжатда 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудига мақсадли равишда қуриладиган «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси» рўйхати келтирилган экан. Унинг Фарғона вилояти бўйича жадвалида Лайлак уя қишлоғига автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси қурилиши кўрсатиб ўтилган.

Шуниси қизиқки, «Metan Omad Savdo» МЧЖга қарашли ернинг умумий майдони 6200 кв.м. бўлиб, икки қўшни хонадон ўртасидаги жойнинг энига узунлиги 53 метр. Кўча бўйидан то охиригача эса 100 метр. Ўз-ўзидан бу ҳолатда «заправка» қуриш учун масъул ташкилотлар тегишли хулосани қандай бера олишлари мумкин, деган савол туғилади.

Ўзини «Metan Omad Savdo» МЧЖнинг қурилишда иш юритувчисиман, дея таништирган Темурбек билан телефон орқали боғландик. У киши: «Ҳужжатларимиз ҳам, ҳоким қарори ҳам бор, эртага сиз билан кўришамиз», дея ваъда берди. Кейин телефон қилсак, гўшакни кўтармай қўйди.

«Ифтихор» маҳалласидаги мурожаатчилар биз бориб муаммони ўрганган кунимиздан бери «заправка»да қурилиш қизғин кетаётганини суратларга олиб жўнатишмоқда. «Заправка»нинг колонкалари ҳам битиб қолибди.

Қува туман ҳокимлиги вакиллари эса қурилиш тўхтатилганини таъкидламоқда...

Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид