Жаҳон | 21:14 / 31.07.2020
16633
9 дақиқада ўқилади

Англияда бўлажак шифокорлар қандай ўқитилади? King’s College London'га саёҳат

Тиббиёт таълими илғор мамлакатлар ҳақида гап кетганда кўплаб давлатларни санаб ўтиш мумкин. Аммо факт шуки, таълимнинг бошқа йўналишлари қатори медицинада ҳам АҚШ ва Буюк Британия университетларига етадигани кўп эмас.

Нуфузли QS World University Rankings рейтингининг амалдаги талқинига кўра, дунёдаги энг яхши 20та тиббиёт ОТМдан 16таси АҚШ ва Буюк Британияда жойлашган.

Лондондаги Қирол коллежи – King’s College ҳам ана шу кучли йигирматаликдаги университетлардан бири. Биз Буюк Британияга сафаримиз мобайнида ушбу коллежда бўлиб, у ерда тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган Анваржон Муҳаммадаминов билан суҳбатлашдик.

Анваржон айни пайтда 4-курсни тамомлаган, бир йилдан сўнг тиббиёт бакалаври дипломини олади. У асрлардан буён тиббиётдан таълим бериб келадиган машҳур коллеждаги таълим жараёнлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Анваржоннинг айтишича, Қирол коллежининг Тиббиёт факультети – Англиядаги энг узоқ тарихга эга таълим масканларидан бири. Маълумотларга кўра, факультет асослари 1173 йилда таълим берилувчи госпиталь сифатида очилган шифохонага бориб тақалади. Муассаса 1550 йилга келиб, расман тиббиёт олийгоҳи (medical school) мақомини олган.

Факультет шаҳарнинг тарихий марказида, Лондон кўприги яқинида жойлашган экан. Олийгоҳнинг узоқ ўтмишга эга экани бир қарашдаёқ кўзга ташланади: ўрта асрлар Англиясига монанд архитектуравий услубдаги бинолар оҳори тўкилган бўлса-да, ўз жозибасини йўқотмаган ва ҳамон фойдаланишда.

Кампус бўйлаб юрар экансиз, бир нечта ҳайкаллар, соя-салқин хиёбон ва чим устида дарс билан машғул ёки шунчаки суҳбатлашиб ўтирган кўплаб талабаларни учратасиз (Британияда пандемия тарқалишидан аввал бўлиб қайтган эдик). Анваржон билан факультетнинг талабалар билан тўла кутубхонаси, маъруза заллари ва семинар хоналарида бўлиб, замонавий университетдаги академик ҳаёт муҳитига гувоҳ бўлдик: турли миллат ва ирққа мансуб, мажбурий формасиз, елкасига рюкзак ортган, қўлида гаджетлардан ташқари бир нечталаб китоблар олиб юрган ёшлар, технологик жиҳозланган дарс хоналари...

Анваржон Муҳаммадаминов

«Англияда тиббиёт соҳасида ўқийдиган ўзбекистонликлар жуда ҳам кам»

Қирол коллежи (очилишига васийлик қилган қирол Георг IV шарафига шундай номланади) – Буюк Британияда тиббиёт йўналишида ўқиш истагидаги абитуриентлар энг кўп ҳужжат топширадиган олийгоҳ. Табиийки, унга ўқишга кириш бошқа университетлар талабаси бўлишдан кўра анча қийинроқ.

«Англияда 6-7 йилдан бери яшаётган бўлсам, бирор марта докторлик соҳасида ўқиётган ўзбекистонлик студентларни учратмадим. Мен таниган кўп тенгдошларим бу ерда бизнес, иқтисод, дастурлаш каби йўналишларда ўқишяпти.

Бунинг бир нечта сабаблари бор. Аввало, бу ерда ҳам тиббиёт олийгоҳига ўқишга кириш қийин. Мен ўзим ўқиётган жойга ҳар йили 5,5 минг киши ҳужжат топширади ва фақатгина 350га яқин талаба ўқишга қабул қилинади.

Англияда тиббиёт йўналишида ўқиш учун алоҳида UKCAT (United Kingdom Clinical Aptitude Test) деган имтиҳонни топшириш керак, ундан ўтиш жудаям қийин.

Бундан ташқари, ҳар бир абитуриент нега шифокор бўлиш учун ўқимоқчилиги, нега айнан шу касбни танлаётгани ҳақида эркин иншо (personal statement) ёзиши керак. Ундан кейин охирида оғзаки суҳбат ҳам қилинади ва айнан шу босқич, менимча, энг мураккаби.

Ўзбекистондан медик-талабалар камлигига контракт нархи муҳим сабаблардан бири. Тиббиёт йўналишида контракт бошқа соҳаларга қараганда бир неча баробарга қиммат юради. Яхши тиббиёт олийгоҳларида ўқиш қиймати йилига 30 мингдан 50 минг фунтгача. King’s College'да 35-40 минг фунт стерлинг атрофида. Стипендия берилмайди.

Ўқишни тамомлашимга бир йил қолди. Ниятим – ортопедия ва травматология бўйича етук жарроҳ бўлиб етишиш», – дейди Анваржон Муҳаммадаминов.

«Амалиётга ва беморлар билан қандай муомала қилишни ўргатишга катта эътибор берилади»

— Бу ерда битирувчи доктор сифатида ишлай бошлаганида унга амалиётда нималар керак бўлса, ана шуларни ўргатишга катта урғу берилади. Анатомиянинг қайси жойи керак бўлади, у фармакологиядан нималарни билиши керак, ана шуларга қараб, амалиётда қўл келадиган билимлар қунт билан, чуқур ўргатилади.

Ундан ташқари, бу ерда бўлажак шифокорларга муомала маданиятини ҳам сингдиришга алоҳида эътибор қаратилади. Эсимда, биринчи курсдан бери ҳафтасига камида 2-3та дарсда фақатгина одамлар билан муомала қилиш, бемор билан гаплашиш ўргатилади.

Бунинг учун махсус тайёрланган актёрлар олиб келинади: улар пациент ролида, талаба эса шифокор ўрнида бўлади. Қийин вазиятларда, масалан, кимгадир саратон ташхиси қўйилган бўлса, унга буни қандай қилиб айтиш керак? Буни эшитиб кимдир йиғласа, кимдир эса сенга жаҳл қилса, сенинг бунга реакциянг қанақа бўлади, вазиятдан қандай чиқиб кетасан? Консультацияга келган бемор билан қандай муомала қилиш керак? Ана шуларни ўргатишади.

«Талабалар илмий фаолиятга рағбатлантирилади»

— Анатомияни ўқитишга жуда катта урғу берилади. Биринчи курсда «Cadaver dissection» ўтилади, яъни жасадни ёриб кўриш. Анатомияни ўргатиш учун бир нечта студентдан иборат гуруҳга битта жасад берилади, улар бутун ўқув йили давомида лекцияда ўргатилган анатомияни амалда қўллаб, жасадни кесиб кўриш орқали, тана тузилишини имкон қадар тўлиқ ўрганиб чиқади.

Менимча, яхши шифокор бўлиб етишиш учун тиббиёт таълимидаги бу амалиёт катта фойда беради.

Бундан ташқари, талабаларнинг илмий иш қилишига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир талаба 2-курсдан бошлаб ўзига бириктирилган профессор-ўқитувчи билан илмий иш олиб боради. Мен ўзим 2та мақола чиқарганман, учинчисини журналга энди юбордим, маъқулланса, нашрдан чиқади.

Фақат мен эмас, ҳар бир талаба худди шундай мақолалар ёзишга рағбатлантирилади. Бу кейинчалик доктор бўлганда илмий иш қилишда мутахассиснинг ўзига ишончини оширади.

«Амалиёт ўташ учун Америкага бормоқчиман»

— Коллежимизда тиббиёт бўйича ўқиётган талабалар 5-курсда, якуний имтиҳонлар тугаганидан кейин, коллежимиз томонидан икки ой муддатга дунёдаги энг етакчи шифохоналарга амалиёт учун юборилади.

Қаерга боришни ўзинг танлашинг мумкин. Австралия, Янги Зеландия, Франция, Германия, Япония, Канадага боришни режалаштирилаётган ўртоқларим бор. Мен эса Американи танлаганман. Икки ой АҚШдаги Жонс Ҳопкинс касалхонасида амалиёт ўташ ниятим бор.

Талабаларга бўш вақтида ишлашга рухсат берилади. Айниқса, доктор бўлмоқчи бўлганларни ўқиш давомида тиббий биродар ёки ҳамшира бўлиб ишлашга рағбатлантиришади, бу борада ёрдам ҳам беришади.

Лекция залларида ҳар бир маъруза видеотасвирга туширилади. Бунинг афзал тарафи – студент имтиҳонга тайёрланаётган пайтда ўтиб кетган лекцияларни яна бошқатдан кўриш имкони бўлади. Бундан ташқари, бирор сабаб билан қайсидир маърузани ўтказиб юборган бўлсанг, видеодан кўриб олишинг мумкин.

Қолаверса, лекциялар давомида мониторда кўрсатилган слайдлар дарҳол талабаларнинг онлайн платформасига юкланади. Натижада ҳар бир студент уларни кўчириб олиб, қайта ўрганиб чиқа олади.

«Англияда шифокор ўзи истагандек дори ёзиб бера олмайди»

— Ўзбекистонда битта касаллик билан бешта докторга борсанг, улар сенга беш хил дори ёзиб беради. Англияда эса NICE деган алоҳида давлат ташкилоти бор. Бу ерда ҳар бир йўналишнинг энг яхши мутахассислари танлаб олиниб, улар томонидан касалликлар бўйича даволаш протоколлари ишлаб чиқилади.

Ушбу протоколлар интернетда жойланиб, барча шифокорларга тарқатилади. Даволовчи шифокорлар ана шу стандартлар асосида иш кўриши керак. Стандартдан четга чиққан докторларнинг лицензияси олиб қўйилиши мумкин, бунга жуда жиддий қаралади.

Шунинг ҳисобига бемор Лондондаги шифокорга борадими, Манчестер ёки бошқа кичикроқ шаҳардаги докторгами – фарқи йўқ, унга бир хил «лечение» ёзиб берилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид