1 августдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Бир қатор транспорт воситаларидан утилизация йиғими олинади
Утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари турлари ва тоифалари рўйхат асосида тасдиқланган.
Асос: «Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори.
Айрим транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади
8701 (тракторлар), 8702 (10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари), 8703 (енгил автомобиллар) ва 8704 (юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари) ТИФ ТН кодлар бўйича транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.
Асос: «Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори.
Давлат тилида маркировкаланмаган товарга мувофиқлик сертификати берилмайди
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбекистоннинг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тақиқланади (қонун ҳужжатларидаги истиснолардан ташқари).
Асос: 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3818-сон қарорига қўшимча киритиш тўғрисида»ги президент қарори.
Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш тизими йўлга қўйилади
Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади
Асос: 2020 йилги давлат дастурига оид президент фармони.
Айрим театрларда чипталарни сотиш Билет операциялари ягона электрон тизими (БОЯЭТ) орқали амалга оширилади
1 августдан бошлаб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон миллий академик драма театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасида чипталарни сотиш БОЯЭТ орқали амалга оширилади.
Асос: «Ўзбекистон Республикасида музей ва театрларнинг маркетинг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори.
Темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялайди
Бу орқали темир йўл транспорти ташкилотлари божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этиб боради.
Асос: «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони.
Айрим давлат ташкилотлари ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади
Эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилгани ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартиби ўрнатилади.
Асос: «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори.
Мажбурий ижро бюросининг айрим ваколатлари бошқа ташкилотларга ўтказилади
1 августдан бошлаб, МИБнинг:
- электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатлари ― Энергетика вазирлигига;
- электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтириш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш бўйича вазифа ва ваколатлари ― тегишлича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига;
- электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга доир вазифа ва ваколатлари ― тегишлича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига ҳамда ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказилади.
Асос: «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони.
Андижон, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида «очиқ осмон» режими жорий этилади
Рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилишни, шунингдек, хорижий авиакомпанияларга 5-даражадаги «ҳаво эркинлиги»ни тақдим этишни назарда тутувчи «Очиқ осмон» режими Андижон, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жорий этилади.
Шунингдек, инвесторларнинг йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонаси ҳудудида ташкил этилаётганлардан ташқари) тегишли хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда қуриш ва жиҳозлаш учун йўналтирилган харажатларининг бир қисми уларни 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш ва узунлиги бир томонга камида 500 метр бўлиш шарти билан ҳар бир 500 метр йўл учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида қопланади. Бунда йўловчи ташувчи янги дор йўлларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича дастлабки 50 та лойиҳага йўналтирилган инвесторлар харажатларининг бир қисми қопланади.
Бундан ташқари, гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларнинг хизматлари ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади.
Асос: «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори.
ҲЭТКлар томонидан сотиб олинадиган муқобил энергия тарифи белгиланади
Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф, сотиш, тарқатиш ва етказиб бериш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда, II тариф гуруҳи истеъмолчилари даражасида белгиланади.
Асос: «Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори.
«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун кучга киради
2019 йил 7 ноябрда имзоланган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб кучга киради.
Қонун кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари, кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотлар ва бошқарувчилар, уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, шунингдек фаолияти кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ бўлган бошқа шахсларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади.
Мавзуга оид
16:14 / 27.11.2024
Мигрантлар учун имконият, ишга тушаётган ижтимоий карталар ва «Мажбуриятлар реестри» – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
13:59 / 29.10.2024
Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
14:36 / 28.09.2024
Оширилаётган иш ҳақи, давлат харидларидаги шаффофлик ва овчилар учун янги тартиб – 1 октябрдан нималар ўзгаради?
14:09 / 26.08.2024