Жаҳон | 16:30 / 08.12.2023
18287
10 дақиқада ўқилади

“АҚШнинг обрўси тўкилаётганидан фойдаланиб қолмоқчи” — Путин Яқин Шарққа нега борди?

Владимир Путин қирувчи самолётлар қўриқловида БАА ва Саудия Арабистонида бўлди. Унинг ташрифи Ғазодаги урушда Исроилни қўллаган АҚШ ва Украинанинг араб оламида обрўсизланиши, Россия эса фаластинликлар томонида тургани фонида рўй бермоқда. Таҳлилчилар Саудия шаҳзодаси Путинни катта дабдаба билан кутиб олгани, бундай ҳолат Байденнинг ташрифи вақтида кузатилмаганини айтмоқда.

Ҳўш, араб лидерлари ва Путиннинг муҳокама мавзуси нималар? Россия Яқин Шарқдан нима хоҳлайди? “Геосиёсат”да шу каби саволлар билан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга юзланди.

Путиннинг Яқин Шарққа бориши асосан келаси йилги сайловлар билан боғлиқми ёки геосиёсий эҳтиёж биланми?

— Бу ерда 3 та муҳим нуқта бор: геосиёсий омил, сайлов (ички сиёсат) ва геоиқтисод. Россия ички сиёсатида араб давлатлари билан алоқалар об-ҳаво ҳосил қиладиган омил эмас. Саудия ва БАА Россия учун қулай давлатлар, улар ўртасида қарама-қаршиликка сабаб бўлувчи омиллар йўқ. Бир вақтлар Саудия ва БАА Ғарбнинг асосий иттифоқчиларидан эди, аммо бугун вазият ўзгаряпти.

Россия ички сиёсатидаги энг безовта қилувчи омил – Россиянинг иқтисодий аҳволи. Чунки Украина босқини бошлангач, унга нисбатан кўплаб санкциялар қўлланди. Энди иқтисодий аҳвол анча таранг. Араб давлатлари билан алоқалар жамият кайфиятига таъсир қилмайди, аммо иқтисодий имкониятлар яратади. Бу 3 давлатни бирлаштирувчи ягона платформа – нефт қазиб олиб сотувчи давлатларнинг OPEC+ платформаси. Россия расман OPEC ташкилотига кирмайди, аммо бу ташкилотга аъзо бўлмаган, фақат нефт қазиб олиш ҳажми ва нархини келишишда иштирок этадиган давлатлар учун OPEC+ формати бор. Россия нефт нархига таъсир қилишни истайди.

Лекин Путиннинг у ерга боришидан асосий мақсади – геосиёсий масалалар, менимча. 7 октябрда бошланган Исроил-ҲАМАС уруши минтақадаги вазиятни янада қутблаштирди. Украина уруши бошлангандан кейин араб давлатлари босқичма-босқич секинлик билан Вашингтон ва Украинага яқинлашаётган эди. Ғазодаги урушдан бир неча ой олдин Саудия ташқи ишлар вазири ва БААнинг раҳбарлари Украинага келди ва 400 млн долларлик гуманитар ёрдамлар таклиф қилди. Аммо 7 октябрдан кейин геосиёсий вазият кескин ўзгарди. Бу вазиятда Путин мувозанатни ушлаб қололди, аммо Зеленский буни эплолмади. У тўлақонли Исроил тарафида бўлиб, ҲАМАСни Россия каби террористик характерга эга деди. Босиб олинган Фаластин ерлари ҳақида эса ҳеч нарса демади. Шу орқали араб давлатлари Зеленскийдан маълум даражада совиди. Путин эса моҳир сиёсатчи сифатида бу вазиятдан унумли фойдаланиб, “Исроил билан муносабатларимиз яхши, аммо биз ҳар доим Фаластин давлати тузилиши тарафдоримиз”, деган фикрни айтди ва оммавий қатлиомни юмшоқ тарзда қоралаб ҳам ўтди. Бу билан геосиёсий мувозанатни ушлаб қолди.

Совет иттифоқи қулашидан олдин Яқин Шарқ тўлақонли АҚШ назоратида эди, бугун ҳам Яқин Шарқ АҚШ хавфсизлик тизими доирасида турибди. Араб амирлиги ҳам, Саудия ҳам энг катта қурол-яроғни барибир АҚШдан олади, аммо вазият мураккаблашиб боряпти. БАА ва Саудия БРИКСга кирмоқчи.

Совет иттифоқи қулагач маълум муддат бутун дунёда АҚШ якка қудрат бўлди. Бугунги кунда АҚШдан “тўйиниш” ва унинг лойиҳаларига ишончсизлик ортиб боряпти. Бу фонда глобал жануб тушунчаси ва муносабатлар тизими шаклланяпти. Саудия, БАА ва Миср борган сари глобал жанубга оғишяпти. Йилнинг биринчи ярмида Байден ҳам Саудияга келганди, аммо Саудия шаҳзодаси у билан совуқроқ муносабатда бўлган эди кутиб олишда, лекин Путинни бошқа бир даражада кутиб олишди.

Яқин Шарқда шаклланаётган геосиёсий тафаккурга кўра, АҚШни жазолаш ёки геосиёсий сигнал бериш бўляпти, яъни “биз керак бўлса, Хитой билан ҳам, Россия билан ҳам яқин бўлоламиз, геосиёсий қутблашувда, кучлар нисбати ўзгаришида асосий рол ўйнаймиз” деган маънода.

Саудия ва БАА Хитой билан ҳам муносабатларни анча ижобийлаштирган. Путиннинг айтишича, БАА араб давлатлари ичида биринчи ўриндаги иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. БАА – товарларни Россияга етказишда санкциялар айланиб ўтилаётган 5 таликдаги давлат. БААнинг АҚШ ва ЕИ билан савдо-иқтисодий алоқалари кучли, шунинг учун маҳсулотлар биринчи БААга келяпти, кейин эса Россияга сотиляпти. Шунинг ҳисобига бир йилда савдо-иқтисодий ҳамкорлик 67 фоизга ошган – жуда катта кўрсаткич бу. Саудия билан шундай катта ҳамкорлик бор. OPEC+ доирасида келишиб, бу уч давлат дунёдаги нефт нархини белгилашда асосий рол ўйнаши мумкин.

Ҳозирги вақтда Саудия ва БААнинг OPEC+ да Россия билан муносабати қандай? Доим келиша оладими, чунки Ғарбнинг бу икки араб давлатига таъсири юқори?

— Борган сари Вашингтон ва Брюсселнинг таъсири сўниб бормоқда, бу тез бўлмайди. Лекин БРИКСга аъзолик аризасини топширишнинг ўзи Вашингтонга катта сигнал. Биз АҚШ назоратидаги иқтисодий муҳитдан чиқишга тайёрмиз, демоқчи.

Вақти-вақти билан OPEC+ да ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Баъзи давлатлар ўртасида нарх, қазиб олиш масаласида тортишувлар бўлади. Ҳамма нефт қазиб олишни камайтиришни истайди, лекин ҳеч ким айнан ўзи қазиб олаётганни камайтиришни истамайди. Умуман, турли келишмовчиликлар бўлиб туради, аммо OPEC+ доирасидаги келишувлар ишлаб турибди.

Нефт нархи ошиши Ғарб оппоненти бўлган Россия учун қулай. Нарх жудаям тушиб кетса, Хитой учун қулай бўлади. БАА ва Саудия нефт нархи ва қазиб олишдаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади.

Путинни кутиб олиш ҳам изоляция қилинган давлат раҳбариникига ўхшамаган бўлди. Бунга фикрингиз?

— Путиннинг самолёти 4 та ракета билан қуролланган қирувчи самолётлар қўриқловида борди. Дунё ҳамжамиятига сигнал берилдики, кимдир Путинни ҳибсга олмоқчи бўлса, биз у билан урушишга тайёрмиз, деди.

Шу кунларда, яъни 30 ноябрдан 14 декабргача БААда экология бўйича БМТ форуми бўляпти. Аммо Путин бу форум доирасидаги бирорта тадбирда иштирок этмади. Унинг сафари жуда қисқа муддат ичида амалга оширилди. Путиннинг кутиб олинишига халқаро ОАВ катта эътибор берди. Ғарб ОАВ Путин кутиб олинишини Байденнинг кутиб олиниши билан қиёслади. Араб давлатлари бу орқали Ғарбга: “Бизга тенг муносабатда бўлиниши керак, энди босимлар ишламайди”, деган сигнал беряпти. Ғарб матбуоти бу кутиб олишни Украина урушидан кейин Россияга бўлган санкциялар ишламаётгани эътирофи сифатида баҳолади.

Санкцияларни айланиб ўтиш янада кучаяди ҳали. Чунки Путин БАА раҳбари билан бўлган учрашувда айтдики, бир йил ичида савдо-иқтисодий айланма 67 фоизга ошган. Кейинги йилларда бу яна хам ошса керак. Чунки Ғарб санкциялари бир қанча омиллар сабаб яхши ишламаяпти, Ғарбнинг ўзи ҳам тан олади буни.

Украинага Россия босқини юқори нуқтага чиққан пайтда OPEC+ да кимнинг фойдасига кўпроқ ҳаракат бўлди?

— Елцин даврида нефт нархи жуда арзон эди. Путин ҳокимиятга келиши билан дунё иқтисодиётида ўсиш бўлди. Елцин даврида 1 баррел нефт 20-30 доллар бўлган бўлса, Путин ҳокимиятга келгач, ўртача 100 доллар бўлди бу нарх. Россия учун триллион долларлаб даромад келтирди бу, чунки Россия энг кўп нефт сотувчи учта давлатдан бири. Натижада Россияда империалистик кайфиятдаги лойиҳаларни молиялаштириш имкони пайдо бўлди.

Қрим тортиб олингандан кейин 2014 йилда Обама ва Саудия раҳбари ёпиқ эшиклар ортида келишиб, нефт таннархини 100 доллардан 30 долларга туширишга муваффақ бўлди. Аммо бир неча йил ўтиб, Саудиянинг ўзи ҳам катта зарар кўрди бундан, нархни олдинги даражага чиқариш жуда қийин бўлди. Обама ҳокимиятга келгач, Эрондан ҳам санкциялар ечила бошланди. Эрон узоқ муддат санкцияларда бўлгани учун унга пул жуда керак эди ва у дунё бозорига яна ҳам арзонроқ нефт таклиф қила бошлади. Бу эса Саудияга ёқмасди, албатта. Нефт нархини белгилаш геосиёсий муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

7 декабр куни Путин Москвага қайтиб, у ерда Эрон президенти Иброҳим Раисий билан музокаралар ўтказди. Эрон ва араб лидерлари билан бўладиган учрашувлар ўзаро боғлиқ бўлиши мумкинми?

— Албатта, боғлиқ. Яқин Шарқда янги геосиёсий контекст шаклланяпти. АҚШ бу ерда обрўсизланган. Мусулмон дунёси ва анъанавий араб иттифоқчиларига таъсири пасайган. АҚШ ўзининг асосий иттифоқчиси Исроилни ҳимоя қилади, аммо тартибга сололмайди. Бу эса мусулмон ва араб дунёсида жиддий эътирозларга сабаб бўляпти. Бу нарсадан эса Путин фойдаланяпти.

Эрон – Россиянинг доимий иттифоқчиси. Чечен урушларида ҳам мусулмон давлатларидан фақат Эрон чеченларга хайрихоҳлик билдирмаган, дейишади россиялик сиёсатчилар. Саудия ва БАА билан келишувлардан сўнг Эрон билан ҳам маълум бир музокаралар бўлади. Мақсад – глобал жанубни ривожлантириш ва унда Россиянинг лидер бўлиши. Иккинчи томондан БРИКСни янада кучайтириш масаласи ҳам бор.

Санкциялар масаласида, Саудия ва БАА: “Биз фақат БМТ томонидан эътироф этиладиган санкцияларни тан оламиз”, дейди. Бу эса Россия учун жуда қулай.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид