Жаҳон | 12:27 / 09.05.2018
5377
2 дақиқада ўқилади

Япония, Хитой ва Жанубий Корея олий даражадаги учрашувида нималар муҳокама қилиняпти? 

Синдзо Абэ, Ли Кэцян, Мун Чжэ Ин Фото: Wikipedia.org

Токиода 2015 йилдан бери биринчи марта уч давлат етакчилари – Япония бош вазири Синдзо Абэ, ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян ва Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг учрашуви бошланди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ учрашув аввалида 27 апрель куни Жанубий Корея ва КХДР етакчилари томонидан имзоланган «Корея ярим оролидаги тинчлик, фаровонлик ва бирлашув тўғрисидаги Пханмунжом декларацияси»ни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бунда Шимолий Кореянинг ядро қуролидан воз кечиши энг муҳим тезисдир. Абэнинг таъкидлашича, Япония Шимолий Корея бўйича Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилиши керак. Бу 1970-йилларда КХДР махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган япон фуқароларини ватанига қайтариш учун ҳам шарт.

«Мен куч билан ушлаб турилган япон фуқароларини ватанимизга тезроқ қайтариш масаласига ечим топишда сизлар билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайман», - дея бош вазирнинг сўзларини келтиради Киодо агентлиги. Ўз навбатида, ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян уч давлат ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаши, бу Шимоли-Шарқий Осиёда барқарорликка хизмат қилишига умид билдирди. Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг қайд этишича, Корея ярим оролида «совуқ урушнинг» тугаши бутун сайёрада тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса бўлиб қўшилади.

Учрашувдан сўнг икки томонлама музокаралар ҳам ўтказилади.

Томонлар Корея ярим оролидаги вазият, хусусан, «Корея ярим оролидаги тинчлик, фаровонлик ва бирлашув тўғрисидаги Пханмунжом декларацияси»ни муҳокама қилади, шунингдек, уч мамлакат ўртасида эркин савдо бўйича битим юзасидан музокаралар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония КХДР билан муносабатлар қандай шартда тикланишини билдирганди

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид