Жамият | 14:14 / 26.09.2025
13286
5 дақиқада ўқилади

“Донецкда 5 ойда учта позицияда хандақ қазидик” – Россия армиясига ёлланган йигит

Ишлаш мақсадида Москва шаҳрига борган музработлик 25 ёшли йигит аввалига наркокурерлик айби билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Сўнгра унга Украинага қарши урушга бориш таклифи берилган. Йигит судда руҳий ва жисмоний тазйиқлар сабабли урушга боришга рози бўлганини, Донецкда дронлар ҳужуми оқибатида оғир яраланганини айтди.

Фото: РИА Новости

Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида яшовчи йигит Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашгани учун жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2000 йилда туғилган Ж.Ш. 2023 йил март ойида ишлаб пул топиш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган. Етказиб бериш хизматида фаолият олиб борган йигит наркокурерлик айби билан қўлга олинган ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони ижро этиш муассасида олиб борилган тарғибот ишларида Украинага қарши урушда иштирок этиш таклифига розилик билдирган.

Ж.Ш. 2024 йил 27 сентябр куни Россия армиясига ёлланиш бўйича шартнома тузиб, ҳарбий гувоҳнома олган. Сўнгра тайёргарликдан ўтиб, Донецкдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

2025 йил 26 апрел куни у дрон портлаши оқибатида оғир яраланган. Яъни унинг қорин ва болдир соҳаларига “осколока” кириб кетган.

Ж.Ш. судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда урушга бориш таклифига руҳий ва жисмоний тазйиқлар сабабли рози бўлганини маълум қилган.

2023 йил 3 март куни ишлаб пул топиш мақсадида Москва шаҳрига бордим. Фитнес клубда уста бўлиб иш бошладим. Бўш вақтларимда етказиб бериш хизматида ишладим. Ушбу ишларда маҳалладошим С.Х. билан бирга ишлаганмиз.

2023 йил 19 март куни Москва вилоятининг туманларидан бирида биз етказиб берган юк наркотик модда экани аниқланиб, қўлга олиндик. Лекин биз етказиб берган юкимиз наркотик модда эканини билмагандик. 2023 йил 20 сентябр куни суд ҳукми билан шеригим ва мен 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдик. Шундан сўнг 2023 йил ноябр ойи ўрталарига қадар Уфа шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида сақланиб, сўнгра Челябинск вилоятидаги, бир ҳафтадан кейин эса Екатеренбург шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасига кўчирилдик.

Ушбу жазони ижро этиш муассасасида Украинага қарши урушда қатнашишга мажбурлашди. Ўтказилган руҳий ва жисмоний тазйиқлар сабабли урушда ёлланма жангчи бўлиб қатнашишга розилик билдирдим.

Россия Федерацияси Мудофа вазирлиги ходимлари келишиб, мен билан суҳбат ўтказишди. Бир йил муддатга ҳарбий шартнома тузилди. Мўмайгина пул, Россия фуқаролигини ҳамда уй-жой беришни ваъда қилишди”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг Ж.Ш. ва бошқаларни 2024 йил октябр ойи бошларида жазони ижро этиш муассасасидан олиб чиқишиб, аввалига ҳарбий самолётда 3 соат учиб, кейин машинада 5 соат йўл босиб бир манзилга олиб боришган. Йигитлар ўша ерда бир ой, сўнгра фронт яқинидаги манзилда 2 ҳафта ҳарбий тайёргарликдан ўтишган.

Шундан сўнг бизни ҳарбий машинада уруш зонасига олиб кетишди. Донецкда, Часив Яр номли қишлоқда битта позицияда 6 киши хизмат қилдик. 2024 йил декабридан 2025 йил апрелига қадар 5 ой давомида учта позицияда хандақ (окоп) қазидик. 2025 йил 25 апрел куни рус командири келиб, биздан олдиндаги позицияларнинг озиқ-овқати ва суви тугаганини, тонгда бориб, уларга озиқ-овқат ташлаб келишимиз зарурлигини айтди. 26 апрел куни тонгда озиқ-овқат олиб, йўлга чиқдик. Йўлда дронлар ҳужумига учрадик. Мен дрон портлаши оқибатида жароҳат олдим. Шерикларим мени кўтариб, ўзимизнинг позицияга олиб келишди”, деган Ж.Ш.

Жароҳати жиддийлиги сабабли Ж.Ш.ни аввалига Ростовдаги, сўнгра Санкт-Петербургдаги шифохонага жўнатишган ҳамда 2 ой таътил беришган. У 2025 йил 23 май куни Россияда ишлаб юрган акаси билан Ўзбекистонга қайтиб келган.

Ж.Ш. суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 154-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Россия армиясига ёлланган навоийлик йигит 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилганди. У ҳарбий бўлинмага бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб борилганини айтган.  

Мавзуга оид