Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи йигит Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашгани учун жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2000 йилда туғилган Ж.К. 2023 йил 1 октябр куни ишлаб пул топиш мақсадида Россиянинг Екатеринбург шаҳрига борган. Бироқ иш излаб юрганида полиция томонидан ушланиб, ёнидан наркотик модда чиққани айби билан қамоққа олинган.

Ж.К. 2024 йил декабр ойида Россия армиясига ёлланган. 2025 йил апрел ойида у Донецк шаҳридаги қуролли тўқнашувда снаряд портлаши оқибатида жароҳатланган.

Йигит судда айбига иқрорлик билдирган ва урушга мажбурлаб олиб борилганини айтган.

2023 йил октябрда самарқандлик Шохруҳ исмли танишим билан ишлаш мақсадида Россиянинг Екатеринбург шаҳрига бордик. У ерда иш излаб юрган вақтимизда полиция ходимлари келиб, ҳужжатларимизни сўради. Кейин бизни Тюмен шаҳридаги хизмат хонасига олиб боришди. Полиция ходимлари қўлимга пакет тутқазиб, суратга олишди.

Шохруҳни ўша кундан кейин бошқа кўрмадим. Менга сохта ҳужжатлар билан гўёки ёнимдан наркотик моддаси чиққанини кўрсатиб, қамоққа олишди. Рус тилини билмайман. Шу сабабли мен билан таржимон орқали гаплашишди. Полиция ходимлари тақдим этган ҳужжатларга имзо қўймадим. Руҳий ва жисмоний тазйиқлар кўп бўлди. Таржимон терговчи томонидан берилган шартномага имзо қўйишимни сўради ва шартномага кўра Россия-Украина ўртасида бўлаётган урушда қатнашишим кераклигини айтди. Унга рад жавобини бердим.

8 ой қамоқда ётдим. Кейин судга олиб борилдим. Суд томонидан менга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тюмен шаҳридаги жазони ўташ колониясига жўнатилдим”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.

Ж.К. жазони ижро этиш колониясида ҳам жисмоний тазйиқлар ўтказилганини, урушга бориш учун шартнома имзолашга мажбурлашганини маълум қилган.

Олдимга таржимон сифатида ўзбекистонлик Аббос исмли маҳкум кириб, шартномага имзо қўйишимни айтди. Рад жавобини берганимдан кейин мени интизомий бўлимга киритиб қўйишди. 2024 йил декабр ойида олдимга яна Аббос келиб, шартномани имзолашимни сўради, ноилож рози бўлдим.

2025 йил январ ойида турли баҳона билан интизомий бўлинмага қамаб қўйишди, 1 апрелга қадар ўша ерда бўлдим. 2025 йил 1 апрел куни қўлимга кишан солинган ҳолда бошимга қоп кийдириб, Тюмен ҳарбий бўлинмасига олиб боришди. У ерда мендан ташқари яна 10-15 киши бор эди. Эртаси куни тушдан кейин Екатеринбург шаҳрига олиб боришди, аэропорт ёнига тушдик. Бизни ҳарбийлар қўриқларди.