Жаҳон | 20:45 / 07.12.2017
28807
14 дақиқада ўқилади

Афғонистон ҳақида мулоҳазалар II-бўлим

Афғонистонда ўзбеклар ва ўзбекчилик

Барча илғор фикрловчи инсонлар билишадики, бошқа миллатлар устидан зўравонлик қилиш асосида ва ҳаддан ташқари кучайиб кетган миллатпарастлик «шовинизм» асосида курилган ҳар қандай давлат ва бу сиёсатни амалга ошираётган ҳар қандай мафкура инқирозга учрайди. 

Бошқа халқлар «паст табақалилар» дея аталиб, улар устидан ўз миллий устуворлигига эга эканлигига ишониб яшашга асосланган ҳар қандай давлат тизими тарихан ҳалокатли. Бунга сабаб - шовинизм ва зўравонлик билан шиддатли миллатпарастликни ифода этувчи унсурлар аввало ўз давлати ичкарисида ғалаёнлар бошлаб, кўплаб бегуноҳ тинч аҳолини қурбон қилишидадир. Бу жараён оқибатида қочқинларнинг кўпайиши ва зиёли табақанинг йуқотилиши муқаррардир. Натижада бундай жойда давлат тизими инқирозга мубтало бўлади. 

Миллатпарастлик билан қилинадиган шиддатли зўравонлик ҳаракатининг кучи шу қадар ёвузки, бу куч унга дуч келганлар учун ҳам, уни бошқаларга қаратаётганлар учун ҳам нақадар хавфли эканлигини пайқамаслик мумкин эмас. Бунинг исботини кўп йиллардан буён ички низолар ва қуролли тўқнашувлар гирдобига ташланган Афғонистон мисолида кўрмоқдамиз. 

Афғонистон номли давлат ҳали дунё харитасида йўқ вақтидан бошлаб шу ҳудуд билан боғлиқ бўлган ўзбекларнинг бир неча минг йиллик буюк тарихи ва маданияти назарга илинмай, камситилиб, хўрланиб бошқа миллатлар билан тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлиб яшаш масаласи давлат қонунлари томонидан инобатга олинмай келинган эди. 

Ўзбеклар минг йиллардан буён ўз тупроқларида яшаб келаётган халқдир. Лекин Афғонистон дея номланувчи ҳудудда яшаётган ўзбеклар охирги 200-300 йилдан буён ҳеч бир ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуққа эга бўлган эмас. Ҳаттоки ҳозирги кунда ҳам Афғонистон тупроқлари тарихан ўзбекларнинг ўз Ватани эканлиги писанд қилинмай, ўзбек халқининг маданий ва маърифий қадриятлари камситилган мақомда. Афғонистонлик ўзбеклар асрлар давомида шундай жуда мураккаб тарихий вазиятлар қуршовида. 

Аслида эса:

1. Афғонистон ҳудудида жойлашган бир неча минг йиллик тарихий аҳамиятга эга меъморий ёдгорликларнинг ҳақиқий меросчиси ва маънавий эгаси Афғонистонда яшаётган ҳозирги ўзбек миллатидир;

2. Афғонистондаги ўзбеклар сони қанчалик камайтириб кўрсатилмасин, 7-8 миллиондан ошиб кетганлиги кўпчилик мутахассисларга маълум. Ўзбекистондан сўнг, сони жиҳатидан Ўзбекистон ташқарисида яшайдиган ўзбеклар ичида Афғонистон ўзбеклари дунёда биринчи ўринда туради. Афғонистондаги ўзбеклар миллат сифатида шаклланган ўз ерларида яшаб келмоқда;

3. Ўзбек тили Ўзбекистондан ташқари, фақат Афғонистонда расмий давлат тили деб тан олинган;

4. Ўзбекистон ташқарисида ўзбек тилида дарс ўқитадиган олий ўқув юртлари ва ўрта таълим муассасалари сони бўйича Афғонистон ўзбекларининг таълим тизими дунёда биринчи ўринда туради;

5. Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбек тилида иш олиб борувчи ТВ, радио, газета, китоблар ва бошқа оммавий ахборот воситалари сони бўйича ҳам Афғонистон ўзбекларининг фаолияти Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар ичида дунёда биринчи ўринда туради.

Ўзбек халқининг бебаҳо миллий, маданий меросининг ва бир неча минг йиллик тарихининг бир қисми айнан ўз ота-боболарига тегишли ҳудуд билан боғлиқ эканлигига етарлича далил ва исботлар мавжуд. Лекин тарихий ҳақиқат шундай эканлигига назар-писанд қилмайдиган баъзи бир давлат лавозимларига чиқиб олган миллатпараст кимсалар Афғонистон давлат тизимидан фойдаланган ҳолда, нафақат ўзбек миллий тарихига ва маданиятига беписандлик қилиб келди, балки Афғонистонда ўзбек миллатининг борлигини йўқ қилиш сиёсатини ҳам олиб борди. 

Бутун бошли ўзбек миллати бундай муносабатга лойиқ бўлмаса-да, қанчадан-қанча ўзбек халқининг бечора намоёндалари ўзининг туғилиб ўсган юрти бўлмиш Афғонистонда давлат сиёсати даражасида камситилиб келинди. Уларнинг оддийгина инсоний ҳақ-ҳуқуқлари бўлмиш бу дунёда яшаш ҳақ-ҳуқуқлари Афғонистон ўтмишида яратилган миллатпараст сиёсий тизимларнинг хизматкорлари бўлмиш баъзи бир фаросатсиз шахслар томонидан яқингача назардан четда қолдирилиб келинганлиги ҳаммага маълум.

Ҳозирги кунда Афғонистонда истиқомат қилувчи ўзбеклар учун ўз миллий маданиятини ва ўзбек тилини сақлаб қолиш каби масалалар билан бирга ҳар томонлама миллий ривожланиш зарурияти энг муҳим сиёсий-ижтимоий масалалардан бири бўлиб қолди. Улар ўзи яшаб турган мамлакатнинг келажаги фаровон бўлиши учун жуда керакли бўлган масалаларнинг ечимини топиш кераклигини тушуниб етган аҳволда яшамоқда. Яъни, инсонларнинг тинч ва хотиржам яшашларини таъминлайдиган масалага боғлиқ бўлган ҳис-туйғуларни кучайтириш зарурияти ҳаётий масалага айланди. Энг муҳими, барча афғонистонлик ўзбекларнинг олий мақсади бу миллий ўзлигини англаш ва асраш бўлиб улгурди. 

Ўзбек тили, расмий тил сифатида Афғонистон Ислом Республикасида 2004 йил 4 январь куни Умум Афғонистон Олий Кенгаши Лоя Жирға томонидан қабул қилинган ва 2004 йил 26 январь куни Афғонистон давлат бошлиғи томонидан тасдиқланган «Асосий Қонун» дея номланадиган Афғонистон Конституциясининг 1-бобидаги 4- ва 16-моддаларида кўрсатилган талабларга биноан Афғонистоннинг Шимолий вилиоятларидаги университетларда ўзбек тили ва адабиёти бўлимлари ташкил қилинди, муаллим тайёрлаш муассасалари ишга тушди, ўзбек тилида таълим берувчи мактаблар очила бошланди, ўзбек тилида ТВ каналлар ташкил қилинди, бир нечта радио ва газеталар ҳам иш бошлади. 

Афғонистондаги ўзбек ТВ каналлари Ўзбекистонда ишлаб чиқилган видеоклиплар, концертлар ва ҳар хил сериалларни омма эътиборига тақдим этишмоқда. Лекин бу ишлар ҳар хил тижорий йўллар билан, афғонистонлик тижоратчилар томонидан Ўзбекистон бозорларидан сотиб олиб келинган сифатсиз видеодисклар ва кўчирмалар ёрдамида ва норасмий шаклда амалга оширилмоқда. Ҳаттоки Ўзбекистон ТВ каналларининг логотиплари ўчирилмасдан Афғонистон ўзбек ТВ каналларидан тўғридан-тўғри омма эътиборига узатилаётган кўрсатувлар ҳам бор. Наҳотки шу йўл билан ўзбек халқининг буюк маданиятини ва маънавиятини ифода қилиш мумкин бўлса?! Аммо, қанчалик вазиятлар оғир бўлмасин барибир Афғонистонда ўзбек тили тарғиб қилинмоқда. 

Афғонистонда ҳам худди Ўзбекистондагидек турли хил ўзбекча шевалар бор. Ўзбек адабий тили қарлуқ, ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларининг бирикмасидан ҳосил бўлган миллий тил сифатида намоён бўлиши билан бирга араб, форс, лотин, инглиз, рус ва бошқа тиллардан кириб келган сўзлар билан ўзбек тилининг чексиз имкониятларга эга, жуда ҳам бой ва қўлланиш доирасига кўра жаҳон тиллари ичида ифода салоҳияти кучли бўлган миллий тиллардан бири бўлиб ҳисобланмоқда. 

Афғонистондаги ёзма ўзбек тилида қўлланиладиган араб алифбоси хусусиятларидан келиб чиққан муаммолар сабабли ўртада бир қанча чалкашликлар турибди. Нутқ масаласида эса ҳеч қандай тафовут йўқ. Афғонистон ўзбекларининг араб алифбосига асосланган ёзма ўзбек тили билан Ўзбекистонда қўлланиладиган лотин алифбосига асосланган ёзма адабий ўзбек тили ўртасида грамматик фарқ йўқ. Ҳар икки томонда ҳам ўзбек тилининг грамматик хусусиятлари бир хил. Афғонистон ва Ўзбекистон худудида яшовчи бир миллатнинг адабий тил меъёрлари ўртасидаги фарқ асосан атамаларда кўзга ташланади. Баъзи бир лотинча атамаларнинг айтилиши Ўзбекистонга рус тили орқали кирган бўлса, худди шу атамалар Афғонистон ўзбекларининг тилига инглиз тилидан ўтганлиги сабабли юзага чиққан талаффуз фарқлари, яъни фонетик хусусиятлар мавжуддир. Асосий фарқларнинг яна бири Афғонистондаги ўзбек тилида форсча ва арабча сўзларининг кўплиги, Ўзбекистондаги ўзбекчада эса рус тилидан кириб келган сўзлар ишлатилишидадир. 

Охирги 10 йил ичида Афғонистонда миллионларча ёшлар ўзбек тилида таълим-тарбия олди. Шу кунгача мингларча ёшлар ўзбек тили ва адабиёти факултетларида ўқиб, олий маълумотли бўлди. Афғонистонлик ўзбек ёшлари чет элларнинг нуфузли университетларида ҳам таълим ола бошлашди. Ҳозирги кунда айнан мана шу ёшлар Афғонистон таълим тизимининг фаол иштирокчиларига айланмоқда.

Таълим муассасаларида хизмат қилаётган ўзбек тилидан дарс берувчи ўқитувчи педагогларнинг меҳнати эвазига кўплаб афғонистонлик ёшлар кўнглида ўзбек тилига бўлган меҳр-муҳаббат уйғонганлиги кўпчиликка маълум. Афғонистонда ўзбек тилининг ривожланиши учун жуда салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек тили мактаб ўқитувчи-педагоглари ва олийгоҳларда ёшларга таълим тарбия бераётган тилшунос устозлар араб имлосига асосланган ўзбек тили ва адабиёти дарсликларини ишлаб чиқиб, бир неча марта нашр қилишган. 

Афғонистон ўзбеклари, ўз миллий маданиятини ва тилини асраб қолиши учун нималар қилишлари лозим, қандай ҳаракатларни амалга оширишлари зарур, муаммони ҳал қилишнинг энг қулай йўли қандай, деган саволлар барча афғонистонлик зиёлиларни қийнаб келмоқда. Албатта, бу масалада етарлича муаммолар мавжуд. Аммо, масаланинг ижобий ечими учун энг муҳим қадам босилди, яъни афғонистонлик ўзбеклар ўз тилини ўрганишни ҳаётий масала сифатида қабул қилиб, ўз миллатига ва миллий тилига бўлган ҳурматни сақлаш зарур эканлигини маънавий ва маърифий жиҳатдан тушуниб етишга мувоффақ бўлишди. 

Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш муаммоларини ҳал қилишнинг ягона ва энг қулай йўли бу ўртадаги баъзи бир техник тафовутларни бартараф қилиб, Ўзбекистонда қайта ишлаб чиқилган адабий ўзбек тили ва ўзбек адабиётини ўқитиш тизимини ва меъёрларини Афғонистондаги ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш тизимига мослаштириб татбиқ қилишдан иборатдир. Бу эзгу ниятли мақсадларни амалга ошириш учун энг аввало афғонистонлик ёшларни Ўзбекистонда чиққан китобларни ўқишга ва уларни тушуниб етишига кўмаклашишдан бошлашимиз зарур. Чунки буюк Жайҳун дарёсининг икки қирғоғини эгаллаган ўзбек халқи маънавий-маърифий масалаларда бир мақсад сари интилишлари зарур эканлиги замонамиз талабига айланиб улгурди.

Афғонистон мактабларида ва бошқа таълим муассасаларида болаларни ўқитиш учун керакли бўлган ўзбекча дарсликлар, кўпчилик ҳолларда айнан Ўзбекистонда нашр қилинган китоблардан фойдаланиб тайёрланган. Сабаби ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва маданиятига тегишли илмий асарлар асосан Ўзбекистонда нашр қилинган. Ҳаттоки ҳозирги Афғонистон ҳудудида бир замонлар яшаб ижод қилган шоир ва уламоларимиз бўлмиш Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюкл алломаларимиз ёзган асарлар ҳам Ўзбекистонда нашр қилинган китоблар асосида афғонистонлик мутахассислар томонидан араб имлосига ўгирилиб, ўзбек тилида ўқишни истаган афғонистонлик мухлисларга тақдим этилган. 

Кўп йиллик изланишларимиз натижасига кўра тушуниб етганимиз шу бўлдики, Ўзбекистон кутубхоналарида сақланаётган ва ижтимоий тармоқларда берилаётган ўзбек тилидаги асарлар, ўзини ўзбекман деган ҳар бир инсон учун қимматли хазинадир. Дунёнинг қайси ўлкасида яшамасин, барча ўзбеклар учун муҳим ва зарур бўлган тил, адабиёт, тинчлик, бахтли ва фаровон ҳаёт фалсафаси каби мавзуларни ўз ичига олган асарлардан ташкил топган бу хазина, ҳар бир инсон кўнглида мавжуд бўлган яхши ниятлар, эзгу мақсадлар ва орзу-умидларни амалга ошириш учун босиб ўтилиши керак бўлган йўлни ёритиб турган чироқ каби зиё тарқатмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси томонидан Афғонистонга турли хил иқтисодий ва сиёсий ёрдамлар кўрсатилаётгани дунё ҳамжамиятига яхши маълум. Лекин ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва маданиятига тааллуқли масалаларнинг Афғонистонда ҳам кенг қулоч ёйиши учун Ўзбекистон таълим тизимига тегишли муассасалар Афғонистондаги ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш таълим тизимига ҳам эътиборни кучайтириши зарур. Ўзбекистонлик ўзбекларнинг афғонистонлик миллатдошларига маънавий ва маърифий жабҳаларда ёрдам қўлини узатиши бу оддийгина инсонийлик бурчидир. Бу масалада бир неча йиллар олдин Ўзбекистонда нашр қилинган китобларни ҳозир ҳам кўзларига суртиб ўқиб юрган афғонистонлик ёшлар ва уларнинг ўқитувчи-педагоглари ўз тилига бўлган ҳурмат, меҳр ва эътибор масаласида бизга ҳам яхши ўрнак бўлиб хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Маърифий масалалардаги фаолиятдан Ўзбекистон таълим тизими ҳам манфаатдор бўлиши аниқ. Сабаби ўзбекистонлик ёшлар ўз миллатининг маданиятини, тилини, тарихини, ижтимоий сиёсий йўлини тарғиб қилиш йўли билан ўзлари ҳам кўп нарсаларга эътиборли бўлишга, билим савиясини оширишга ва эгаллаган билимларини сайқаллашга эришади. Шу билан бирга ҳар бир Ўзбекистон Ватандоши ўз тарихини, маданиятини ва тилини бошқа давлатлардаги ўзбексеварларга ҳам тарғиб қилишни оддий масала деб қабул қилиб, бу жараённи амалга ошириш ҳаракати ҳар бир ўзбек зиёлиси учун миллий бурч деб ҳисобланиши зарур эканлигини тушуниб етади. Аслида, айнан мана шу яшаш усули ҳақиқий ўзбекона ҳаёт эканлигини ҳар бир ўзбекистонлик тушуниб етмоғи лозим. 

Ўзбек халқининг тили, адабиёти, тарихи ва маданиятини дунёга танитиш масаласи дунё ҳамжамияти томонидан ҳар қандай мустақил давлатга хос ва мос ҳаракат дея ижобий баҳоланиши аниқ. Чунки ҳар бир давлатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, умуман, борлиғи унинг халқининг илмий, маданий ва ижтимоий-сиёсий салоҳияти билан баҳоланади ва шу салоҳияти билан бошқа давлатга эзгу ният билан ижобий таъсир кўрсата олса, унда бу давлат тинчлик ва тотувликни тарғиб қилувчи давлат сифатида умумжаҳон эътиборида гавдаланади.

(Мақолани тайёрлашда муаллифнинг Афғонистонда нашр қилинган «Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими дастурлари» китобидан фойдаланилди.)

Афғонистон ҳақида мулоҳазалар I-бўлим

Шуҳрат Саламов

Мавзуга оид