Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг қудаси Макронга очиқ хат ёзди. Франция уни ички ишларга аралашишда айблади
АҚШнинг Париждаги элчиси, Доналд Трампнинг қудаси Чарлз Кушнер Эммануэл Макронга очиқ мактуб ёзиб, Францияни антисемитизмга қарши етарлича чоралар кўрмаганликда айблади. Франция эса АҚШ элчисининг айбловларини қатъий рад этди ҳамда унинг ўзини ташқи ишлар вазирлигига чақирди.
Фото: Оқ уй
АҚШнинг Париждаги элчиси Чарлз Кушнер президент Эммануэл Макронга мактуб ёзиб, Францияни антисемитизмга қарши етарлича чоралар кўрмаганликда айблади. Мазкур очиқ мактуб 24 август куни WSJ газетасида чоп этилди. Бу воқеа Франция билан АҚШ ва Исроил ўртасидаги чуқур келишмовчиликлар фонида юз берди.
«Мен Францияда антисемитизмнинг кескин кўпайиши ва ҳукуматнинг бунга қарши етарли чоралар кўрмаётганидан чуқур хавотирланиб сизга мурожаат қиламан... Францияда «яҳудийлар кўчада ҳужумга учрамасдан, синагогалар ёки мактаблар таҳқирланмасдан, яҳудийларга қарашли бизнеслар вандализмга учрамасдан» бирор кун ҳам ўтмаяпти», дея очиқ хатдан иқтибос келтирмоқда The Guardian нашри.
АҚШ элчиси Эммануэл Макронни нафрат жиноятлари бўйича қонунларни янада қатъийроқ ижро этишга ва Исроилни танқид қилиш оҳангини пасайтиришга чақирди. Унга кўра, Франция ҳукумати томонидан Фаластин давлатини тан олиш ҳақидаги баёнотлар мамлакатдаги антисемитизм ҳодисаларини кучайтирди.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги билдирган Чарлз Кушнернинг очиқ хатидан сўнг баёнот бериб, «навбатдаги айбловларни қатъиян рад этишини» билдирди.
«Франция бу айбловларни қатъиян рад этади. 2023 йил 7 октябрдан буён Францияда антисемитик хатти-ҳаракатларнинг кўпайгани ачинарли ҳақиқатдир ва Франция ҳукумати бу каби ҳаракатларга қарши курашишга тўлиқ содиқдир, чунки бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Элчининг айбловларини қабул қилиб бўлмайди» дейилади Франция ТИВ баёнотида.
Франция «Дипломатик муносабатларни тартибга солувчи Вена конвенцияси»га кўра, элчи баёноти давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик мажбуриятига зид келишини билдирган. Шунингдек, АҚШ элчиси Чарлз Кушнер 25 август куни Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Кушнер — Доналд Трампнинг қудаси
Чарлз Кушнернинг ўғли Жаред Кушнер – АҚШ президенти Доналд Трампнинг қизи Иванка Трампга уйланган. Нашрга кўра, Иванка 2009 йилда – тўйдан аввал яҳудийлик динини қабул қилган.
Кушнернинг мактуби бундан бир неча кун олдин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу томонидан Макронга юборилган хат ортидан келди. Унда Нетаняҳу ҳам Макронни Фаластин давлатини халқаро миқёсда тан олишга чақириши орқали антисемитизмга ҳисса қўшаётганликда айблаганди.
Макрон эса Нетаняҳунинг Ғазодаги уруш олиб боришини, хусусан, фаластинлик тинч аҳолининг қурбон бўлаётганини Европада очиқ танқид қилаётган энг қатъий сиёсатчилардан бири сифатида майдонга чиққан. Хусусан, Макроннинг Франция сентябрь ойида БМТ йиғилишида Фаластин давлатини расман тан олишини эълон қилиши Исроилда кескин норозилик уйғотган эди. Шунингдек, Макрон антисемитизмни Франция қадриятларига зид деб танқид қилган ва диний марказларни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик чораларини кучайтирган.
Францияда Ғарбий Европадаги энг катта яҳудий жамоаси — ярим миллионга яқин одам яшайди, шунингдек, Ғазо халқи тақдирига бефарқ бўлмаган бир неча миллионлик катта мусулмон жамоаси ҳам мавжуд. Исроилнинг Ғазодаги геноцид кўринишидаги уруши бошланганидан бери иккала жамоа ҳам нафрат жиноятларининг кўпайганини қайд этмоқда.