Жамият | 12:05 / 08.01.2023
39854
11 дақиқада ўқилади

Қодировнинг аёллар учун иш вақтини қисқартириш таклифи баҳсларга сабаб бўлмоқда – аёллар қандай фикрда?

Депутат Алишер Қодиров оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш таклифи билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда  бу таклиф турлича муҳокама қилинмоқда. Kun.uz фаол аёлларнинг бу ҳақдаги фикрларини жамлади.

Фото: Kun.uz

Ўзи нима гап?

10-15 январ куни аномал совуқ кутилаётгани муносабати билан таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фарзанди мактабгача таълим ташкилотига борадиган бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларнинг иш вақти иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда қисқартирилишини маълум қилди.  

Бу узайтирилган таътил эвазига вақтинча тартиб экани айтилмоқда.  

Шундан сўнг Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ишлайдиган, оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш таклифини билдирди.  

У бу билан аёл ходимнинг иш самарадорлиги сезиларли ошиши, оилада муҳит ўзгаришини айтган. “Қолаверса, натижа кўп ишлаш эмас, самарали ишлашнинг ҳосили эканини ҳамма тан олмаса ҳам, жуда яхши билади”, – деб ёзди Қодиров.

“Аёлларга дискриминацияни янада кучайтиради” – Дилбар Ҳайдарова, блогер 

Алишер Қодиров бераётган таклифи бир қарашда жозибали ва кераклидай туйилиши мумкин, аммо бу жуда хавфли таклиф. Бу худди болага конфет бериб, унинг қўлидаги бошқа ўйинчоқларини олиб қўйишдай гап.

Нега хавфли? Чунки бу аёллар дискриминациясини янада авжлантиради. Ҳар куни бир соат кеч келиб, бир соат олдин ишдан кетадиган аёлнинг карьерасини ижобий бўёқларда тасаввур қилиш мушкул. Раҳбар лавозимларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Қолаверса, кўплаб имтиёзлар аввал давлат ташкилотларига жорий қилиниб, сўнг хусусий секторларга ёйилиши сир эмас. Бу эса шундоқ ҳам аёллар улуши кам бўлган хусусий корхона ташкилотларда жинсий айирмачиликни кучайтириб юборади. 

Аслида, биз, аёлларга имтиёзлар керак эмас. Шунчаки аёл бўлганимиз учун сунъий тўсиқ қўйилмаса, ишда жинсига қараб эмас, лаёқатига кўра муносабат кўрсатилса ва албатта маълум бир иш учун эркакка ҳам, аёлга ҳам тенг ҳақ тўланса, мана шунда иш самарадорлиги ҳам, оиладаги муҳит ҳам ижобий томонга ўзгариб боради.  

Биз жамиятдаги оила, эр-хотин масъулиятларини яхшилаб кўриб, ислоҳ қилмас эканмиз, аёллар ҳафтасига 10 соат ишлаган тақдирда ҳам муаммолар келиб чиқаверади. Шу сабабли ҳақиқий муаммоларни ҳал этмай туриб, турли рағбатлар-у имтиёзлар ўз самарасини бермайди. 

“Имтиёзларнинг ҳаддан зиёд оширилиши аёлларнинг ходим сифатида қадрини туширади”. Шаҳноза Соатова, жамоатчилик фаоли  

Қонунчиликда ёш болали аёлларга, уларнинг иш куни, дам олиши, таътиллари борасида қатор нормалар мавжуд.  

Масалан, “Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади”. (Меҳнат кодекси, 2281-модда) ёки  “Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади...” (236-модда) ва ҳоказо. (“Аёлларга ҳуқуқий мадад” китобида меҳнат қонунчилигидаги ёш болали аёлларга 20 дан ортиқ имтиёз тури саналган). 

Агар шу нормаларнинг барчаси ишласа, аёлнинг бола тарбияси билан шуғулланиши ва унга ишлаб турган ҳолида имкон қадар вақт ажратиши таъминланади. Эътибор берилса, бу имтиёзлар иш берувчига ҳаддан ортиқ зўр келмайдиган, иқтисодий муносабатлар мувозанатини бузмайдиган даражада инсонпарварлик тамойиллари асосида белгиланган. Бундан оширилса, табиийки, аёлларнинг ходим сифатида қадри тушади.  

Энди, менимча, эркакларнинг гали. Оилага она билан бирга ота ҳам керак. Ҳозирги кунда аксинча отанинг оила даврасида кам бўлиши ва фарзандлар билан мулоқот танқислиги муаммога айланмоқда. Ижтимоий тармоқларда ходимларнинг ишдан кейин ушлаб қолиниши, дам олиш ва байрам кунлари ишга чақирилиши ҳолатлари ҳақида гапирилади ва асосан эркаклар томонидан бу шикоятлар кузатилади. Қолаверса, юқорида келтирилган аёлларга оид нормалар ҳам ҳамиша ишлайвермайди. 

Биз муаммони тўғри белгилаб, ташхислаб олишимиз керак. Мавжуд қонунларни тўлиқ ишлатсак ҳам, ота ва онанинг оиладаги, хусусан, фарзанд тарбиясидаги роли жой-жойига тушади. 

Амалда Алишер Қодиров айтган таклиф иш берувчи ва ходим муносабатларидаги мувозанатни бузади, меҳнат бозорида аёлларга талаб сусайишига олиб келади. Бундан ҳам ёмони, аёллар ноқонуний тарзда, фаолиятини расмийлаштирмай ишлашга мажбур бўлади ва бу уларнинг меҳнат ҳуқуқлари топталиши ҳамда “қора иқтисодиёт” улуши ошишига, “конвертда” иш ҳақи тўланиши кўпайишига олиб келади деб қўрқаман. 

“Аёлларга эркинлик берамиз деб уларни профессионал ҳаётдан суриб чиқарамиз” – Дилсора Фозилова, олима 

Бундан 4-5 йил олдин Австралия давлат университетида уйда аёллар эркаклардан қанча кўп ишлаши ҳақида тадқиқот олиб борилган. Аёллар оила, уй ишлари, фарзандга қараш, пишир-куйдир кабиларга эркаклар (ишдаги вақти)дан 4,5 соат кўпроқ сарфлаши маълум бўлди. Шундан кейин аёлларнинг иш соатларини ҳафтасига 34 соатга қисқартириш, эркакларнинг иш соатини ҳафтасига 47 соат этиб белгилаш борасида қизғин баҳслар бошланиб кетди. Бу воқеа шуни эсимга соляпти.  

Аёлларнинг ишлайдиган профессионал вақтини камайтирадиган бўлсак, биринчи савол шунақа бўлиши керак: аёллар бу вақтини нимага сарфлайди? Бунинг жавобини ҳаммамиз биламиз – аёлларимиз уйига бориб уй ишларини қилади. Биз аёлни профессионал ишидан олиб, пул тўланмайдиган ишга ташлаяпмиз. Кир ювади, овқат пиширади, қозон-товоғига қарайди, бозор қилади; бора-бора фалон ишга тўланадиган маош аёлларга бошқача, эркакларга бошқача бўлиб қолади ва иш берувчилар аёлларни эмас, эркакларни ишга олишни бошлайди.

Аёлларга эркинлик берамиз деб уларни уй ишларига маҳкамлаб қўямиз, иккинчидан уларни профессионал ҳаётдан чиқариб ташлаймиз. Ўзи аёлларимиз профессионал ҳаётдан ташқарига суриб бўлинган, бошқарувда, интеллектуал ишларда аёлларимиз деярли йўқ. Бу айримларнинг аёллар эркакларга нисбатан интеллектуал жиҳатдан пастда деган фикрларига сабаб бўляпти. Биз қиладиган ишимиз билан буни 2 карра кучайтирган бўламиз.  Ким уйда қанча иш қилади, ким кўпроқ болаларга вақт ажратади – эр-хотиннинг ўртасида ҳал қилинадиган иш бўлиши керак.  

“Вазиятни янада чигаллаштиради”. Гулноза Одилова, филология фанлари доктори 

Аёллар учун иш вақти қисқартирилиши қонунийлаштирилса, бу кейинчалик уларнинг ишга олинишига жиддий таъсир қилиши мумкин. Аёлларни ишга олишда ҳозир ҳам муаммолар етарли. Ўзим хабардор бўлган бир кейсни айтаман: давлат органларидан бирида раҳбар аёл киши бўлатуриб, аёлларни ишга олмайди. У аёллар вақтли ишдан кетиб қолади деб ҳисоблайди. 

Жамиятда болага масъулиятда эркак ва аёл тенг эмас. Боласи касал бўлса, эркак ҳам қолиб болага қараши мумкин-ку? Масъулиятлар тенгсизлиги аёлга кўпроқ вазифа юклаяпти ва бу ёш болали аёлни ишга олмасликка сабаб бўлиб қоляпти. Шундоқ ҳам аёл кадрдан иш берувчининг қўрқуви бўлган бир шароитда бу таклиф вазиятни янада қийинлаштиради.

“Бу акс натижа беради”, – Дилнозахон Каттахонова, жамоатчилик фаоли

Аёлларнинг иш вақтини қисқартириш акс натижа беради. Ўзи камдан-кам раҳбарлар аёлларни ишга олишни хоҳлайди, айнан уларга қонунчиликда берилган имкониятлар ҳамда аёлларнинг оиладаги вазифалари сабабли. 

Алишер Келдиевични ҳурмат қиламан, биз киритган қонунларни доим қўллаб-қувватлаганлар, аммо ушбу таклифни эътиборсиз қолдиролмадим. Меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилинса, аёллар ҳам, эркаклар ҳам тенг шароитларда самарали фаолият юритишларига, оиладаги вазифаларини ҳам вақтида бажаришларига ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

“Қодиров мактабгача ёшдаги боласи бўлган ота-онага (она ёки ота) иш вақтини қисқартиришни таклиф қилсин” - “Сукут сақлама” телеграм каналидан

Бу нимага керак? Аёл уй ишларини кўпроқ бажариши учунми? Ёки аксинча уни бу йўл билан ҳимоя қилиш учунми? Бу унинг иш ҳақига қандай таъсир қилади? Раҳбарлар аёлларни ишга олармикан кейин? Лавозим вазифалари қандай тақсимланади? Ҳамкасблари томонидан жинс бўйича камситилишга учрамайдими?

Аёллар учун қисқартирилган иш куни шундоғам қонунчиликда кўзда тутилган. Иш берувчи қуйидаги ходимлар илтимосига кўра тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбур:

- ҳомиладор аёллар;

- 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёллар, ҳомийлигида шундай боласи бор аёллар. 

Тўлиқсиз иш вақтида ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътили муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. 

Қодиров, шунингдек, бундай иш тартиби аёлларга болани мактабгача таълим муассасасидан ўз вақтида олиб кетиш имконини беришини таъкидлайди. Бўлмаса у мактабгача ёшдаги боласи бўлган ота-онага (она ёки ота) иш вақтини қисқартиришни таклиф қилсин.

Ёки боғчаларда навбатчи гуруҳлар ташкил қилинишини таклиф қилсин. Улар 19:00 ёки 20:00 гача ишласин, масалан.

Лекин афсуски, унга мартаба зинапоясига қийинчилик билан чиқаётган аёлнинг иш вақтини қисқартиришни ва энг яхши ҳолатда энг паст лавозимларга тайинланишига олиб келувчи таклифни бериш осонроқ.

Мадина Очилова, Илёс Сафаров, Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид