Ўзбекистон | 15:46 / 19.01.2023
15244
8 дақиқада ўқилади

«Улар бизга омонат» — кўнгиллилар совуқда ҳайвонларга ғамхўрлик акциясини бошлади

Совуқ кунлар билан нафақат одамлар, балки ҳайвонлар ҳам қаттиқ курашишига тўғри келмоқда. Бир гуруҳ ёш кўнгиллилар жамоаси Ўзбекистон бўйлаб қаровсиз, совуқда қолиб кетган ҳайвонларга овқат тарқатяпти.

10–15 январ кунлари Ўзбекистонда аномал совуқ кузатилди. Об-ҳаво ҳарорати сўнгги кунлари кундузи 0 градусга яқинлашган, аксар жойларда ердаги қорлар ҳамон эримаган. Ўзбекистонлик бир гуруҳ кўнгиллилар кўчадаги қаровсиз ҳайвонларга ғамхўрлик акциясини бошлади.

Акция етакчиси Ферузбек Сайфуллаев Kun.uz билан суҳбатда «Одамлар бизнинг кўнгилли жамоа эканимизни, давлат бу ҳаракатларимиз учун бир сўм ҳам тўламаслигини тушунишларини хоҳлардик... Тирик жон борки, уларга ғамхўрлик қилиш керак», деди.

«Тадбиркорлар ҳам ҳайвонларга ёрдам беряпти»

Биз кўчадаги қаровсиз ҳайвонларга озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда бериб келардик. Лекин аномал совуқ кириб келиши ҳақидаги хабар эълон қилингач, 5 январда совуқ кунларда бошпанасиз ҳайвонларни ҳимояга олиш борасида лойиҳа ишлаб чиқдик. «Эколог» нодавлат-нотижорат ташкилотимиз томонидан бошпанасиз ҳайвонлар қароргоҳига ёрдам қилиб келардик.

 Ферузбек Сайфуллаев

Лекин совуқ тушгач, ташқаридаги қаровсиз ҳайвонларни ҳам ҳимояга олиш керак, деган фикрга келдик. Совуқ тушиши билан кўчада бошпанасиз ҳайвонлар сони 2 баробарга кўпайди, одамлар хонадонларида боқаётган ҳайвонларини ҳам кўчага чиқариб ташлаган ҳолатлари кузатилди. Лекин ҳамма ҳайвонларни қамраб ололмасдик, вилоятларда кўнгилли ёшларимиз ўз маблағидан имкон қадар лойиҳани амалга оширяпти. Айрим вилоятларда тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти, айниқса, нон ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар пишмай қолган ёки куйган нонларни етказиб беришди.

«Одамлар моддий ёрдам кўрсатяпти»

Бухорода 8 кундирки, шу лойиҳани амалга оширяпмиз. Имкониятимиз етмагани сабабли ижтимоий тармоқлар орқали моддий кўмак сўраб, ўзимга тегишли банк картасини жойлаштирдим. Шу картага (18 январ ҳолатига кўра) 2 млн 11 минг сўм атрофида пул йиғилди, шундан 1 млн 600 минг сўмини 4та бошпанасиз ҳайвонларни қарамоғига олган қароргоҳларнинг ҳисобрақамига кўчирдик. Чунки у ердаги қароргоҳларда 500дан ошиқ итлар, мушук ва хўтиклар сақланади. Аёвсиз калтакланган, босиб кетилган, аҳволи оғир ҳайвонлар ҳам бор. Яна 400 минг сўм пулимиз қолди, шу пулни Бухородаги «Мя-мя» деган қароргоҳга кўчириб бермоқчимиз.

«Ҳар бир вилоятда волонтёрларимиз бор»

Волонтёрлар ассоциациясининг Бухородаги волонтёрлари билан бошпанасиз ҳайвонлар учун акция ташкил қилдик. Шу пайтгача Бухорода бу акцияни бир ўзим қилиб тургандим, бугун ўнга яқин волонтёрлар ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатларимизни кузатиб, қўшилишди.

Бу биргина Бухорода эмас, Жиззах, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, умуман «Эколог» ННТмизнинг ҳар бир вилоятдаги камида иккитадан кўнгилли волонтёрлари томонидан амалга ошириляпти.

«Вазир ҳам ёрдам берди»

Хабарингиз бор, давлат Экология қўмитаси Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлигига айлантирилди. Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам лойиҳамизни моддий томондан қўллаб-қувватлади, умуман кутилмаган ҳолат бўлди. Бу вазирнинг бошпанасиз ҳайвонларга ғамхўрлик қилишга хайрихоҳлигини билдиради.

«Экопартия тарғиботга ёрдам беришини хоҳлардик»

Ютуқларимиз бор, шу билан бирга камчиликларимиз ҳам. Бизда экологик партия ҳам бор, партия раҳбарлари, ходимлари имкон қадар моддий томондан қўллашяпти. Аммо бу етарли эмас. Бу партияни нега ташкил қилганмиз, уларнинг вазифаси нима?

Партиянинг жойларда ҳудудий бўлимлари бор, ҳеч бўлмаса, ҳафтада бир марта қушлар, бошпанасиз ит ва мушуклар учун овқат тарқатиш акциясини ташкил қилса, бизга шунинг ўзи етади. Ҳеч бўлмаса, тарғиботини олиб боришга кўмаклашишса, одамларга тушунтиришга ёрдам беришса, яхши бўларди. Совуқ кунларда нафақат одамларни, балки биохилмахилликни ҳам сақлаб қолишимиз керак. Буни тарғиб қилиш жуда зарур.

twitter.com/@lawyer_uzb

«Қушларга қўйган донларимизни одамлар товуқларига олиб кетган ҳолатлар бўлди»

Пластик идишлардан қушлар учун дон солинадиган қўлбола идишлар ясадик ва шаҳардаги қушлар борадиган жойлар, экобоғларга осиб чиқдик. Ҳар куни ўзим ичида дони борми, шамолда тушиб кетмадими, дея назорат қилиб бордим. Бир сафар борсам, иккита дарахтга осилган идишимизни бўшатиб, ичига қоғоз солиб кетишган, унга «раҳмат, уйда товуқларга дон йўқ эди, савобга қолдинглар», деб ёзиб қўйишган.

Бир килодан зиёд донларни олиб кетишган. Бу бир марта бўлди, бошқа такрорланмайди, деб ўйлагандик, аммо иккинчи кун ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Ҳеч қанақа ёзувсиз, қушлар учун солинган овқатларни олиб кетишган. Бу биз учун жуда ҳайратланарли ҳол бўлди. Нега одамлар ўзи қилолмайдиган ишни бошқалар қилса, қўллаб-қувватламагани — майли, халал беради? Қушларнинг овқатини жойлаштирган жойимизга «Илтимос, қушларнинг овқатига тегманг», деб ёзиб қўйганмиз.

«Ҳайвонлар билан муқолотда бўладиган болалар одамлар билан тез чиқишади»

Бизнинг ҳаракатимизни қўллаб-қувватлайдиганлар бор. Шундай инсонлардан бири қизалоғи кичкина кучукларга овқат бераётгани акс этган расмларни юборди. Ҳозир бу волонтёр оила иккита кучук боласини ҳимояга олиб боқиб турибди, «совуқ кунда ташлаб юбормаймиз» дейишди. Оилада яхши тарбия берилганидан, қизалоқнинг отаси ҳам яхши оилада тарбия топганига бир мисол бу. Ҳайвонларга ғамхўрлик қиладиган, мулоқотда бўладиган болалар одамлар билан тезроқ чиқишиб кетади. Улардан яхши одамлар етишиб чиқади. Ҳайвонларга меҳри бўлган одамнинг қўлидан ҳеч қачон ёмонлик келмайди.

Қаровсиз итларга овқат бераётган қизалоқ

«Кўнгиллилар ҳаракати давлатдан пул олмаслигини одамларимиз тушунишини хоҳлардим»

Одамларимиздан илтимос қилардик: майли ташқаридаги қаровсиз ҳайвонларга овқат беришмасин, аммо хонадонларидаги ҳайвонларини совуқ кунда кўчага ташлаб юборишмасин. Совуқда мушуклар, итларнинг болаларигача чиқариб ташлашди. Биз ҳаммасини қамраб ололмаймиз.

Кўнгиллиларнинг ҳаракатини давлат ташкилотидан ойлик оладиган шахсларга тенглаштиришади. Айрим пайтларда ёши катта онахонлар, аёллар телефон қилиб, «қаранглар, давлат сизга шунча пул беради, кўчам ит-мушукдан тўлиб кетди» ёки «ўлдириб юборайликми, олиб кетмайсанларми?» деб қўпол муомала қилишади.

Одамлар бизнинг кўнгилли жамоа эканимизни, давлат бу ҳаракатларимиз учун бир сўм ҳам тўламаслигини тушунишларини хоҳлардик. Бошпанасиз ҳайвонларни олиб кетганимиз учун давлат пул олади, деб ўйлашади. Бошпанасиз ҳайвонлар қароргоҳларида ишлайдиган кўнгиллиларни ҳам давлатдан катта-катта пул олади, шунинг учун 500–600 ҳайвонни боқади, манфаати бўлмаса, нима кераги бор, деб ўйлашади. Йўқ, орамизда инсонийлик жиҳатидан ҳайвонларни ўлдирмаслик учун кўнгилли сифатида ҳаракат қиладиган одамларимиз бор.

Совуқда ўлиб қолган мушук ва майна

Биласизми, жамиятимиздаги ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ташқи имижимизга ҳам таъсир қилади. Буни ҳам таҳлил қиладиган халқаро ташкилотлар бор. Тирик жон борки, уларга ёрдам бериш, ғамхўрлик қилиш керак. Агар ҳайвонларнинг табиатда ҳеч қандай роли бўлмаса, Худо уларни бекорга яратмаган бўларди.

«Ҳайвонларга ғамхўрлик акцияси давом этади»

Туристлар Сингапурга бориб дарахтларга меҳрни, тозаликка ҳавас қилишади, Туркияда ҳайвонларни, мушукларни кўришади, итлар билан расмга тушади. Шоу-бизнес вакиллари ҳам ҳайвонларга ғамхўрликни тарғиб қилади. Аммо нега ўзимизда шуни қилишмайди? Биз ҳам, Туркия ҳам мусулмон давлат, аммо бизда бошпанасиз ҳайвонларнинг тақдири ҳеч кимга қизиқ эмас.

Туркиянинг Аланя шаҳридаги қаровсиз ит ва мушукларга емак тушириб берадиган автомат

Ташкилотимиз атрофига бирлашган ёшлар имкон қадар ёрдам беришяпти. Акциямиз яна давом этади, кўнгиллилар буни тўхтатиб қўймасликни сўраяпти. Чунки ҳали об-ҳаво нормаллашмади, бир исиб, бир совияпти. Шунинг учун акцияни 15 февралга қадар давом эттирмоқчимиз. Февралдан об-ҳаво ҳам бироз юмшаши мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова

Мавзуга оид