Ўзбекистон | 16:21 / 05.01.2022
38242
8 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонлик тадбиркорнинг 100 тонна чигити Қашқадарёда чирияпти. Ҳокимлик паст кетмоқчи эмас

Каттақўрғонлик тадбиркор биржадан сотиб олган чигитини Қашқадарёдан Самарқандга олиб ўта олмаяпти. Kun.uz мухбири “Умакай” постида чигит ортилган юк машиналар бир ҳафтадан бери турганига гувоҳ бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова тадбиркорларга Қашқадарё вилоятининг биринчи раҳбарлари томонидан ноқонуний тўсиқ ўрнатилгани борасида эътироз билдирди.

2021 йилнинг 28 декабр куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида “Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖга тегишли техник чигит ушлаб қолинган. ЙПХ ходимлари тадбиркорлар билан суҳбат давомида вилоят раҳбарларининг топшириғи билан Қашқадарёдан чигит чиқарилмаслигини важ қилиб келтиришган.

Тадбиркорларнинг ҳужжати текширилаётгани, рухсат берилса қўйиб юборишини маълум қилган. Вазият ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири “Умакай” мунтазам йўл патрул масканида бўлиб, воқеалар ривожи билан қизиқди ва ҳозирга қадар очиқ ҳавода сақланаётган, ёмғир остида қолган юз тонна маҳсулотнинг ҳолатини тасвирга олди.

Кеча, 4 январ куни соат 14:00 дан ўтганда мазкур постга етиб борганимизда, учта юк машинасига ортилган маҳсулот шундоққина йўл ёқасида тўхтатиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Демак, ЙПХ ходими айтган ҳужжат текшириш “маросими” бир ҳафтада ҳам якунига етмаган экан.

“Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖ бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров биз билан суҳбатда мазкур постдан бундан аввал ҳам мунтазам чигит олиб ўтишганини маълум қилди. Корхона биржа савдоларида иштирок этиб, нафақат Қашқадарё, балки бошқа вилоятлардан ҳам доимий тарзда маҳсулот олиб келган.

Тоировнинг айтишича, мазкур ҳолатда корхона экспедиторидан ҳеч қанақа ҳужжатлар сўралмаган. ИИБ вакили, шунчаки, вилоятдан чигит чиқарилмаслигини айтган.

Шундан сўнг корхона мутасаддилари постга етиб бориб, маҳсулотни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ёзма ҳужжат талаб қилган. ИИБ вакили бундай ҳужжатни тақдим қила олмаган, “вилоят раҳбарларининг топшириғи”, деб туриб олган.

Масала вилоят ҳокимлиги билан ҳал этилиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган корхона раҳбарлари 29 декабр куни ҳокимликка борган. У ерда вилоят ҳокими билан учрашишнинг иложини қилишолмагач, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Алимовадан ёрдам сўраган. Гавҳар Алимованинг ҳам уринишлари зое кетган.

Умиджон Тоиров 2022 йил 3 январ куни кечқурун Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев билан учрашганини айтмоқда. Эркаев тадбиркор билан суҳбатда ИИБга ҳокимлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаганини билдирган.

“ИИБ ҳокимлик топшириғи деса, ҳокимлик биз топшириқ бермаганмиз деса, кимга ишонишни ҳам билмай қолдик”, – дейди Тоиров.

Дарвоқе, ўша куни Қашқадарё вилоят ҳокимлигида Эркин Тўхтаев деган киши ҳам ўзини масъулман деб таништирган ва Тоировга “Ҳужжатларимизда камчилик бор экан, тўғриладик”, деб тушунтириш хати ёзиб беришни сўраган.

Биздаги маълумотларга кўра, Эркин Тўхтаев – Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ахборот сиёсати бўйича доимий комиссия раиси, қурувчи-тадбиркор.

Биз юк машиналарини ҳокимият топшириғи билан тўхтатган “Умакай” пости бошлиғи Акрам Авазовдан вазият бўйича изоҳ олмоқчи бўлдик. Авазовнинг ҳамкасблари айни вақтда у вилоят прокуратурасига чақиртирилгани ва ўзлари бундан ортиқ изоҳ бера олмасликларини маълум қилди.

“Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖ бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров ҳужжатларда муаммо йўқлигини айтмоқда.

“Бизни ИИБ ҳужжатларимиздаги камчилик сабаб тўхтатган бўлса, нега маҳсулотларимиз ортилган юк машиналари очиқда сақланяпти, жарима майдончасида эмас. Қолаверса, юкни олиб кетиш билан боғлиқ барча ҳужжатларимизни ИИБга тақдим қилганмиз”, деди.

Дарҳақиқат, QR-кодли битим имзоланган. Пуллар кўчирилган. Электрон счёт фактура шакллантирилган. Қоидага кўра, қабул қилиб олувчи томон юкни тўла тўкис қабул қилганидан сўнг уни электрон имзоси билан тасдиқлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур масалада билдирган расмий муносабатида тилга олинган “қўлда ёзилган” ва “шубҳали” фактуралар эмас, юк хати ҳисобланади. Қайси машиналарга қанча маҳсулот юкланганини билдириш учун.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги кластер томонидан расмийлаштирилиб, “Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖга 98,3 тонна чигит юборилгани, лекин сотиб олувчи томонидан ҳанузгача электрон имзо билан тасдиқланмаган электрон ҳисобварақ фактурасининг қоғоз нусхасини тақдим этмаганини юк тўхтатилгани учун баҳона сифатида тақдим этмоқда.

Амалдаги қоидаларга кўра, электрон ҳисобварақ фактурани сотиб олувчи шу заҳоти тасдиқлаши шарт эмас. Бунинг учун 10 кун муддат берилган. Сотиб олувчи ҳатто фактурани тасдиқламасликка ҳам ҳақли. 10 кун ичида тасдиқламаса ёки рад этмаса, электрон ҳисобварақ-фактура автоматик равишда тасдиқланган ҳисобланади.

Ундан ҳам қизиғи, йўл патрул хизмати ташилаётган юк бўйича электрон фактураларни текширишга ваколатли эмас. Бу уларнинг вазифаси ҳам эмас.

Бухгалтер Тоиров очиқ ҳавода етти кундан бери сақлаб турилган қарийб юз тонна маҳсулотнинг бугунги ҳолатидан ташвишда эканини билдирди. Сўнгги кунлардаги ёғингарчилик, табиийки, маҳсулот сифатига зарар етказаётгани, қолаверса, корхона иши орқага кетаётганини маълум қилди.

Дарҳақиқат, усти очиқ юк машиналарда сақланаётган чигит бир ҳафтадан ошибдики, очиқ ҳавода, ёмғир остида. Юк машиналар остидан сув оқяпти.

Бизни ўйлантираётган ҳолат, юк машиналари 2021 йилнинг 28 декабрида тўхтатилган. Нега шу вақтга қадар тадбиркор ҳужжатларини тақдим қилган бўлса-да, маҳсулот асоссиз ушлаб турилибди?

Нега 2022 йилнинг 4 январ куни, мавзу ижтимоий тармоқларда ёйилгандан сўнггина Қашқадарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорнинг ҳақ-ноҳақлиги бўйича тезкор-қидирув тадбирлари бошлангани ҳақида хабар беряпти?

Яна бир ҳолат. Ушбу суриштирувни тайёрлашимиз жараёнида каттақўрғонлик бошқа тадбиркор, “Kattakurgan Yog Moy” МЧЖ раҳбари Муҳаммадрасул Неъматуллаев биз билан боғланди.

У ҳам Шаҳрисабз туманидаги “Oq Saroy Textile” МЧЖга 2021 йилнинг 29 декабр куни биржа орқали харид қилинган юз тонна маҳсулотнинг пули ўтказиб берилгани, 30 декабр куни юкланган чигит барча олди-берди жараёнлари якунланган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра жўнатиб юборилмаётганини билдирди. Ваҳоланки, Неъматуллаевга маҳсулот 31 декабр куни жўнатиб юборилиши айтилган. Айни вақтда унинг маҳсулоти ҳам Шаҳрисабздаги корхона ҳовлисида, очиқ ҳавода сақланяпти. Мазкур корхона раҳбари ҳам шу вақтга қадар харид қилинган маҳсулот бирор марта сабабсиз ушлаб турилмаганини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда тадбиркорлар фаолиятига худди мана шу тарзда аралашган уч вилоят, жумладан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва ИИБга нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш қўзғатилган эди. Ўшанда ҳам айнан чигитни бошқа ҳудудга олиб чиқиш билан боғлиқ муаммо юзага келган.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига асосан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлар фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Қатъий хулоса қилиш фикридан йироқмиз. Аммо юқоридаги ҳолатлар нафақат тадбиркорлар оёғига болта уриш, балки Қашқадарёда яна мавжуд қонунларимизга беписандлик, феодал қарашлар ҳукм сура бошлаганидан далолат бермоқда.

Kun.uz мавзуга яна қайтади ва воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид