Ўзбекистон | 15:37 / 13.06.2023
26319
3 дақиқада ўқилади

Бу йил магистратурага фақат бир марта қабул бўлади – таълимнинг бу босқичига қабул тартиби қандай?

Талабгор магистратурада танлайдиган йўналиш у ўқиган бакалавриатдаги йўналишга мос бўлиши керакми? Магистратурага киришда кимларда имтиёз бор? Kun.uz магистратурага қабул билан боғлиқ маълумотларни бир саҳифага жамлади.

Фото: KUN.UZ

Ўтган 2022 йилдан бошлаб магистратура қабулида қатор ўзгаришлар содир бўлди:

  • Магистратурага бир ўқув йилида икки марта – қишки ва ёзги қабул амалга оширилди;
  • Магистратурага ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати талаб этила бошланди;
  • Алоҳида кириш имтиҳонлари бекор қилиниб, талабгорлар дипломидаги ва тил сертификатидаги баллига қараб кетма-кетликда саралаб олинди.

Лекин олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг яқинда берган интервьюсига кўра, ўтган йили 2 марта бўлган қабул истисно тариқасида ташкиллаштирилган, бу йил магистратурага қабул фақат бир марта, ёз ойида бўлиши кутиляпти.

Магистратурага қабул тартиби қандай ўзи?

Бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар турдош таълим йўналишлари рўйхатидаги ихтисосликларнинг бирига ҳужжат топшириши мумкин. Магистратурага ҳам танлов тенг ҳуқуқлилик асосида амалга оширилади.

Ўтган ўқув йилида қабул 1 июлдан 30 июлгача онлайн тарзда амалга оширилганди.

Лекин талабгорларни саралаш учун алоҳида синов ташкил этилмаган.

Асосий талаб 2022/23 йилги қабулдан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш учун талабгорда чет тилидан B2 даража, тил йўналишлари номзодларида эса С1 даражадаги сертификат бўлиши лозим эди.

Талабгорларнинг ҳужжатлари тасдиқлангач, улар бакалавриат дипломининг ўртача балли ва тил сертификати даражасига кўра сараланган.

Лекин бу талаб биринчи марта қўйилгани сабаб ёзги қабулда квоталар тўлмаган, шунинг учун қишки қабул ҳам ташкиллаштирилган ва унда чет тили сертификатининг даражаси талабга жавоб бермаса ҳам, абитуриентлар талабаликка қабул қилинганди.

Бироқ бу йилги қабулда сертификат талаби қаттиқ бўлади, шунингдек, вазир қишки қабул бўлмаслигини олдиндан маълум қилди.

Қайси йўналишларда ўқишни ким ҳал қилади?

Талаба магистратурада танлайдиган йўналиш у бакалавриатда ўқиган йўналишга мос бўлиши керак. Қайси йўналишларга мослиги эса ҳар йили қабул тугагунга қадар тасдиқланади.

Кимларда магистратура учун имтиёз бор?

  • Президентнинг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари;
  • Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари;
  • «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари.

Фақат шарти улар бу стипендия ва мукофотларни олганда талаба бўлиши ёки олий таълимнинг бакалавриат босқичини тамомлаган бўлишлари керак.

Бундан ташқари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этадиган олимпиадада I, II ва III ўринларни эгаллаган ғолиблар олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича магистратура босқичига ўқишга қабул қилиш имтиёзига ҳам эга бўлади.

Мавзуга оид