Ўзбекистон | 12:28 / 19.03.2021
22363
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқнинг аҳволи мени қаттиқ ўйга толдирди – президент

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда ва унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этяпти.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари Чирчиқ шаҳридаги ҳолат ҳақида гапириб ўтган.

“Ҳокимларда ташаббус етишмаяпти. Кеча Чирчиққа борганимдан хабарингиз бор, у шаҳардаги аҳволга маймунлар йиғлайди. Бу шаҳарнинг аҳволи мени қаттиқ ўйга толдирди. Майли, инфраструктура муаммоси бордир, лекин дарахтни оқласа, ариқларни тозаласа бўлади-ку. Мен қаерга боришимни айтмайман, деганман. 

Неча кишига ойлик беряпмиз, прокурор, солиқчи, ички ишлар... Нега халқ орасига кириб муаммоларни ўрганмайди? Минглаб аҳоли “уй беринг”, деб турибди. Нега ҳеч ким Бухоро тажрибасини ўрганмайди? Бухорода қийин бўлса ҳам икки қаватли уйлар ўрнига қанча уйлар барпо қилинди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, президент Чирчиқдаги маҳаллаларда аҳоли билан суҳбатлашгани хабар берилганди.

“Чирчиқ бир пайтлар донғи кетган шаҳар эди. Охирги вақтларда анча “чарчаб” қолганди. Тегирмон навбати билан дегандек, энди бу ерда ҳам ҳамма шароитларни яратамиз. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошлаяпмиз”, деди давлат раҳбари аҳоли билан суҳбатда.

Мавзуга оид