Жамият | 15:39 / 27.11.2023
43923
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги концерт вақтида рўй берган тиқилинчда қурбонлар бўлгани рад этилди

Пойтахт ИИББ Jah Khalib'нинг “Ҳумо” аренасидаги концертига киришда юзага келган тиқилинч оқибатида инсонлар ўлими рўй бергани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Чипталар қалбакилаштирилгани бўйича жиноят иши очилган. Чипта операторига кўра, қалбакилаштириш натижасида битта QR код ёрдамида 115 киши концертга киришга уринган.

Тармоқдаги видеолардан кадрлар

25 ноябр куни Тошкентдаги “Ҳумо” аренасида хонанда Jah Khalib'нинг концертига киришда тартибсизлик юзага келган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тартибсизлик оқибатида пичоқбозлик ва ўлим рўй бергани ҳақида интернетда тарқалган миш-мишларни рад этди.

Маълум қилинишича, ҳолат Миллий гвардия ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан назоратга олиниб, оғир оқибатлар содир бўлишининг олди олинган.

“Айрим ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу тартибсизлик жараёнида гўёки бир нечта фуқаролар жароҳат олгани ва вафот этганлиги ҳақида асосланмаган ва текширилмаган хабарларни тарқатмоқда. Ўтказилган текширув жараёнида ушбу ҳолатда бирорта фуқаро жароҳат олганлиги ва вафот этганлиги ҳақида хабар келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз”, – дейилади расмий хабарда.

ИИББга кўра, бу концертга кириш учун фуқароларга сохта чипталар сотилгани ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси (қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Концертга чипта сотишга масъул бўлган iticket.uz компанияси ҳам ҳолат бўйича изоҳ берди. Компаниянинг Kun.uz'га тақдим этган расмий муносабатида айтилишича, сохта чипталар бошқа сайтлардан харид қилинган.

“Томошабинларнинг фан зонасига киришини назорат қилиш чоғида концертга сохта чипталарни iticket.uz расмий платформаси орқали эмас, балки бошқа сайтлардан харид қилган кўплаб одамлар томонидан қўзғатилган назоратсиз навбат пайдо бўлди. Юзлаб сохта чипталар аниқланиб, воситачилар ва сотувчилар томонидан сотилган. Шундай қилиб, атиги битта QR код ёрдамида тадбирга киришга 115 та уриниш қилинган.

Дастурий назорат тизими туфайли қалбаки чипта сотиб олган шахслар тадбирга кира олмадилар. Бироқ, улар яратган тартибсизликлар натижасида қўлларида ҳақиқий чипта бўлган одамлар ҳам концертга кела олмадилар.

Айни пайтда қалбаки чипталар ҳамда уларни сотган ва сотиб олган шахслар тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар ҳар бир юзага келган воқеа учун айбдор шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш учун ИИББга топширилди.

Биз афсусдамиз ва шуни таъкидлаб ўтамизки, Jah Khalib концертига расмий манбадан ёки iticket.uz кассасидан чипта сотиб олган ва тадбирда қатнаша олмаган ҳар бир мижознинг тўлови қайтарилади”, – дейилади iticket.uz баёнотида.

Компания ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солишини қайд этиб, мижозлардан чипталарни фақат веб-сайт ёки iticket.uz кассасидан ёки тадбир ташкилотчиларидан сотиб олишни сўраган.

“Чипталарни қайта сотиш ёки уларни бошқа шаклда сотиш қонунан тақиқланади”, – дея эслатган чипта оператори.

Мавзуга оид