Жамият | 19:08 / 07.10.2025
5664
3 дақиқада ўқилади

“Икки марта мурожаат қилганмиз” — Туладаги ҳибсхонада қолаётган 13 ўзбекистонликка вазирлик ва элчихона ёрдам беролмаяпти 

Kun.uz 13 нафар ўзбекистонлик Россиянинг Тула вилоятидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида 8 ойдан бери қолаётгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг таҳририят билан гаплашган ТИВ расмий вакили Россиядаги элчихона дипломатлари бундан хабардорлиги, вазият назорат остига олинганини айтган. Бироқ ҳеч нима ўзгармади, 5 нафари аёл бўлган юртдошларимиз оғир шароитли ҳибсхонада қолиб кетмоқда. 

Фото: Видеодан кадр

Гап шундаки, таҳририят 27 сентябр куни айни пайтда ҳибсда сақланаётган 13 нафар ўзбекистонликларнинг мурожаати асосида хабар эълон қилганди. Унга кўра, 5 нафари аёллар бўлган жами 13 киши Россиянинг Тула вилояти Киреевский туманидаги “Золотой город” дам олиш масканида ишлашган. Бироқ уларнинг ҳужжатлари амал қилиш муддати тугагани боис полиция ушлаган ва бу меҳнат муҳожирлари миграция қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинган. 

Фуқаролар бир неча бор ҳаттоки ўз маблағлари ҳисобига депортация қилишларини илтимос қилган., қайтиш чиптаси ҳам борлигини айтган. Чунки ҳибсхона шароити оғир, озиқ-овқат ва тиббий хизмат етарли даражада эмасди. Бироқ улар барибир ҳибсда қолмоқда. 

Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили – Аҳрор Бурҳоновга кўра, вазиятдан ушбу идора ва республиканинг Россиядаги дипломатик миссияси аллақачон хабар топган. 

Бу масаладан хабаримиз бор, бу бўйича икки марта мурожаат қилганмиз. Ҳозир элчихонамиз вакиллари Россия томони билан ишлаяпти”, дейди вазирлик матбуот котиби. 

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси 2 октябр куни берган муносабатига кўра, бу масала алоҳида назоратга олинган. 

Россиянинг Тула вилоятидаги вақтинча сақлаш марказида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум иламиз. 

Элчихона томонидан мазкур масала юзасидан Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот идораларига расмий сўровлар юборилган. 

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан алоҳида назоратга олинган”, дейилади элчихонанинг муносабатида. 

Шундан бери орадан 5 кун ўтди, бироқ вазият алсо ўзгармаган. 7 октябр куни Kun.uz билан қайта алоқага чиққан ўзбекистонликларга кўра, ҳеч қандай янгилик йўқ. 

Жимжитлик, ҳеч қанақа янгилик йўқ, элчихонага ҳам ёздик, лекин жим. Бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти, ҳозирги вазиятда элчихона аралашса, балки бизни қўйиб юборишарди”, дейди ҳибсхонадагилардан бири. 

Эслатиб ўтамиз, қўлга олинганларга Украина урушига бориш таклифи ҳам берилган. Бироқ ўзбекистонликлар буни рад этган.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид