Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тулада миграция қоидаларини бузган 13 нафар ўзбекистонлик 8 ойдан буён ҳибсда қолмоқда. Улар орасида аёллар ҳам бор
Kun.uz’га Россиянинг Тула вилоятидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонликлардан мурожаат келиб тушди. Уларнинг 5 нафари аёллар. Миграция тартибини бузгани учун қўлга олинган фуқаролар ватанга қайтиш учун элчихона ва консуллик идораларига бир неча бор мурожаат қилган. Аммо фойдаси бўлмаган.
Фото: Видеодан кадр
Таҳририятга боғланган Ф.Д.нинг (фуқароларнинг илтимосига кўра уларнинг шахси очиқланмади) сўзларига кўра, айни пайтда ҳибсда сақланаётган 13 ўзбекистонлик (уларнинг 5 нафари аёллар) Тула вилояти Киреевский туманидаги “Золотой город” номли дам олиш оромгоҳида ишлаган. Кейин уларнинг ҳужжатлари амал қилиш муддати тугагани аниқланиб, полиция томонидан ушланган.
Фуқароларнинг сўзларига кўра, улар жиноятчи сифатида эмас, балки “гувоҳ” мақомида ушлаб турилибди. Ҳозирда эркаклар Киреевский туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида, аёллар эса Тула шаҳри Алексинский шоссесидаги изоляторда сақланмоқда.
“Биз 8 ойдан бери шу ердамиз. Ҳар куни қийин шароитда яшаяпмиз. Орамизда 5 нафар аёл ҳам бор. Элчихона, консуллик ва Ташқи ишлар вазирлигига неча марта мурожаат қилдик, ҳеч қандай натижа йўқ”, - деди таҳририятга мурожаат йўллаган Ф.Д.
Фуқаролар ҳибсхона шароити оғирлигини, озиқ-овқат ва тиббий хизмат етарли даражада эмаслигини таъкидламоқда. Айримларига Украинага урушга бориш ҳақида таклиф ҳам берилган, аммо улар буни рад этган.
Мурожаатда келтирилишича, уларнинг қайтиши учун чипталари бор, агар лозим бўлса, ўз маблағлари ҳисобидан депортация қилиниб юборилишини ҳам сўрашмоқда.
Айтишларича, улар бир неча марта Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консуллик идораларига мурожаат қилган, аммо фойдаси бўлмаган.
Таҳририят ихтиёрида ушбу 13 нафар фуқаронинг тўлиқ рўйхати ва шахсий маълумотлари мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал “Ватанга қайтариш” хайрия акцияси эълон қилинган эди. Унга кўра, элчихона ва консулликлар хориждаги депортация марказларида сақланаётган ўзбекистонликларни аниқлаб, Миграция агентлигига тақдим этиши, агентлик эса 1-3 иш кунида уларнинг йўл чипталарини харид қилиши белгиланганди. Биринчи навбатда Россия, Туркия ва бошқа давлатлардаги аёллар ва болалар қайтарилиши айтилган.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
20:47
Ўзбекистонликлар Япониядаги қурилишларга ишга юборилади
19:09 / 05.12.2025
Москва мэри мигрантлардан норози бўлганларга қўлга супурги олишни маслаҳат берди
20:56 / 04.12.2025
Жанубий Корея ноқонуний мигрантларнинг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши учун 90 кунлик дастур эълон қилди
18:37 / 01.12.2025