Ўзбекистон | 07:32 / 05.05.2020
30664
3 дақиқада ўқилади

Президент томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қарор имзолайди

Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

2020 йил 1 майдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан уч томонлама шартномалар асосида, етказиб берувчи ташкилотлар ўртасида таклифларини кўриб чиқишда ҳамда холис ва асосли мезонлар асосида энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишда, беғаразлик ва шаффофлик механизмларига мувофиқ қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади:

а) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

суғориш воситалари харид қилиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача;

б) ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиши учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача.

Белгиланишича, мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ субсидиялар ажратиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун субсидия ва грантлар ажратиш тартибини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда икки ҳафта муддатда тикувчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик ва бошқа илғор соҳаларда кооперативлар ташкил этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш;

кооперативларга ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорларни бирлаштириш.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилаларга томорқа ер участкалари самарадорлигини оширишни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари аъзолигига бадал тўлаш учун субсидиялар ажратишни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 50 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратиш ҳақидаги таклифига розилик берилади.

Мавзуга оид