Энг машҳур фамилия – Бахтиёров. Энг машҳур исмлар – Муҳаммадали ва Солиҳа
Адлия вазирлиги Kun.uz сўровига жавобан Ўзбекистондаги энг машҳур исм-фамилияларни очиқлади.
ФҲДЁ архивлари электронлаштирилгани натижасида тизимдаги 60 миллиондан ортиқ қоғоз кўринишидаги ҳужжатлар рақамлаштирилган бўлиб, бу айрим статистик маълумотларни аниқлаш имконини бермоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги Kun.uz сўровига жавобан 2015 йилдан кейинги даврда Ўзбекистондаги энг машҳур исм-фамилиялар рўйхатини тақдим этди.
Аниқланишича, мамлакатимиздаги энг машҳур ўнта фамилия қуйидагилар:
- Бахтиёров – 35602 нафар фуқаро шундай фамилияга эга;
- Бахтиёрова – 33342;
- Рустамов – 28713;
- Рустамова – 26731;
- Абдуллаев – 20968;
- Абдуллаева – 19821;
- Эркинов – 17433;
- Баҳодиров – 16238;
- Шавкатов – 16126;
- Эркинова – 16074;
Бу – 2015 йилдан ҳозиргача бўлган статистик маълумотларга кўра тайёрланган рейтинг. Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоевага кўра, 1991 йилдан 2015 йилгача бўлган ва ундан аввалги ҳужжатлар ҳали тўлиқ рақамлаштирилмагани сабабли республикамиздаги энг машҳур фамилиялар ва ушбу фамилияли шахсларнинг сонига доир статистик маълумотларни аниқлаш ҳозирча имконсиз.
2013 йилдан буён Ўзбекистонда туғилган 119995 нафар ўғил болага Муҳаммадали исми берилган. Жумладан, биргина 2023 йилнинг 28 май ҳолатига 9806 нафар бола шундай исм олган ва бу республика миқёсида энг кўп қўйилган исмдир. Умуман олганда, Муҳаммадали исми 2014 йилдан буён ўғил чақалоқларга энг кўп қўйилаётган исмлар рўйхатини бошқариб келмоқда. Фақатгина 2018 йили у иккинчи ўринга тушиб қолган, ўша йили Мустафо Ўзбекистонда энг кўп қўйилган исм дея қайд этилган.
Худди шу даврда туғилган 114540 нафар қизалоқ Солиҳа исмини олган. Бу исм 2018 йилдан буён Ўзбекистонда энг кўп қўйилаётган исм бўлиб турибди. Шунингдек, 2021 йилда 6015, 2020 йилда 4071 нафар қиз чақалоққа Солиҳабону дея исм қўйилган. Гарчи булар битта исмнинг турли шакли бўлса-да, исмларга қўшиладиган қўшимчалар (-хон, -ой, -бону ва ҳоказо) уларни уникал исмга айлантиради ва электрон базада алоҳида қайд этилади. Шунга кўра архив маълумотлари яхшилаб таҳлил қилинса, аслида Солиҳа исмли қизлар ҳозиргидан анча кўп бўлиб чиқиши мумкин.
Мавзуга оид
08:45 / 24.12.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси салкам 60 млрд долларга етди
10:56 / 22.12.2024
2024 йил 11 ойда қанча енгил автомобил ишлаб чиқарилгани маълум қилинди
08:10 / 10.12.2024
Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37,5 млндан ошди
16:51 / 09.12.2024