Ўзбекистон | 07:32 / 27.04.2020
33019
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига ер майдонлари ажратилади

Самарқанд вилоятининг тадбиркорлик ва инвестиция салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг “Самарқанд вилоятининг тадбиркорлик ва инвестиция салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “Давергеодезкадастр” қўмитасининг Самарқанд вилоятида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади. 

Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Давергеодезкадастр” қўмитаси билан биргаликда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ер майдонлари ажратилишини таъминлайди.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган ер майдонлари  

Белгилаб қўйилишича, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни лойиҳа ташаббускорлари ҳисобидан қопланади. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда лойиҳа ташаббускорлари учун белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни муддатларида бажарилиши юзасидан мониторинг юритилишини ва ҳар чорак якуни билан Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борилишини таъминлайди. 

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига асосан, лойиҳа ташаббускорларига ер участкасидан белгиланган муддатларда мақсадли фойдаланилмаган тақдирда ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлайди. 

Бунда, лойиҳа ташаббускори томонидан белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниб, ушбу ер майдонида аввал белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар параметрларидан кам бўлмаган янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришга рухсат берилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги суғориладиган ер майдонларни қисқариб кетишини олдини олиш мақсадида қурилишга ажратилаётган суғориладиган ер майдонларига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилишини таъминлаш чорасини кўради.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов зиммасига юкланади. 

Мавзуга оид