«Якка тартибда уй қуриш учун ажратилган ерларга кўп қаватли уйлар қурилмоқда» – Ортиқхўжаев аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган муаммо ҳақида
Сенатнинг 11-ялпи мажлисида Тошкент шаҳри ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарсозлик соҳасида пойтахтда юзага келаётган муаммолар ҳақида гапирди.
«Кейинги пайтларда айрим фуқароларимиз томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари кўпайиб кетди. Хусусан, Тошкент шаҳрида якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкасида кўп қаватли уйлар қуриш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу ўша жойда қурилган кўп қаватли уйлардаги муҳандислик-коммуникация тизимларига салбий таъсир кўрсатиб, айримларининг қуввати етмай, айримларида эса турли авария ҳолатлари келиб чиқмоқда.
Масалан, 2020 йилда ўтказилган хатловда 100дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида 3 қаватдан баланд бўлган уй жойлар қурилгани аниқланди. Ушбу ҳолат шу уйлар атрофидаги аҳолининг норозилиги ва коммунал соҳадаги муаммолар ортишига олиб келмоқда.
Ушбу янги таҳрирдаги кодекснинг 47-моддасига кўра, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонларига икки қаватдан ортиқ бино қуриш тақиқланади», деди Ортиқхўжаев.
У янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексидаги бошқа ўзгаришлар ҳақида маълумот берди ҳамда ушбу қонун халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида муҳокама қилиниб, маъқулланганини билдирди.
Бундан аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2020 йилда Тошкент шаҳрида жами 8 минг 444та хонадондан иборат 125та кўп қаватли уйлар қуриб фойдаланишга топширилгани ва бу Тошкентда уй-жой нархи янада ошиб кетмаслигини таъминлаётганини маълум қилган эди.
«Айтмоқчиманки, қурилишни ўз вақтида жадаллаштирганимиз учун шу нархлар бор. Агар қурилишни тўхтатиб қўйсак, Тошкент шаҳрида «прописка режими» бекор қилингани ҳисобига ҳам нархлар кескин ошиши, уйлар етишмовчилиги кузатилади. Шунинг учун биз бугун тезда катта-катта лойиҳаларни қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Уйлар қимматлашгани сари камроқ даромадли оилаларнинг уй сотиб олиш даражаси кескин камайиб кетади», деганди ҳоким.
Эслатиб ўтамиз, Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланганди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
14:40 / 22.12.2024
Эскроу тизими: у жорий этилса, мижозлар қурувчиларга алданмайдими?
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024