Ўзбекистон | 01:39 / 08.05.2020
20253
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш кунини фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилди

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирлар ўтказиш, II жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш тақиқланади.

Фото: Kun.uz

Республика махсус комиссияси хабарига кўра, мазкур чеклов «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалардаги ҳудудларнинг барчаси учун тааллуқлидир.

«Барчамиз учун улуғ ушбу байрамни фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилади», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бугунги кунда МДҲга аъзо ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатлар томонидан 9 май куни байрам тадбирлари ўтказишда фуқароларнинг жамоат жойларида тўпланиши бўйича қатъий чекловлар қўлланаётгани, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига асосан коронавирус инфекцияси билан касалланиш ёши катталарда оғир кечиши инобатга олинган ҳолда шундай қарорга келинган.

Бундан ташқари, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жамоат жойларида ҳаракатланишда, савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофа сақлаш, шунингдек уч кишидан кўп шахсларнинг тўпланиши бўйича талаблар сақланиб қолгани эслатиб ўтилган.

«Ушбу талабларни бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин», – дейилади хабарномада.

Эслатиб ўтамиз, президент фармонига мувофиқ, II жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 млн сўмдан пул мукофоти берилади.

Мавзуга оид