Ўзбекистон | 12:25 / 28.08.2020
8445
4 дақиқада ўқилади

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш тартиби аниқлаштирилади

Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади.

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низом;
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низом;
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низом;
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Давлат ва хўжалик бошқарув органлари икки ой муддатда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги тармоқ низомларини ишлаб чиқади ва келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритилишини таъминлайди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга кўра, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • барча корхоналар учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни белгилаш;
  • меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш;
  • ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ва воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини рағбатлантириш;
  • фан, техника ютуқларидан ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибадан фойдаланиш;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш;
  • халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган низомга мувофиқ ваколатли органнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторлари ҳамда меҳнат шароитлари бўйича (бош) давлат экспертлари томонидан амалга оширилади.

Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш касаба уюшмаларининг инспекциялари томонидан амалга оширилади.

Корхонада ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишга ҳамда ишларни хавфсиз олиб боришга доир меъёрлар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш касаба уюшмаси қўмитасининг ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг ҳисобот-сайлов мажлисида (конференциясида) сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган корхоналар ва фуқаролар томонидан халқаро шартномалар ва келишувлар асосида ишлар бажарилганда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси, қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, шунингдек техник стандартларга мувофиқ кўзда тутилган меҳнат муҳофазаси талаблари қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Корхонанинг ҳар қандай даражадаги бошқарувида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатларга амал қилинишига масъул шахс корхона раҳбари ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид