Ўзбекистон | 15:15 / 26.07.2021
8989
2 дақиқада ўқилади

Президент билан учрашувдан олдин мурожаатлар статистикаси: Tадбиркорларни энг кўп қандай муаммолар қийнамоқда?

Президент августнинг биринчи ярмида тадбиркорлар билан учрашади. Шу кунгача 4 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Махсус штаб бизнес вакилларини энг кўп қийнаётган муаммолар статистикасини эълон қилди.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан олдин Республика бўйлаб тадбиркорлардан минглаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси 2021 йилнинг 20 июлидан 31 июлигача  тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ масала, ўз бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан тўғри президентга мурожаат қилиши мумкинлигини эълон қилганди.

Шу кунгача Тадбиркор ва инвесторларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича штабга 4 491 та мурожаат келиб тушган, дея хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Бундан 3603 таси индивидуал, 104 таси протестив, 787 таси тизимли муаммолар ҳисобланади.

Энг кўп мурожаатлар бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидиялар (1987 та), энг ками эса давлат харидлари (6 та) ва биржа фаолияти (13 та) бўйича келиб тушган.

Бундан ташқари, йўналишлар кесимидаги мурожаатлар статистикаси қуйидагича:

- хусусийлаштириш — 25 та;

- коррупция ва бюрократик тўсиқлар — 29 та;

- савдо, божхона-тариф ва нотариф тўсиқлар — 45 та; 

- қурилиш соҳаси — 59 та;

- солиқ тизими — 65 та;

- давлат бошқарув органлари фаолияти ва уларнинг иқтисодиётга аралашуви — 93 та;

- хусусий мулкни ҳимоя қилиш — 112 та;

- имтиёз ва преференциялар — 166 та;

- рухсатнома ва лицензия бериш, сертификатлаштириш ва бошқалар — 181 та;

- муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаси — 195 та;

- бизнесни бошлаш юзасидан ғоялар — 269 та;

- ер ва бино ажратиш масалалари — 911 та.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент вилоятидан (460 та), энг ками эса Навоий вилоятидан (120 та) келиб тушган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Шунингдек, Президент матбуот котиби Шерзод Aсадов Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг биринчи ярмига мўлжалланганини маълум қилди.

Мавзуга оид