Жаҳон | 20:02 / 02.05.2021
7493
9 дақиқада ўқилади

Эксперт: Марказий Осиё мамлакатлари минтақадаги муаммоларни мустақил ҳал қила олишади

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақада содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга маъсулиятли ёндашганликлари ҳам можарони тинч йўл билан ҳал қилишга катта ҳисса қўшди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ўз интервьюсида айтиб ўтди.

Яқинда бўлиб ўтган Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можаросига қандай изоҳ берасиз? Ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат ва улар қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

— Тожик-қирғиз чегарасидаги навбатдаги зиддият оқибатида биз учун қардош икки халқ вакилларининг қурбон бўлишига олиб келгани – фожиа бўлиб, чуқур ҳамдардлик ҳиссини юзага келтирмоқда.

Айни вақтда можаро сабаблари ва айбдорларини қидириш мавриди эмас. Бу мавжуд зиддиятни янада кучайтиради. Эндиликдаги вазифа – можаро авж олишига йўл қўймаслик, одамларни тинчлантириш, қанчалик қийин бўлмасин мулоқотга киришиб, турли провокацияларга учмасдан ва барча саъй-ҳаракатларни зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун йўналтириш лозим.

Чунки муаммонинг асл сабаблари барчага маълум. Булар – давлат чегараларининг делимитация ва демаркация қилинмагани, минтақада сув ресурсларини тақсимлашнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги ва трансчегаравий дарёлардаги гидротехника иншоотларининг ўзаро манфаатли шартлар асосида фаолият кўрсатмаслиги.

Ушбу муаммолар Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгандан сўнг янада долзарб аҳамият касб эта бошлади. Бунинг сабаби ўтган аср бошларида давлат чегаралари минтақанинг географик хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда белгилангани ва бир неча давлатларни сув билан таъминлайдиган гидротехника иншоотларининг баҳсли ҳудудларда жойлашганидир.

Натижада минтақада ўнлаб километр чегара ҳудудлари минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш учун нафақат тўсиқ, шу билан бирга, чегара можароларининг сабабларидан бири бўлмоқда.

Бу муаммо айниқса Фарғона водийси учун жуда долзарб аҳамият касб этади. Чунки ушбу ҳудудда ер ва сувдан фойдаланиш масаласи аҳолининг турмуш шароитида жуда муҳим рол ўйнайди. Ўзингиз баҳо беринг, Фарғона водийси Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудидир. Бу ерда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 15 миллион фуқароси ёки ушбу уч мамлакатнинг деярли 30 фоиз аҳолиси истиқомат қилади.

Аҳоли зичлиги 1 квадрат километрга 360 кишини ташкил қилади. Бу Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан 6 баробар, Қирғизистонга – 12 баробар, Қозоғистонга – 56 баробарга кўп демакдир.

Шу билан бирга, Фарғона водийсида истиқомат қилувчи халқлар мавжуд қийинчиликларга қарамасдан асрлар давомида тинч ва тотувликда яшаб, табиий бойликлардан умумий манфаат учун биргаликда фойдаланиб келишган ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолишига ишончим комил.

Хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари давомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича изчил йўлга қўйилган ва биргаликда чуқур ўйлаб амалга оширилаётган ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаб келган. Бунинг учун, албатта, қатъий сиёсий ирода, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва муросага тайёр бўлиш керак.

Фақат шу йўл билангина биз Марказий Осиёни тинчлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик маконига, чегараларимизни эса дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айлантира оламиз.

 Фикрингизча, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги зиддиятларни ҳал қилиш имконияти мавжудми? Ушбу жараёнда қўшни давлатлар қандай ўрин тутади?

— Албатта, бундай имконият мавжуд ва бугунги кунга келиб қуролли тўқнашувларга барҳам берилди. Томонлар мавжуд зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш мақсадида тезкор чораларни кўришди. Вазият кескинлашувининг дастлабки пайтда икки мамлакат раҳбарияти бевосита мулоқотни йўлга қўйди ва можаро янада кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини қатъий таъкидлаб ўтишди.

Шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақада содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга маъсулиятли ёндашганликлари ҳам можарони тинч йўл билан ҳал қилишга катта ҳисса қўшди. Хусусан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддат ичида қўшни давлат раҳбарлари билан икки марта телефон орқали мулоқот қилди ва уларни мавжуд зиддиятни фақат дўстона руҳда ва яхши қўшничиликга асосланган мулоқот орқали ҳал қилишга чақирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон томони юзага келган вазиятни ечишда ҳар тарафлама ёрдам беришга тайёрлиги айтиб ўтилди.

Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам низолашаётган томонларга барча баҳсли масалалар фақат музокаралар йўли билан ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлади. Қозоғистон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви формати доирасида чегара билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш механизмини ишлаб чиқиш лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Бугунги кунда Қирғизистон ва Тожикистон президентлари доимий равишда мулоқотда бўлиб, чегарадаги вазият барқарорлашувини шахсий назоратларига олишди.

Эндиликда Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари саъй-ҳаракатлари натижасида минтақада барқарорлик таъминланиши, барча баҳсли масалаларни тинч йўл, очиқ ва ишончли мулоқот орқали мустақил равишда ҳал этилиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилинди.

Шуни тан олиш керакки, шу кунларда биз, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари минтақанинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишига таҳдид соладиган умумий муаммоларни ҳал қилишда ягона ва масъулият билан ёндашаётганликларига гувоҳ бўлдик. Бу, авваламбор, Марказий Осиёда шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитининг натижасидир.

2018 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувлари, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий ишончни юқори даражага чиқишига, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланишига сезиларли ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди.

 Ўзбекистон томонидан қўшни давлатлар билан зиддиятлар юзага келмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда? Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари қандай ҳолатда?

— Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимидаги илк кунларданоқ мамлакатимиз ва умуман минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланишида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш муҳимлигини англаган ҳолда ушбу масалаларни ечишда қўшни давлатлар билан ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиб, кучли сиёсий иродани намоён этди. Тарихий қисқа вақт ичида чегаралар ва минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш каби нозик масалаларни ҳал қилишда мисли кўрилмаган ижобий натижаларга эришилди.

2017 йилнинг ўзида тарихий ҳужжат – «Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида уч мамлакат Давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳудуди тўғрисида»ги шартнома имзоланди ва бу мамлакатларнинг давлат чегараларини ҳуқуқий тартибга солиш жараёнга якун ясади. Тожикистон билан илгари делимитация қилинмаган чегараларнинг 99 фоизи бўйича келишувга эришилди. Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда навбатдаги жиддий қадам бу Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида иккитомонлама келишувлар бўлди. Унга кўра, томонлар қисқа фурсат ичида давлат чегараларини ҳуқуқий томондан белгилаб олишга келишишди.

Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мазкур соҳада барча муносабатларни тартибга солиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида ишчи гуруҳ тузилди. Шу билан бир қаторда, сув ва энергетика соҳаси масалалари бўйича конструктив ечимга эришиш учун Қирғизистон билан икки томонлама қўшма сув хўжалиги комиссиясини тузиш тўғрисида идоралараро битимни имзолашга тайёрланмоқда. Туркманистон билан ўзаро ҳамкорлик «Амударё» ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси иштирокидаги уч томонлама ишчи гуруҳ доирасида самарали ривожланмоқда.

Шу кунларда бўлиб ўтган воқеалар, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларида билдирилган ташаббуслари ниҳоятда долзарб эканлигини яна бир марта кўрсатиб ўтмоқда.

Хусусан, минтақада, биринчи навбатда, чегара ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, техноген, табиий ва экологик офатлар билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши ўз вақтида курашиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва махсус хизматлар йўналишида амалий ҳамкорликни ва ўз вақтида ахборот алмашиш механизмларини яратиш ишларини кучайтириш зарур.

Сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш соҳасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратиш муҳим.

Келажакка назар солинса, шу нарса яққол аён бўладики, буларнинг барчаси нафақат баҳсли масалалар ечими, балки минтақанинг кун тартибидан зиддият келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммоларни тўла-тўкис ҳал қилишга ва ўз-ўзидан Марказий Осиёда сиёсий ишонч даражасини оширишга хизмат қилади.

Фақатгина ушбу мураккаб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш орқали биз минтақанинг узоқ муддатли хавфсизлиги, барқарор ривожланишига, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва умумий фаровонлигимиз учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Мавзуга оид