Ўзбекистон | 21:23 / 19.09.2024
31084
6 дақиқада ўқилади

Мултфилм: Ватанга инвестиция билан қайтган тадбиркорнинг саргузаштлари

Инвестицияларсиз ривожланиб бўлмайди. Шундай экан, чет элда тажрибасини ошириб, пулини кўтариб Ватанига қайтган ўзбек тадбиркорига минг бир тўсиқ қўядиган маҳаллий мансабдорларни нима деб атаса бўлади? Kun.uz'нинг янги мултфилми мамлакат зиёнига хизмат қиладиган бу иллат ҳақида хоразмлик тадбиркор мисолида ҳикоя қилади.

Бўлажак ўзбек тадбиркори туғилди (1981 йил). Мактабни тугатди (1998 йил). Университетини битирди (2004 йил, Тошкент ахборот технологиялари университети). Халқаро магистратурада ўқиб, қишлоқ хўжалиги бўйича илмий унвон олди. Кейин институтда дарс берди.

Кейин Туркияда ўқиди. Сўнг эса шу мамлакатда тадбиркорлик қилди – турк маҳсулотларини Европа ва Осиёга экспорт қилди.

2015 йилда она юртига қайтиб, унга фойда келтиришни истади. Хоразмнинг Бекободида кунжут етиштириш учун ер олди. Кунжутни қайта ишлаб, четга экспорт қилиш лойихасини тузди ва 2016 йили янги заводни ишга туширди.

Аммо фақат 2018 йилга келибгина маҳсулотини экспорт қила бошлади. Нега? Чунки кундалик муаммолардан ташқари, у махаллий хокимият қўйган тўсиқлар ва тазйиқлар билан ҳам курашишга мажбур бўлди. Ироқ, Туркия, Россияга 800 минг долларлик маҳсулот сотганига, 60 кишини иш билан банд қилганига қарамасдан!

У маҳсулот сифатини яхшилаш учун ўз ҳисобидан тадқиқотлар қилди, олимлар билан бирга. Натижада иккита янги нав яратилди.

Кунжут – минг йиллар давомида юртимизда етиштирилган, аммо уни етиштириш маданияти салкам унутилган ўсимлик. Кунжут етиштириш кўҳна тарихини реконструкция қилишнинг ўзигина фойда келтиради – туристларни жалб қилади. Дунё бозорида ўзбек кунжутига бўлган талаб ҳақида гапирманг ҳам.

Қаҳрамонимиз кунжутдан беш хил маҳсулот ишлаб чиқара бошлади, қўшимча қиймат ҳосил қилди. Аммо бу даврда унинг... сочи оқарди...

Маҳаллий ҳокимият идоралари унга очиқчасига рейдерлик қилди. Масалан:

Кунжутни алмашлаб экиш керак, яъни бир йили кунжут эксангиз, иккинчи йили бошқа нарса экиш керак. Ўрнига шоли ёки буғдой экамиз. Ҳоким келиб, “бу ноқонуний” дейди. Аммо пахта эксак, қонуний бўлиб чиқади. Бироқ уларнинг фирмалари билан шартнома қилсак, унда хамма ишлар “қонуний” бўлиб чиқди. Ёки “туман экспорти” учун деб нақд пул берсак ҳам, ҳамма ишлар “қонуний” бўлиб чиқаверади”.

Ҳокимнинг айтгани қилинмаса, “чора” кўрилади.

Масалан:

  • сув беришмайди, натижада ҳосил нобуд бўлади;
  • экспорт миқдорининг 2 фоизи нақд пул шаклида берилмаса, яна таҳдид (батафсил – кейинги кўрсатувимизда);
  • ерларни тортиб олиш билан таҳдид қилишади;
  • паст ҳосилдор ер бўлса ҳам, пахта экишга мажбурлашади.

Бундай мисолларни Ўзбекистон бўйлаб кўп келтириш мумкин. Савол бериш пайти келди: нега мамлакатга экспорт кераг-у, ҳокимга керакмас?!

“Йўқ, менга керак!” – дейди у. Унда нега халақит қиласан?

Ўзбекистонда жуда кўпчилик ҳокимлар тадбиркорликка тўсиқ қўяди. Нега? Шу саволга жавоб беришга уриниб кўрайлик.

Мантиқни ишга соламиз.

Инсонни ҳаракатлантирувчи нарса – манфаат. Ҳамма манфаат учун ҳаракат қилади. Ҳокимлар экспортни ривожлантиришдан манфаатдор бўлишса, табиийки экспортчиларга ёрдам беришга уринишади. Демак, ҳозир кўпгина маҳаллий мутасаддиларимиз экспортни ривожлантиришдан кўра, тадбиркорларни бўғиб, коррупция орқали ўз чўнтакларини тўлдиришдан... кўпроқ манфаатдор. Демак, тизим шундай қурилганки, манфаат шу томонда. Нега унақа?

Сабаблар, яъни вариантлар ҳақида бир ўйлаб кўрамиз.

Биринчи вариант:

Ҳокимларга экспортни ривожлантириш буюрилган, аммо юқорида қандайдир мансаб эгаси бор, ва ўша кимдир “эээ, экспортни нима қиласан, кўк қоғозлардан олиб келиб тур менга, ишинг “беш” бўлади” деб турибди. Яъни ҳоким учун экспортни ривожлантиришдан кўра, тадбиркорларни “соғиб”, “сутни” ўша кимгадир олиб бориб бериб туриш манфаатлироқ, чунки шу аснода унга ҳам даромад келадиб туради, ҳам хотиржам ўзининг қинғир “ҳокимлигини” қилиб ўтиради.

Иккинчи вариант:

Ҳокимларга экспортни ривожлантириш буюрилган, аммо ҳокимларнинг умумий савия ва компетентлик даражаси ниҳоятда паст ва улар экспортни ривожлантириб, юзини ёруғ қилишдан кўра, тадбиркорларни қийнаб, пулини олиб бойишни, фермерлар ҳосил йиғим-терими ташвишида юрган бир пайтда, улар “кўк қоғоз” йиғим-терими ташвишида юришади, чунки савия бошқасини тақозо этмайди.

Учинчи вариант:

Тизимда ўзига хос коррупцион “маданият”, аниқроғи антимаданият шаклланган ва пастдагилар тепадагларга қараб ўрнак олади: “и-е, ҳамма шу иш билан шуғулланаяпти-ку” деган кайфият билан ҳатто бироз виждони бор одам ҳам ҳоким бўлгандан кейин умумий... “антимаданият”га тобе бўлади.

Албатта, бу вариантлар бир-бири билан қоришиб кетгани аниқ.

Тадбиркоримиз энди чет элда кўрганларини эслаб ўтирипти: “у ерда бошқача эди, ҳокимлар ҳам бошқача эди” деб хаёл суриб ўтирипти, оқарган сочларини силаб. Нега у ердаги ҳокимлар бошқача? Шу саволга жавоб бериш керак! Ахир, ривожланмоқчимиз-ку!

Шокир Шарипов

Мавзуга оид