Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шаҳрихондаги жинчироқлар ҳамон порламади. Кўзбўяма видеоҳисобот кимга керак эди?
Kun.uz'нинг 5 ой олдинги мақоласидан кейин мутасаддилар Шаҳрихондаги маҳаллага бориб, янги йилгача электр муаммосини ҳал қилишга ваъда беришган. Симёғоч ва трансформатор ўрнатиш ишлари бошланиб, саноқли кунлар давом этган ва матбуот хизматининг видеосъёмкасидан кейин чала ташлаб кетилган.
“Биз борган маҳаллаларда чироқ йўқ эмас, бор, лекин унинг кучи баъзан телевизорни ёқишга ҳам етмайди. Табиийки, симёғочларнинг ҳолати ҳам шунга яраша. Кучланиш пастлигидан электр жиҳозлари куяди, асаблар таранглашади, масъулларнинг қишгача деган ваъдалари муддати яна чўзилади...”
Беш ой олдин “Яна жинчироқда қиш ўтказамизми?” сарлавҳаси остида эълон қилган мақоламизни юқоридаги сатрлар билан бошлаган эдик. Унда Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги Баркамол авлод маҳалласида электр таъминоти аянчли ҳолда экани ҳақида ҳикоя қилгандик.



Мақола эълон қилингач, эртасига “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” мутасаддилари маҳаллага етиб келиб, муаммони ҳал этишга урина бошлашади. Корхонанинг расмий Telegram-каналида “Энди жинчироқлар порлай бошлади” сарлавҳаси остида видеомақола чиқарилади.

Шаҳрихон электрчилари раҳбари Тоҳиржон Ёқубов: “Ўн кун ичида муаммолар ҳал этилади. Янги йил куни порлаган чироқда ўтирасизлар”, дея қуюқ ваъда берган. Унинг гапига ишонган аҳоли ўша куни қарсакнинг зўрини чалган эди. Бироқ орадан 5 ой ўтиб, баркамол авлодликлар яна бетўхтов қўнғироқ қилишини қўйишмади. Биз яна ўша маҳаллага бордик.
Афсуски, маҳаллага ҳали мутасадди айтган янги йил келмабди. Электрчилар уч кундан сўнг ишни чала ташлаб кетишган экан.
“Янги йил”ни кутиб юрибмиз”
Маҳаллага борганимизда бизни 50 чоғли эркак ва аёллар кутиб турган экан. Уларни узоқ тинглашимизга тўғри келди.


“Ўтган йилнинг декабр ойида келиб кетганинглардан сўнг, электрчилар келиб иш бошлашди. Бетон таянчлар ўрнатиб сим тортишди. Битта кўчамизда жадал иш кетди. Ўзларининг матбуот хизмати келиб, биздан интервю ҳам олди. Биз суюнганимиздан роса гапириб ҳам бердик. Шаҳрихон электр тармоқлари бошлиғи: “Ўн кунда иш тугайди, янги йилга чироқлар ёнади”, деса ишонибмиз. Қайси янги йил эканини айтишмаган экан. Съёмкалар тугагач, кетишди. Қайтиб уларни кўрмадик.

Тинимсиз телефон қилавериб зада бўлдик. “Эрта бўлади, индин бўлади” дейишади холос. Ҳатто телевизор кўра олмаймиз: ток пастлигидан ёнмайди”, – дейди Эркинбой Маҳмудов.
Эркинбойнинг хонадонига кирдик. Ҳақиқатда ток кучи шу даражада пастки, телевизордаги тасвир бижир-бижир бўлиб, тасвир аниқ кўринмас экан.

Аёлларнинг электр можаросидан фиғони фалакда экан. Ахир улар учун олинган – кир ювадиган машина, совитгич, дазмол каби уй жиҳозлари электрда ишлайди-да.
“Нега электрчилар ишни бошлаб чала ҳолда ташлаб кетишди, тушунмай қолдик. Электрчилар ўн кун ишлашди.

Ўн кунда чироқларимиз порлаб ёнишига ваъдани қуюқ беришганди. Иккита кўчага симёғоч ўрнатгач, қайтиб келишмади. Тинимсиз мурожаат қилиб юрибмиз. Бефойда. Кир машина, “духовка”, дазмол ишламаса, биз аёлларга қийин. Ваъдалар қани? Нега бажарилмайдиган бўлса ваъда беришади? Қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаяпмиз”, дейди Маҳфуза Тиллаева.
Раъно Мамажонова, Наргиза Абдуллаевалар электрчилар муаммоларни янги йилгача ҳал қиламиз дея ҳаммани ишонтириб, сўзларини устидан чиқмаганини таъкидлашди. Ўшанда олиб келиб ўрнатилган трансформаторга сим уланмай, кабелларни кутиб турибди.


“Вилоят ва туман ҳокимларини юзини танимаймиз. Сабаби телевизоримиз ток пастлигидан кўрсатмайди. Яна қанча шу аҳволда яшаймиз, бошимиз қотган”, –дейди улар.
Хонадонларга кириб чироқларни ёқиб кўрдик. Аҳвол жуда оғир эди. Дазмол, музлатгичсиз бугунги кунда яшашнинг ўзи қийин. Баркамол авлод маҳалласи аҳли эса замонавий техникадан фойдаланмай яшаш мумкинлигини исботлай олганлардан. Айниқса, дарс тайёрловчи ўқувчиларга қийин экан.


Бу сафар “Ҳудудий электр тармоқлари”мутасаддиларидан изоҳ сўрамадик. Сабаби, бажарилмайдиган ваъда берилгани билан наф йўқ. Беамал ваъдалар ортидан шаҳрихонликлар бу қишни ҳам жинчироқда ўтказишмаса бўлгани...
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
21:37 / 13.12.2025
Андижонда 80та янги авлод электробуслари аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади
14:39 / 09.12.2025
Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди
08:30 / 07.12.2025
Сомсахоналарда рейд, инверсиянинг тугаши ва мундиалдаги рақиблар — ҳафта дайжести
19:38 / 04.12.2025