Ўзбекистон | 16:31 / 16.07.2025
5995
2 дақиқада ўқилади

«Ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ» — Сурхондарёда Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари машғулот бошлади

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, 10 кун давом этадиган машғулотларга махсус бўлинмаларнинг 400 га яқин шахсий таркиби жалб қилинган. Россия контингенти таркибида эса разведка ва FVP дронлари экипажлари, шунингдек, Ми-24 зарбдор вертолётларидан иборат авиагуруҳ мавжуд.

Фото: Россия мудофаа вазирлиги

14 июль куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари иштирокида «Ноқонуний қуролланган тузилмаларни яксон қилиш бўйича қўшинлар махсус ҳаракати» мавзусида «Ҳамкорлик-2025» ўқув машғулотлари очилди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотлар «Термиз» умумқўшин полигонида 10 кун давом этади.

Ўқув машғулотларига 400 га яқин ҳарбий хизматчилардан иборат махсус бўлинмалар жалб қилинган бўлиб, Россия томони ўзининг ҳарбий техникалари билан иштирок этмоқда.

«Икки давлат ҳарбий хизматчилари жанговар вазиятда бўлинмаларни ҳамкорликда бошқариш, давлат чегараси дахлсизлигини таъминлаш ва шартли душманни йўқ қилиш каби турли махсус топшириқларни олиб боришади», дейилади расмий баёнотда.

Фото: Ўзбекистон мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлигига кўра, 10 кун давом этадиган ўқув машғулотлари икки давлат ўртасида имзоланган ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, машғулот давомида ҳарбий бўлинмалар қуйидаги ҳаракатларни бажарган ҳолда ўзаро ҳамкорликни машқ қилади:

  • давлат чегарасини бузган қуролли ноқонуний гуруҳларни аниқлаш ва йўқ қилишда бўлинмаларни бошқариш;
  • чегара ҳудудларида иншоот ва позицияларни эгаллаб олган ноқонуний қуролли гуруҳларни йўқ қилиш;
  • умумқўшин бўлинмалари томонидан эгалланган иншоот ва позицияларни қайта назоратга олиш;
  • душманнинг кичик гуруҳларига қарши кураш олиб бориш;
  • жангарилар томонидан эгаллаб олинган аҳоли пунктини штурм қилиш ва тозалаш операциясини ташкил этиш.

Россия томони контингентининг асосий қисмини Марказий ҳарбий округнинг Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий базаси аскарлари ташкил этади. Улар таркибига тоғ-штурм бўлинмалари, радиоэлектрон кураш мобил гуруҳлари, разведка учун мўлжалланган учувчисиз учиш аппаратлари ва FVP дронлар экипажлари, шунингдек, Ми-24 зарбдор вертолётларидан иборат авиагуруҳ киради.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид