Ўзбекистон | 09:00 / 25.07.2022
21605
8 дақиқада ўқилади

“Зўр бўламан – денг! Бизга энг зўр кадрлар керак!”

Халқаро фан олимпиадалари ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу – математика, физика, кимё, биология ва шу каби яна бир қанча фанлар бўйича ўтказиладиган дунёдаги энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади. Унда ҳар йили 150га яқин мамлакатларнинг юзлаб иқтидорли, юқори билимга эга ёшлари иштирок этади. 1997 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Халқаро математика олимпиадасида қатнашишни бошлаган ва шундан бери ўзини кўрсатиб келмоқда. Шу вақтгача бу танловда жами 39 та медал: 10 та кумуш, 29 та бронза медаллари қўлга киритилган.

Аммо бу рақамлар ҳали етарли эмас, олдинда бундан-да юқори кўрсаткичлар қайд этилиши керак. Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров мана шу мақсад йўлида бир қанча ишларни олиб бормоқда. Қаҳрамонимиз қилаётган ташаббуслари орқали Ўзбекистоннинг таълим тизимини яхшилаш ниятида.

Янги ҳоким ва “Ғиждувон олимпиада терма жамоаси”

2021 йил 12 августда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Ашуров Ғиждувон туманига янги ҳоким этиб тайинланди. Шу вақтдан бошлаб, у мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратишни бошлади ва дастлаб ҳокимлик биносидаги ўзи учун ажратилган хонани “Олимпиада терма жамоаси” учун бўшатиб берди.

“Олимпиада терма жамоаси” учун ҳокимлик биносидаги ҳоким хонаси

Терма жамоа шакллантирилди

Халқаро миқёсдаги олимпиадада қатнашиш ва унда фахрли ўринларни эгаллаш осон эмас, демак, “Ғиждувон олимпиада терма жамоаси”га кучли ёшлар танланиши керак. Шу сабабли дастлаб туманнинг 67 та мактабидан ўқувчилар саралана бошланди.

Бу жараёнда барча мактабнинг 7-синф ўқувчилари физика ва математика фанларидан 3 босқичда имтиҳон топширишди. Аввалига тест синовлари, кейин ёзма шаклда масала ечиш ва энг сўнгги, учинчи босқичда суҳбат жараёни бўлди. Шулардан муваффақиятли ўтган 30 нафар бола жамоага қабул қилинди.

Ўқитиш жараёни ўтган йилдан бошлаб юборилган. Ҳозирда болалар билан ҳудуднинг энг яхши мутахассислари олимпиадага мўлжалланган ўқув қўлланмалари асосида шуғулланиб, инглиз тили, физика ва математика фанларини чуқур ўргатишмоқда. Натижага 2 йилда эришиш, яъни биринчи йил республика фан олимпиадаларида ютиш, кейинги йили эса халқаро майдонга чиқиб, олтин медалларни қўлга киритиш мақсад қилинган.

Ҳали бу муддат ўтганича йўқ, шундай экан ҳозирча ўқувчиларга омад тилаган ҳолда жараённи кузатаверамиз.

Бундан ташқари, ҳокимнинг яна бир лойиҳаси кўпчиликка манзур бўлди.

Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров

Талабалик ва “репетитор”ликка тайёргарлик

Гап шундаки, Ғиждувондаги барча оилалар ҳам ўз фарзандини қўшимча дарсга бера олмайди. Чунки бунга моддий шароит йўл қўймайди. “Олимпиада терма жамоаси” лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида ўқувчиларни талабаликка, ўқитувчиларни эса “репетитор”ликка тайёрлаш бошланди.

Бунда 14 та мактабнинг салоҳияти унча юқори бўлмаган устозлари репетиторлар томонидан ўқитилди. Уларнинг билими ва тажрибаси оширилгач эса ўқитувчилар “репетитор”лик қилишни бошлашди.

Эътибор қаратиладиган бўлса, бу ерда “бир ўқ билан бир нечта қуён урилган”ига гувоҳ бўлиш мумкин. Яъни ўқитувчилар ўз устиларида ишлаб, билимларини оширмоқда ва бу орқали қўшимча даромад олишмоқда. Ўқувчилар эса ўзларининг мактабларидаги унча қиммат бўлмаган қўшимча дарсларга қатнашиб, талабаликка тайёргарлик кўришяпти.

Ота-оналар мактабларда навбатчилик қилишмоқда

Самарадорликни ошириш мақсадида Ғиждувон ҳокимлиги мактабларда ота-оналар навбатчилигини ҳам йўлга қўйди. Бунда ҳар бир ўқувчининг ота-онаси жадвал асосида дарсларда кузатувчи бўлиб иштирок этмоқда. Бу орқали улар фарзандларининг фанларни қай даражада ўзлаштираётганини кузатиб бориши, қолаверса, ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳорати билан ҳам танишиб бориши мумкин.

Бунинг натижасида тумандаги 52,5 минг ўқувчидан карийб 18 мингтасининг ўзлаштириш самарадорлиги ошди. Улар қўшимча дарсларга ҳам қатнай бошлашди.

“Репетитор”ларга қатнайдиганларнинг сони ортгани сайин жойларнинг етишмовчилиги ҳам кузатилиши табиий. Бу муаммони бартараф этиш учун ҳудудлардаги эски уйлар таъмирланиб, ўқув маркази сифатида фаолияти йўлга қўйилди. Айни вақт у ерда кўплаб ёшлар илм олиш билан банд.

Шунингдек, Ғиждувон ҳокимининг ташаббуси билан мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, олийгоҳга киришни, ўқишни истаганларга бепул дарс ҳам берилмоқда.

“Ҳоким олимпиадаси”

Мактабларда ҳар чоракда “Ҳоким олимпиадалари” ташкил этилаётгани ҳам болаларнинг билимини янада мустаҳкамламоқда. Боиси, бу мусобақа йилига 4 маротаба ўтказилади. Доимий ва такрорий равишда ўтаётган танловда 5-9 синф ўқувчилари инглиз тили, тарих, физика, математика фанларидан тестларни ечиб, шу йўсинда пишиб боришяпти.

Бир ойда 2 та китоб, битта саёҳат

Туман ҳокимининг яна бир қилган ажойиб ташаббуси китобхонлик акцияси бўлди. Бунда ўқувчилар шунчаки берилган узун-узун рўйхатни эмас, балки синфлар кесимида берилган 2 тадан адабиётни бир ойда ўқиб тугатиши ва кенгашнинг саволларига жавоб бериши керак бўлади.

Яхши жавоб берган ва эътибор билан асар ўқиганини исботлаган ўқувчилар Ўзбекистоннинг турли жойларига саёҳатга олиб борилмоқда. Барча харажатлар туман ҳокимлиги ҳисобидан қопланади.

Эътибор қаратсак, бу жараёнда болалар саёҳат қилиш учун бир ойда 2 та китоб ўқишга муваффақ бўлишяпти. Ҳар ойдан ҳисоблаганда, бир йилда уларнинг сони қанчага етиши мумкин? Албатта, талайгина бўлади.

Бу ишлар давомида яна бир катта масала юзага келган. Ўқишни, талаба бўлишни истамайдиган ўсмирлар, битирувчилар масаласи… Хўш, бу бўйича нималар қилинди, сизнингча?

“Ўқимасалар, касб ўргансин!”

Таҳлилларга кўра, Ғиждувондаги 3 минг 362 нафар ёш ОТМга киришни, 201 нафари турли соҳалардаги техникумларда ўқишни ҳамда 363 нафари эса ҳунар ўрганишни танлаган. Жами 564 нафар битирувчининг ҳозирча келажак ҳаёти учун аниқ бир мақсад қўймагани маълум бўлган.

Шерзод Ашуров мана шу мактаб битирувчилари билан учрашди. Суҳбат давомида улар ўқишни эмас, балки ҳунар эгаси бўлишни танлашгани маълум бўлди.

Шерзод Ашуровнинг фикрича, ҳар бир инсон у илм-фан соҳасида кетадими ёки касб-ҳунар ўрганадими, изланиши ва олий таълим олиши зарур.

Касб-ҳунарда бўлса ҳам маълум даражадаги мутахассис бўлишни хоҳлаган қизлар тикувчилик цехига ишга жойлаштирилди.

Мактаб ўқувчисининг яхши таълим олиб, ОТМга кирганининг ўзи етмайди. Бу жараёндаги кейинги қадам, яъни яхши ишга жойлашиш жуда муҳим. Туман ҳокими Шерзод Ашуров битирувчи талабаларнинг бу борадаги режаларини билиш мақсадида ОТМга борди ва ёшлар билан суҳбатлашди.

Ғоя бошқалар билан улашилмоқда

Ғиждувоннинг қарийб бир йиллик тажрибаси самарали ўтгач, унинг харидорлари кўпайиб қолди. Бухоронинг бир қанча туманлари билан бирга, умуман бошқа вилоятлардаги мактаблар ҳам Ғиждувонга келиб, таълимдаги лойиҳаларни ўргана бошлашди.

Бу орада туманда ёш рассомлар танлови ҳам ўтказилди. Унда 500 нафардан ортиқ ижодкорлар қатнашди. Танловда илк маротаба суратларнинг кимошди савдоси ташкил қилиниб, бу орқали 300 дан ортиқ суратлар қарийб 20 миллион сўмга сотилди.

Йил давомида яхши натижаларга эришган мактабларнинг директорлари  рағбатлантирилди. Уларга "Хумсон санаторияси"га дам олиш учун имконият тақдим этилди. Шунингдек, ўқув йили якунига кўра, энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 3 нафар мактаб директори Дубайга борадиган бўлди.

Биласизми, нима? Энг яхши инвестиция бу – таълимга киритилганидир. Чунки у эртага бир неча юз баробар кўпроқ бўлиб қайтиб келади.

Мавзуга оид