Ўзбекистон | 22:33 / 05.11.2019
8525
3 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеП Ўзбекистонни энг кўп сайёҳ борадиган ўнта давлат қаторига киритмоқчи

5 ноябрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IX съезди бўлиб ўтди.

Унда партиянинг ўтган 5 йилликдаги фаолияти сарҳисоби, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган режалар, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда партия Сиёсий кенгаши аъзолари, депутатлар ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқиб, партиянинг ўтган даврдаги фаолияти ва келгуси режалар борасида ўз фикрларини билдирди. Жумладан, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитовга кўра, партия жорий йилнинг декабрида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

Актам Ҳайитов

«Ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида янги форматдаги тарғибот акциялари ташкил қилиняпти, шунингдек, партия PR-кампания давомида ўз ғоя ва мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланяпти. Партия ташкилотлари ходимлари, фаолларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқувлар тизимли равишда ўтказиляпти. Партиямиз жиддий сиёсий имтиҳонга пухта ҳозирлик кўряпти. Зеро, бу йилги сайловлар «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида бўлиб ўтади», дейди у.

Партия лидери ўз нутқида шунингдек, ЎзЛиДеПнинг келгусидаги режаларига ҳам тўхталди. Унга кўра,  

– 2020-2025 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқиш;

– Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, мамлакатни дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 10та давлатлари қаторига киритиш;

– қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва жадал ривожлантириш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2035 йилгача 4 баравар ошириш;

– қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ҳамда етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришни партия ўз олдида турган муҳим вазифалар деб ҳисоблайди.

Съездда партия Сиёсий кенгашининг 85 кишидан иборат янги таркиби, шунингдек, Олий Мажлис депутатлигига 150 нафар номзод тасдиқланди.

Мавзуга оид