Ўзбекистон | 17:23 / 04.05.2020
50249
2 дақиқада ўқилади

Сартарошхоналар, меҳмонхоналар ва таксилар. Андижонда бир қанча соҳалар фаолиятига рухсат берилди

 Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 4 май куни ўтказилган йиғилишда вилоятда жами 3750та субъект фаолиятини тиклаш зарурлиги ҳақида маълум қилди.

«Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан, 4 май кунидан вилоятдаги 508та транспорт уюшмаларидан 82тасидаги лицензияга эга бўлган 4700дан ортиқ енгил автомобилларга кунлик санитария талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритишга рухсат берилди», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

 Бундан ташқари, вилоятдаги сартарошхона ва гўзаллик салонлари санитария талаблари асосида ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда солиқ идоралари ходимлари назорати остида фаолиятини давом эттиради.

 Шунингдек, вилоят ҳудудидаги 25та меҳмонхонанинг ҳар бирига санитар врачларни жалб этган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат берилган.

 «Бироқ, пандемия даврида касаллик тарқалишининг олдини олишни тўлиқ назорат қилиш имконияти йўқ бўлган жами 1096та, шундан, 459та умумий овқатланиш корхоналари (етказиб бериш хизмати асосида ишлаш бундан мустасно), 115та тўйхона, жамоат транспортлари (автобус, микроавтобус) мавжуд бўлган 426та йирик транспорт уюшмалари, 24та нодавлат-нотижорат ўқув марказлари, 72та буюм бозорлари ва савдо комплекслари фаолияти Республика комиссияси томонидан алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар вақтинча чеклаб турилади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид