Ўзбекистон | 12:32 / 17.03.2021
11652
3 дақиқада ўқилади

Вакцинадан ташқари ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлашни ҳам давом эттириш шарт - ЖССТ вакили

Ўзбекистонга AstraZeneca (Covishield) вакциналарининг навбатдаги партияси шу йилнинг май ойида келтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда UNICEF’нинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде Kun.uz мухбирига берган интервьюсида маълум қилган.

UNICEF’нинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде

«Навбатдаги партия май ойида келади. Бу вакцинадан жами 2,3 миллион доза келади. Бугун 660 минг доза қабул қилиб олдик. Бошланишига аҳолининг 3 фоизини қамраб олиш назарда тутилган. Мақсадимиз эса йил охиригача (аҳолининг) 20 фоизини қамраб олишдир», деган у Тошкент халқаро аэропортидаги тадбир вақтида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили доктор Лианн Куппенс нормал ҳаёт тарзига қачон қайтилишини кутиш мумкинлиги бўйича гапирган.

ЖССТ вакили Лианн Куппенс

«Бу жуда ҳам яхши ва шу билан бирга мураккаб савол. Бу дунё етакчилари, шунингдек, жамиятга, одамларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Вакциналар расман жуда ҳам муҳим – ҳа. Лекин улар етарли эмас. Ихтиёримиздаги вакциналар, шу жумладан, биз кутиб олганимиз бугунги вакцина AstraZeneca якка ўзи туриб беролмайди.

Вакциналарни қўллаш билан бирга ниқоб тақиш, қўлни дезинфекциялаш ва ижтимоий масофани сақлашни ҳам давом эттириш шарт. Демак, вакциналар яхши, лекин эпидемияни тугатиш учун етарли эмас. Бунга вақт ҳам керак. Яъни биз инқирознинг ўртасида турибмиз. Дунёнинг ҳар бурчагида шикастланишлар ошиб бораётганини кўряпмиз. Ўзбекистонда касалланиш кам эканлиги бахтимиздир. Коронавируснинг аслидан бироз бошқача бўлган штаммлар Ғарбий Европада кенг тарқалиб, у ердаги соғлиқни сақлаш тизимини фалаж қиляпти. Янги штаммлар Марказий Осиёга ҳам аста кириб келяпти. Бинобарин, биз огоҳ бўлишимиз ва тайёр туришимиз зарур», деган у.

Шунингдек, вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги борасидаги шубҳалар ва хавотирлар бўйича изоҳ берилди.

«Одамлар қўрқмаслиги керак. ЖССТ фавқулодда фойдаланишга рухсат берган вакциналар жудаям синчковлик билан таҳлилдан ўтган. ЖССТ учун энг муҳими хавфсизлик, самарадорлик ва сифатга ишонч ҳосил қилишдир. Хавфсизлик дегани ножўя таъсирлар билан боғлиқ. Албатта ножўя таъсирлар бўлади – бош оғриғи, қўлдаги оғриқ. Лекин аксари жуда кичик ножўя таъсирлар бўлади.

Жуда ҳам ёмон ножўя таъсирлар бир-икки ҳолатларда учраб туради. AstraZeneca вакцинаси чинакам кучли, хавфсиз ва самарали эканига ЖССТнинг ишончи комил ва унинг сифати жуда ҳам яхши. Биз Ўзбекистон аҳолисини талаб доирасида приоритетларга кўра эмлашда давом этамиз деб умид қиламиз. Аввал тиббиёт ходимлари, қариялар...

ЖССТ ўлароқ ҳукумат ва соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлаш равон кечиши учун барча нарсани муҳайё қилганидан биз фахрланамиз ва хурсандмиз», дейди у.

Мавзуга оид