Иқтисодиёт | 19:37 / 23.08.2025
9325
7 дақиқада ўқилади

Korzinka'дан OLX'гача: сўнгги ойлардаги энг йирик бизнес битимлари

Охирги 5 ой ичида Ўзбекистондаги хусусий бизнес олами бир қатор йирик инвестиция ва олди-сотди битимларига гувоҳ бўлди. Korzinka хориждан 110 млн доллар, Uzum эса қарийб 70 млн доллар инвестиция жалб қилди. Click акциядорлари 247 млн долларлик битимлар асосида Tengebank билан кучларни бирлаштирди. Грузиянинг TBC экотизими ўз таркибига OLX Uzbekistan ва BILLZ'ни қўшиб олди.

Ню-Йорк фонд биржаси Korzinka'ни 110 млн долларлик инвестиция билан табрикламоқда.

Korzinka'нинг 110 млн долларлик инвестиция битими

1 апрел куни Ўзбекистондаги энг йирик чакана савдо компанияси – Korzinka супермаркетлар тармоғи 110 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб қилаётганини эълон қилди. Хусусий компаниянинг бундай кўламдаги сармоя келишуви – Ўзбекистон учун ноёб ҳолат. 10 июн куни инвестиция киритиш жараёни муваффақиятли якунлангани маълум қилинди.

Сармоя киритган инвесторлар – Abu Dhabi Uzbek Investment вa UzOman молиявий ташкилотлари. Бу Korzinka тарихида Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2020 йилда киритган инвестициядан кейинги иккинчи йирик сармоядир.

Компания релизига кўра, инвестиция кўп каналли чакана савдо моделининг тезкор ўсишига йўналтирилади. Хусусан, супермаркет форматидаги мавжуд етакчилик мавқейини мустаҳкамлаш, Korzina Mahalla кичик форматли дўконлар тармоғини кенгайтириш ва Korzina Go электрон тижорат лойиҳасини ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, маблағ 2025 йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши режалаштирилган 49 минг квадрат метр майдонга эга янги тақсимот марказини қуриш учун ҳам сарфланиши режа қилинган. Логистика марказини қуриш учун 2024 йилнинг октябр ойида Германия инвестиция ва ривожланиш жамиятидан ҳам 25 млн доллар маблағ жалб қилинганди.

Янги сармоялар туфайли Korzinka ўрта муддатли истиқболда дўконлари сонини мингтадан оширишни режалаштиряпти. Ҳозирда тармоқ дўконлари сони 150 тадан ортиқни ташкил этади.

Click ва Tengebank кучларни бирлаштиради

Click асосчиларидан бири ва бош директори Улуғбек Рустамов ҳамда Halyk Bank раиси Умут Шаяхметова

Июл ойининг охирида рақамли тўловлар бозори етакчиларидан бири Click компанияси ва Қозоғистоннинг энг йирик банки Halyk Bank ўртасида келишув имзоланди.

Битим шартларига кўра, Қозоғистон компанияси Click'нинг 49 фоиз улушини 176,4 млн долларга сотиб олади. Ўз навбатида, Click акциядорлари Halyk Bank'нинг Ўзбекистондаги шуъбаси бўлмиш Tengebank'нинг 49 фоиз улушини 60,76 млн долларга харид қилади. Ўзаро улуш алмашинуви доирасидаги битимнинг умумий қиймати 237 миллион долларга тенг.

Бу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлайдиган ягона рақамли экотизим пайдо бўлиши кутиляпти. Битим доирасида Click тўлов компанияси 360 млн долларга, Tengebank эса 124 млн долларга баҳоланди.

Маълумот учун, Click ўз фаолиятини 2011 йилда бошлаган ва Ўзбекистон бозорига телефон орқали (аввалига USSD-сўров шаклида) тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш орқали кириб келган. 2025 йилнинг биринчи ярмида тўлов ташкилотининг соф фойдаси 154,7 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,2 фоизга ошди.

TBC'нинг харидлари: OLX Uzbekistan ва BILLZ

Грузиянинг TBC гуруҳи Ўзбекистонда 2020 йилда банк очган, кейинчалик Payme тўлов тизимини икки босқичда сотиб олганди. 2025 йилда TBC'нинг Ўзбекистондаги портфелига BILLZ ва OLX Uzbekistan ҳам қўшилди.

Июн ойи охирида TBC Bank Group Ўзбекистондаги чакана савдони автоматлаштириш бўйича энг йирик SaaS платформалардан бири – BILLZ'нинг назорат пакетини сотиб олди.

Битим қиймати 12 млн долларгача бўлиб, биринчи босқичда 53 фоиз акция 9 млн долларга харид қилинди. Икки йил ичида банкнинг улуши 60 фоизгача ошади. Шу тариқа, BILLZ'нинг қиймати 20 млн долларга баҳоланди. Стартап ўз бренди остида фаолиятини давом эттиради, бироқ TBC Uzbekistan экотизимига қўшилади.

BILLZ 2017 йилда пайдо бўлган ва 2020 йилда Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Sturgeon Capital фондидан 150 минг доллар миқдорида институционал инвестиция жалб қилишга эришган. Ўша пайтда умумий қиймати 800 минг доллар атрофида баҳоланган компания баҳоси 5 йил ичида 25 баробарга қимматлашди.

TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани ҳамда BILLZ асосчиларидан бири ва бош директори Рустам Ҳамдамов

BILLZ билан келишув TBC учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон Марказий банки микрокредитларга нисбатан талабларни кучайтирмоқда. Унга кўра, банклар портфелида микроқарзлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. Шу пайтгача асосан чакана кредитлаш билан шуғулланиб келган TBC эса эндиликда BILLZ мижозлар базасидан фойдаланиб, кичик ва ўрта бизнес сегментидаги ўз мавқейини мустаҳкамлаш ва кредит портфелини диверсификация қилиш имкониятига эга.

21 август куни Грузия банки мамлакатдаги энг йирик онлайн эълонлар платформаси – OLX Uzbekistan улушларининг назорат пакетини ҳам сотиб олаётганини эълон қилди. TBC битим учун Titan Investments халқаро инвестиция ҳолдинг компанияси билан қўшма корхона тузган. OLX Uzbekistan акцияларининг 100 фоизи қўшма корхонага ўтади. TBC ундаги назорат пакетига (50 фоиз + 1 акция), Titan Investments эса қолган улушга эгалик қилади.

Сотувчи томон – Нидерландиянинг Prosus гуруҳига кирувчи OLX Group. Битим қиймати очиқланмади, аммо TBC'нинг расмий релизида Ўзбекистоннинг охирги 30 йиллик тарихидаги энг йирик концентрация битимларидан бири ҳақида гап кетаётгани айтилади.

Банк маълумотларига кўра, olx.uz – Ўзбекистондаги сайтлар орасида энг кўп одам кириши бўйича олтинчи ўринда туради – ойига 5,4 млн фаол фойдаланувчи ва 2,2 миллионта актуал эълон бор. Савдо хизматлари, товарлар, автомобиллар ва кўчмас мулк платформаси мамлакат фаол интернет аудиториясининг 20 фоиздан ортиғини қамраб олади. OLX ўз бренди остида ишлашда давом этади, бироқ келажакда у TBC Uzbekistan экотизимига интеграция қилинади.

Uzum – 1,5 млрд долларлик компания

Август ойи бошида Ўзбекистондаги йирик рақамли экотизим – Uzum Хитойнинг IT гиганти Tencent ҳамда VR Capital халқаро инвестицион фондидан қарийб 70 млн доллар жалб қилди.

Келишувларда 2024 йил март ойида якунланган биринчи раунднинг лид-инвестори бўлмиш FinSight Ventures ҳам иштирок этди. Бу сармоя натижасида Uzum'нинг бозордаги баҳоси тахминан 1,5 млрд долларга етди.

Жалб қилинган маблағлар экотизимнинг ўз финтех-инфратузилмасини ривожлантириш, маҳсулотлар қаторини кенгайтириш, электрон тижорат ечимларини такомиллаштиришга йўналтирилади.

Маълумот учун, Uzum экотизими – Ўзбекистондаги энг йирик маркетплейсдан ташқари, рақамли банк, бўлиб тўлаш ва таом етказиш сервислари, шунингдек, автомобил олди-сотди платформасини ўз ичига олади.

Мавзуга оид