08:35 / 07.10.2015
16916

Кун.uz “Энг яхши янгиликлар сайти” номинацияси ғолиби бўлди

6 октябрда “Туркистон” саройида ёшлар ўртасида “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган саккиз юздан ортиқ интернет сайт муаллиф ва ишлаб чиқувчилари қатнашди. Жумладан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисидаги энг яхши сайт”, “Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт” ва бошқа йўналишларда ғолиблар аниқланди.

“Энг яхши янгиликлар сайти” номинацияси тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бугун мамлакатимизда интернет-журналистика соҳаси жадал ривожланиб, веб-нашрлар ўртасида кенг аудиторияни жалб қилиш бўйича рақобат тобора кучайиб бормоқда. Танловда кўплаб янгиликлар сайтлари иштирок этгани ҳам шундан далолат беради. Ана шу номинация бўйича йилнинг энг яхши сайти «Кун.uz» деб эътироф этилди.

Мамлакатимизда интернет-журналистикани ривожлантириш, Ўзнет сайтларининг ёшлар учун жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Танловда ғолиб бўлганимиз миллий интернет сегментини муҳим ва қизиқарли ахборот билан янада бойитишга ундайди. – дейди «Кun.uz» янгиликлар сайти раҳбари Мақсуджон Асқаров.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, сайтнинг бу даражада юксак эътироф этилишига унинг доимий ва кенг қамровли ўқувчиларининг ҳам ҳиссаси бениҳоя каттадир.

Миллий интернет танлови ғолиб ва совриндорларига диплом ва мукофотлар топширилди.

Top