23:27 / 06.09.2016
22472

Трамп Обаманинг Осиёда кутиб олинишидан ҳайратланди

Фото: © AFP

АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп АҚШ президенти Барак Обамага Осиёга ташрифи вақтида кўрсатилган қабулдан ҳайратда эканини айтди.  

Обама дастлаб Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида "катта йигирматалик" саммитига келган, сўнгра Лаосга жўнаган.

Трампнинг фикрича, Обама Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Сурия бўйича тараққиётга эриша олмаган. Унинг айтишича, Обама келиша олишни билмайди.

"Президент Обама ва Путин Сурия бўйича келишувга эриша олмадилар – бунинг нимаси янгилик? Обама умуман келишишни билмайди. У фақатгина ёмон битимлар туза олади!", деб ёзди Трамп твиттерда.

Трамп шунингдек ташкилий хатоликлар туфайли Обаманинг самолётига Ханчжоуда трап берилмагани ва у самолёт думидаги кичкина захира зинасидан тушганини ҳам эслаб ўтди. Лаосда эса Обама Филиппин президенти Родриго Дутерте уни қўпол равишда танқид қилгани учун у билан учрашувини бекор қилган.

"Хитой биринчи рақамли бортга қизил гиламли трап бермади, сўнгра Филиппин президенти Обамани сўкди. Даҳшат!", деб ушбу ҳолатларга изоҳ берди Трамп. Трампнинг айтишича, у Обама ўрнида бўлганда, шундай "илтифотдан" кейин самолётни ортга буриб, ташрифни бекор қилган бўларди. 

 

Top