10:22 / 26.09.2016
4520

Ҳиндистон Покистон билан сув бўйича шартномасини қайта кўриб чиқиши мумкин

Ҳиндистон 18 сентябрда 18 нафар ҳинд ҳарбийси ҳаётига зомин бўлган террорчилар ҳужумига жавобан Исломобод билан сув ресурсларини тақсимлаб олиш бўйича шартномасини қайта кўриб чиқиши ва Покистон ҳудудига сув оқимини камайтириши мумкин. Бу ҳақида NDTV телеканали ҳукуматдаги манбаларига асосланиб хабар берди. 

Манбага кўра, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шу жумладан сув ресурлари вазири ҳамда ташқи ишлар вазири иштирокида мажлис ўтказади. Мажлисда Покистонга босим ўтказиш ҳамда Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатларидаги террорчи гуруҳлар ҳаракатини тўхтатиш учун сув оқими назоратидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинади. Нью-Дели масалани бир томонлама кўриб чиқадиган бўлса, бу Жанубий Осиёдаги вазиятни кескин ўзгартириши мумкин.

18 сентябрь куни террорчиларнинг Жамму ва Кашмирда базасини ўрнатган ҳинд пиёда аскарларига уюштирган ҳужуми натижасида 18 нафар ҳарбий ва 4 нафар террорчи ҳалок бўлган. Бу Нью-Дели ва Исломобод ўртасидаги шусиз ҳам мураккаб муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Ҳиндистон ҳукуматининг маълум қилишича, террорчилар "Жаиш-и-Муҳаммад" гуруҳига мансуб бўлишган ва мамлакатга Покистон томондан киришган: ҳарбий операцияда йўқ қилинган экстремистларда Покистон белгиси бўлган буюмлар топилган. 

Top