14:40 / 27.09.2016
22930

«Темур тузуклари» веб-сайт кўринишида тақдим этилди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлигида Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш Маркази — UzInfocom ташаббуси билан соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асари фойдаланувчиларга веб-сайт кўринишида тақдим этилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2011 йилда Амир Темур таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Ислом Каримов таклифига биноан давлат раҳбари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, мамлакат ва армияни бошқариш тамойиллари ўз ифодасини топган асар давлат раҳбарининг сўзбоши остида нашр этилган эди.

Веб-сайтни фойдаланувчилар учун қизиқарли ва қулай ишлаб чиқишда юқорида келтирилган нашрнинг матни ҳамда Амир Темур ва «Темур тузуклари» асарига ишланган миниатюралар, рангли иллюстрациялар ва суратлардан фойдаланилган.

Мазкур манба орқали Амир Темур биографияси, унинг ҳаётига оид қизиқарли маълумотларни ўқиш ёки юклаб олиш мумкин.

«Темур тузуклари» саҳифаси Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг Амир Темур ҳақида айтган сўзлари  билан бошланади.

«Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Айнан мана шундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асарида ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган», — дейди Ислом Каримов  Амир Темур «Темур тузуклари» асари ҳақида.

Шунингдек, веб-сайтда «Темур тузуклари» асари ҳақидаги қимматли мақола ва қизиқарли маълумотларига кенг ўрин берилган. Аҳамиятлиси, маълумотлар фойдаланувчилар учун қулай, замонавий шаклларда тақдим этилишига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур веб-сайт «Темур тузуклари», «Солнома», «Эҳтиром», «Қизиқарли маълумотлар» бўлимлари ҳамда «Фотогалерея» ва «Мундарижа»га эга.

Top