12:27 / 28.09.2016
56976

Ўзбекистонда алкоголли маҳсулотлар сотиш қоидалари қаттиқлаштирилди

Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда UzReport хабар берган.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги ҳолатларда алкогол маҳсулотлари сотиш тақиқланади:
— савдо автоматлари орқали;
— болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортиментига кирувчи бошқа товарларни имитация қилувчи (шуларга ўхшатиб ишланган бўлса) алкоголли маҳсулотлар.

Бундан ташқари, савдо қилинаётган жойларда 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголли маҳсулотлар сотишга йўл қўйилмайди, шунингдек, алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлиши шарт қилиб белгиланган.

Алкоголли маҳсулотларнинг тарасида (товар-буюм жойланадиган ёки ўраладиган қоғоз) алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига зарарли таъсир қилиши тўғрисида матн ва (ёки) сурат шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам уларни сотиш мумкин бўлмайди.

Яна бир қўшимчага кўра, "Алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилаётган сотувчи 20 ёшдан кичикроқ кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулот сотишни рад этиши" шарт ҳисобланади.

Top