Жамият | 16:17 / 01.12.2016
12698
5 дақиқада ўқилади

Атамбаевдан ҳисобот: Амалдорлар, коррупция, ислоҳотлар, муҳожирлар ва ўз қўшиқлари ҳақида

Фото: 24.kz

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2016 йил якунларини сарҳисоб қилди. Бунга бағишланган матбуот анжуманида давлат раҳбари 3 соатдан ортиқ вақт давомида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарган.
 
Мамлакатнинг тўғри йўли ҳақида
«Бизга қанчалик танқид ёғдиришмасин – биз бошқа мамлакатни яратдик. Эндиликда амалдорлар соябонлар олиб юришга мажбурланмайди. Биз тўғри йўлдан кетаётганимизни баралла айтишим мумкин».
 
Коррупция ҳақида
«Фикримча, Қирғизистонда коррупция билан кураш янги даражада олиб борилмоқда. Мен мамлакат умуман бошқа эканини кўриб турибман. Бироқ коррупция билан доимий кураш олиб бориш зарур. Бугунги кунда бундай курашнинг янги босқичига ўтмоқдамиз».
 
Яқин Шарқдан муҳожирлар ҳақида
«Қирғизистоннинг қочқинларни қабул қилиши ҳақида биринчи марта эшитиб турибман. Бундай қонун бизда тайёрланганидан бехабарман».
 
Турк мактаблари ҳақида
«Мен «Себат» муассислари билан таълим Вазирлиги бўлиши ҳақида келишиб олдим. Ҳар эҳтимолга қарши. Улар оддий мактаблар бўлади. Фақат номи «Сапат» деб ўзгартирилиши мумкин. Уларни ёпмаймиз».
 
Суд ислоҳоти ҳақида
«Ислоҳот ҳали узоқ давом этади. Референдумдан сўнг жиддий ўзгаришлар бўлиши аниқ».
 
Петр Порошенкони чув туширишгани борасида
«Бунинг ҳеч кулгили жойи йўқ» (россиялик пранкерлар Алексей Столяров (Lexus) ва Владимир Кузнецов (Вован)нинг Порошенкони чув туширишгани ҳақида)
 
Ўз қўшиқлари ҳақида
«Менда ҳали жуда кўп қўшиқ бор! Атиги 4-5 трекдан сўнг шунча шов-шув келиб чиқди!».
   
Журналистлар борасида
«Баъзи журналистларга умуман маълумот керак эмас. Журналистика эмас, балки пиар билан шуғулланувчилар бор. Улар менга керак эмас».
 
Нима ҳақида гапириш мумкин эмас
«Ҳаммасини сизга айтиб бера олмайман. Давлат сири деган нарсалар ҳам бор», - дея маълум қилди президент Кишиневга бўлган норасмий ташрифи ҳақида.
 
Туризм ҳақида
«Қирғизистонни 2-3 йилдан кейин ҳеч ким танимай қолади. Туризм соҳасидаги имкониятларимиз чексиз. Бироқ давлат камроқ аралашиши, бизнесменларни камроқ текшириши керак. Аксинча тадбиркорларга ёрдам бериш зарур».
 
Акаев ва Бакиев ҳақида
Алмазбек Атамбаев аввалги раҳбарларга маслаҳат беришдан кўра, бўлажак президентларни ҳалол ва очиқ ишлашга чақирди.

Ўзининг янги уйи ҳақида
«Мен ўз пулимга уй қуришга ҳаққим бор. Ҳаммасини тоза йўл билан қилганман».
 
Ўзининг энг катта ютуғи ҳақида
«Энг асосий ютуқ Қирғизистоннинг мустақил давлат бўлганидадир. Аввал нафақат вазирлар, бош вазирлар Россия вазирлари қабулида соатлаб ўтиришган. Энди эса биз ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишимиз мумкин. бунинг барчаси Қирғизистон манфаатларига мос тушади».

Ҳарбий базалар ҳақида
«Ўйлашимча, «Ганси» базаси юзасидан ҳаммасини тўғри қилдик. Бу кимгадир ёқмаслиги мумкин. Биз Россия билан ҳам доим стратегик шерик бўлиб қоламиз. Бироқ Қирғизистон фақатгина ўз кучига таяниши лозим».

Арзон хитой кредитлари ҳақида
«Хитойдан бошқа ҳеч ким бундай кредитларни бермайди. Бизда бошқа вариант ҳам йўқ».
  
Сайловлар ҳақида
«Мен келажакдаги президентларга қараяпман. Ким раҳбар бўлишини ўзим ҳам билмайман. Омурбек Бабанов ва Бакит Торобаев тизимли ишлашмоқда. Айнан улардан бири президент бўлиши мумкин».

Шериклар борасида
Қирғизистон президенти Россия ва Хитойни давлатнинг стратегик шериклари, деб атади. «Европа эса бизга парламент демократияси томон қадам ташлаганимиз сабаб яқиндир», - таъкидлаб ўтди Алмазбек Атамбаев.
 
Давлат раҳбари иши ҳақида
«Тўғрисини айтганда ўтган 5 йил 25 йилдагидек тасаввур уйғотади. Аммо ҳеч нарсадан афсусланмайман».

Халқ ҳақида
«Кучсиз халқ фақатгина қийинчилик ва хавфни кўради. Кучли халқ эса бунда янги имкониятларни кўради».

Мавзуга оид