Жамият | 08:38 / 10.02.2017
5282
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг энг кекса аёли 114 ёшида вафот этди

АҚШнинг энг кекса аёли Адель Данлап 114 ёшида вафот этди, деб маълум қилди Fox News телеканали. 

Данлап энг кекса америкалик аёл номига бор-йўғи бир неча ойгина эгалик қилди. Бу фахрли ва улуғ ном ўтган йил июлида 113 ёшли Голди Микелсон вафот этганда унга ўтганди. Статистикачиларнинг маълумотларига кўра, энди АҚШнинг энг кекса аёлига Пенсильвания штатида яшовчи Делфин Гибсон айланди.

Телеканалнинг таъкидлашича, Данлап 1902 йил 12 декабрда Ньюаркда (Нью-Жерси штати) дунёга келган. Бироқ унинг ўзи ёшини "кичрайтириб" кўрсатган. У ўз ҳаётида иккита жаҳон уруши, Буюк тушкунлик ва бошқа кўплаб воқеаларнинг гувоҳи бўлган, 20 нафар президентнинг бошқарувини бошидан кечирган. 

Адель ўзининг узоқ умр кўриши сирини билмаслигини айтиб келган. Онахон турмушга чиққунча мактабда дарс берган, бироқ турмушга чиққач бутун вужудини оила ва 3 фарзанд тарбиясига бағишлаган. Данлап ўзининг марҳум турмуш ўртоғидан 54 йил кўпроқ яшаган.