Иқтисодиёт | 18:06 / 10.02.2017
6328
2 дақиқада ўқилади

Давлат рақобат қўмитасида ЕТТБ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 8-февраль куни Давлат рақобат қўмитасида Қўмита раҳбариятининг Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) Марказий Осиё ва Россия бўйича ижрочи директори Наталия Ханженкова бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди

Мазкур ташрифнинг мақсади: хусусийлаштириш, монополияга қарши тартибга солиш, корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини янада такомиллаштириш борасида Давлат рақобат қўмитаси ва ЕТТБ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этиш. 

Бўлиб ўтган учрашувда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрни ва улушини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қабул қилинаётган бир қатор Фармон ва Қарорларида ўз аксини топаётгани эътироф этилди.

Учрашувда Қўмита масъул ходимлари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш дастурига хорижий инвесторларни жалб этишнинг муҳимлиги ва аҳамиятини қайд этган ҳолда, учрашув қатнашчиларига Қўмита фаолиятининг асосий йўналишлари - хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини такомиллаштириш, монополияга қарши тартибга солиш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича батафсил маълумотлар бердилар. 

Ўз навбатида ЕТТБ делегацияси томонидан республикада кечаётган хусусийлаштириш жараёнларида, корпоратив бошқарув, қимматли қоғозлар бозори, рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари тўғрисида фикрлар билдирилди. 

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган масалаларни ҳал этиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Мавзуга оид