Жаҳон | 12:11 / 10.02.2017
8705
2 дақиқада ўқилади

Си Цзиньпин Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди

Хитой раиси Си Цзиньпин Америка президенти Дональд Трамп билан ўтказган телефон орқали мулоқотида Вашингтон билан савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. У, шунингдек, АҚШнинг “ягона Хитой” сиёсатига содиқлигини юқори баҳолаган. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар қилмоқда. 

"Биз Америка томони билан савдо, инвестиция, энергетика, инфратузилмалар қурилиши соҳаларида ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича алоқаларни кучайтириш ва мувофиқлаштиришга, биргаликда халқаро тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз", — деган Си Цзиньпин.

Хитой телевидениесига кўра, Дональд Трамп "ягона Хитой сиёсати" ўтказилишининг муҳимлигини эътироф этган ҳолда, АҚШ ҳукумати бу қоидага қатъий амал қилишига ваъда берган. ХХР раиси, ўз навбатида, Трампнинг бу баёнотини юксак қадрлашини айтар экан, айни шу жиҳат Хитой-Америка муносабатларининг сиёсий пойдевори эканини таъкидлаган. 

Икки давлат раҳбарлари қалин алоқани сақлаб қолишга ҳамда тез орада шахсан учрашишларига умид билдиришган. 

Мавзуга оид