Жаҳон | 09:49 / 17.02.2017
34320
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россия муносабатларига нима халақит бермоқда?

АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба кунги матбуот анжуманида ОАВларни “ёлғон хабарлар” туфайли танқид қилиб, “ёлғон репортажлар Россия билан келишувга эришиш имкониятини мураккаблаштираётганини” маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, “ёлғон янгиликлар” телевизорда доимий равишда берилмоқда. Хусусан, Трамп сайловолди штабининг Россия билан алоқалари ҳақидаги хабарларни “тентаклик”, “ёлғон”, “фирибгарлик” ва “қопқон” деб атади. Трампнинг маълум қилишича, ёрдамчилари ёки давлат раҳбарининг хорижий етакчилар билан телефон орқали мулоқоти тафсилотларининг сизиб чиқишга сабаб бўлган муаллифлар матбуот билан биргаликда “уялишлари керак”.

Шунингдек, Трампнинг таъкидлашича, “Россия билан алоқани яхшилаш истагида экан”, гарчи унинг сўзларига кўра бу “сиёсий жиҳатдан унчалик яхши эмас”. Бундан ташқари, у икки давлат ўзаро келиша олишига ишончи комил эмас. Шу билан бир қаторда, у Ҳиллари Клинтонни Россия билан муносабатларни “қайта йўлга қўйгани” ҳамда “мамлакатнинг 20 фоиз уранини бериб юборганликда” айблади. Трамп “қайта йўлга қўйишни” эса “аҳмоқона пластик тугма”, деб атади.

“Мен Россия учун ҳеч нарса қилмаганман ва ҳеч нарса қилмайман. Агарда биз алоқаларни яхшилай олсак, бу ижобий нарса бўларди. Бизда Рекс Тиллерсон (АҚШ давлат котиби – таҳ.) каби улар билан учрашадиган истеъдодли инсон бор”.

Америка давлати раҳбарининг таъкидлашича, унинг Москвага нисбатан анча қаттиққўл сиёсатни олиб бориши енгилроқ бўларди.

“Мен Россияга қанчалар қаттиққўл муносабатда бўлсам, бу шунчалик яхши. Аммо биласизми нима? Мен америкаликлар учун яхши нарсаларни қилмоқчиман. Ростини айтсам, бутун жаҳон учун яхши нарсаларни қилишим иккиламчи”, - деди АҚШ президенти.

Шунингдек, Трампнинг таъкидлашича, Россия ва АҚШ – бу иккита қудратли ядро давлатлари бўлиб, “ядро қирғини”га ҳеч нарса билан бас келиб бўлмайди.

“Агарда бизда яхши муносабатлар бўлса, бу ёмон эмас, балки яхши бўлади, менга ишонаверинг”, - дея қўшимча қилди Трамп.

Бундан ташқари, АҚШ президенти ОАВда Қўшма Штатлар қирғоқлари яқинида Россия ҳарбий кемасининг гўёки пайдо бўлгани  ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

FoxNews телеканали пайшанба куни ўз номини ошкор этмаган америкалик манбага асосан, Россия ҳарбий-денгиз кучларининг “Виктор Леонов” жосуслик кемаси Виргиния штатидаги Норфолк порт-шаҳри яқинида пайдо бўлганини хабар берди. Амалдорнинг сўзларига кўра, кема Норфолкдан тахминан 65 денгиз миляси шимоли-шарқдаги халқаро сувларида бўлган. Телеканал маълумотига кўра, АҚШ ҳудудий чегараси қирғоқдан тахминан 22 километрлик масофадан ўтади.

“Мен қилишим мумкин бўлган энг яхши иш – бу қирғоқдан 30 миль узоқликда бўлган ўша кемага ўт очишдир. Мамлакатимиздаги барча: “О! Бу жуда зўр!” деган бўларди. Аммо бу зўр эмас. Мен Россия билан муносабатларни яхшилаш тарафдориман”, - дея маълум қилди Трамп.

Мавзуга оид